КУЛОЛЧИЛИК

КУЛОЛЧИЛИК

КУЛОЛЧИЛИК

Сурхон воҳасида энг қадимий ҳунарлардан бири кулолчилик ҳунаридир. Кулолчилик ҳунарининг ўлкада юксак даражада ривожланганлигини Сополлитепа вa Жарқўтон ёдгорлигида олиб борилган археологик изланишлар жараëнида топилган нафис сопол буюмлар хам исботлаб турибди.Сополлитепа ва Жарқўтон сопол буюмлари кулолчилик чархида ясалган бўлиб, ўзининг бежиримлиги ва жарангдорлиги билан диққатга сазавордир. Кулолчилик хунари воҳанинг барча худудларида қадимдан халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб, юксак даражада ривожланган. Жумладан Эски Термиздаги куполлар маҳалласи бир неча гектарни ташкил этган. Ўрта асрлар шароитида ишлаб чиқарилган мис кўзачалар факатгина Термиз кулолчилигига хос бўлган. Сурхон воҳаси кулолчилиги асосан 2 турга бўлинган. Улар косагарлик ва кўзагарликдан иборат бўлган. Биринчи турга ёйиқ шаклда ишланган идишлар кирган. Уларнинг катта қисмини турли ҳажм ва атамаларга эга булган товоқлар ташкил этган. Ундан ташқари таом ва ичимликлар, сут маҳсулотлари шокосалари ҳам киради. Иккинчи турга баланд буйлик турли ҳажм ва шаклга эга булган идишлар киради. Улар сув солинадиган кўзалар, маҳсулот саклайдиган кенг оғизли идишлар, туваклар ва бошқалардан иборат. Сурхон воҳасида косагирлик гурухига кирувчи идишларга: сирланган кўзагарлик ва сирланмаган идишлар кирган. Воҳада кичик ҳажмли идишлар ҳам ишлаб чиқарилган. Булар туздон, чироқ ва шамдонлар бўлган. Кўзагарлик гуруҳига оид идишларга, кенг оғизли, болдоқсиз туваклар, сув ва сут солинадиган кўзалар характерлидир. Хўжалик ишлари учун мўлжалланган йирик ва ёйиқ тоғоралар ишлаб чиқарилган. Хумлар ва хурмачалар сут ва сув махсулотларини сақлашда ишлатилган. Кулоллар болалар уйинчоқлари, айниқса шувуллоқ ясашда ҳам машҳур бўлган. Куполлар- коса, товоқ, хум, пиёла, кўза, офтоба, тувак ва турли шаклдаги шувиллоқ (ҳуштак)ларни бозорларга чиқарган. Ҳуштаклар орасида чумчуқсимон такасимон, қўчқорсимон ва найсимонлари кўпрок ясалган. Шерободда Абдурайим кулол, Бойсунда Қоар жебачи кулоллар машҳур бўлган. Кулолларнинг дўкони одатда уйнинг бир хонасида ëки ҳовли яқинида жойлашган. Дўкондаги ишлаб чиқариш қуроллари асосан хумдон ва чархдан иборат бўлган. Кулолчилик чархи халқа шаклидаги иккита катта-кичик тахта вертикал ўқдан иборат бўлиб, ўқнинг пастки қисми тош ёки ёғочдан ясалган тагдош (тош кунда)га ўрнатилган. Юқори томонидан кичик ёғоч диск (каплачарх)ўрнатилган. Уста ўтирғич (отëгоч)да ўтириб, пастки катта дискни оёғи билан айлантириб юқоридагисига лой қўйиб идиш ясайди. Идиш тегишли шаклга келгач, чархдан пичоқ ёки ўроқ билан кесиб олинади ва қуритилади, сўнгра хумдонда пиширилади. Кулоллар устахонасида буёқ ва сир тайерлаш учун турли ҳажмдаги қозон, қўл тегирмони (ёрғучоқ) элак, мўйқалам, махсус пичоқ (кажкард) ва бел бўлган. Кулоллар катта хумларни қўлда ясашган. Косаларни безатишда тўқ, яшил, зангори, феруза ранглар айлана-доира шаклида чизиб чикилган. Доира шакли коинот, табиат тимсолини англатган ва улар доимо ҳаракатда, ҳайвонот ва набодот олами қуршовида деб тушинилган. Воҳа кулолчилигида тандирсозлик ҳунари ҳам муҳим ўрин тутган. Тандирлар 2 хил усулда ясалган. Биринчи усулда ердан қолип қазиб, тандир шу қолипда ясалган, иккинчи усулда эса бир ёки икки пеш лой олиниб ёгочдан ясалган товонча ва сополдан пиширилиб ясалган чундак билан бир бирига туташтириб қўлда ясалган. Воха кулолчилик анъаналари ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, сайқал топиб келган. Шу боисдан ҳам воҳада уста кулоллар, тандирсоз усталар кўплаб етишиб чиқган.