Ҳалқимиз турмуш тарзининг юксалишида халқ оғзаки ижодининг аҳамияти катта бўлиб, унинг муҳим йўналиши бўлган достончилик асрлар давомида ривожланган. Достонлар- қаҳрамонлик, жангнома,тарихий, романтик, маиший турмуш йўналишларини ёритувчи турларга бўлинган. Жумладан, достонлар: қаҳрамонлик ("Алпомиш", "Фарҳод ва Ширин"), саргузашт-дедектив ("Сабъаи сайёр»), ишқий-романтик ("Тоҳир ва Зуҳра", "Лайли ва Мажнун"), жангнома ("Юсуф ва Аҳмад", "Садди Искандарий"), тарихий-мемуар ("Шайбонийнома", "Жиззах қўзғолони"), фалсафий ("Ҳайрат ул-аброр"), фантастик-аллегорик ("Лисон ут- тайр"), дидактик ("Қутадғу билиг") каби воқеликларни ифодалаган. Қаҳрамонлик достонларида халқ, жамият такдири тасвирланса, ишқий-романтик достонларда ошиқ-маъшуқларнинг саргузаштлари бош ўринда туради. Тарихий-мемуар ёхуд тарихий-биографик достонларда бирор тарихий шахслар рамзийлаштирилиб, бўрттириб тасвирланади. Умуман, достонларда идеаллаштириш, муболағали тасвир устун бўлади, уларда турли афсоналар, асотирлар, ҳикоятлар, дев, пари, Хизр, аждар, ажабтовур отлар ("Алпомиш"даги Бойчибор), сеҳр-жоду кўп иштирок этади. Фольклордаги достонлар билан ёзма адабиётдаги достонлар шакл-шамойили жиҳатидан бир хил кўринишда бўлса-да, ёзма адабиётдаги достонлар ёзувчининг дунёни ўзига хос тарзда идрок этиши, баҳолаши ва ўз фикр-ғоялари, орзу-армонларини ифодалаш тарзи, усули, услубида фарқланади. Гарчанд, Навоийнинг аксар достонлари, жумладан, "Лайли ва Мажнун", "Садди Искандарий" асарлари асосида фольклор мавзуи турган бўлса-да, шоир уларни ўз эстетик қарашлари ва бадиий ниятидан келиб чиқиб, тубдан қайта яратган.Халқ достонлари бахши,достончи,халқ шоирлари томонидан дутор, дўмбира ва бошқа чолғу асбоблари жўрлигида ижро этилади. Бахши-халқ достонлари, термаларини куйловчи, уларни ёдда сақлаб, наслдан-наслга етказувчи санъаткордир.Бахши сўзининг маъноси муғулча ва бурятча бахша, бағша-устод, маърифатчи, санскритча бҳикшу-қаландар, дарвеш деган маънони беради. Мўғуллар истилоси даврида будда динидаги қаландарларни, уйғур алифбоси асосида турли ҳужжатлар тузувчи идора ходимларини, Чиғатой улуси, Олтин Ўрда, Қозон ва Қрим хонликларида котибларни, Бобурийлар давлатидаги ҳарбий қисмларнинг ҳисоб-китоб ишларини олиб борувчи ва уларга маош тўловчи йирик амалдорларни, Бухоро амирлигида маъмурий бинолар қуришда маблағ (сарф-харажат) ҳисобини олиб борувчи кишиларни, туркманларда уруғ оқсоқолларини ҳам бахшилар деб атаганлар. XlX-XX асрларда достончилик Сурхондарё ва Қашқадарё воҳаларида, Хоразмда ҳамда Самарқанд вилоятида кенг ривожланган. Бу даврда достон куйловчи бахшилар репертуарида 150 дан ортиқ халқ достонлари бўлган. Халқ орасида Йўлдошбулбул, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пулкан, Ислом шоир, Берди бахши, Бола бахши, Аҳмад бахши каби достон куйловчилар машҳур эди. Фавқулодда хотира кудратига эга бўлган Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни ўз ичига олганлиги халқ бахшиларининг катта салоҳиятга, кучли хотирага, ёд олиш ва эсда сақлаш қобилиятига, ижод қилиш қудратига эга бўлганлигидан далолат берар эди. Фозил Йўлдош ўғли 60 та, Эргаш Жуманбулбул ўғли 50 та достонни ёддан айта олганлар, бахшиларнинг баъзилари фақат достон айтса, баъзилари ўзлари ҳам достонлар тўқиганлар. Достон айтиш учун махсус кечалар уюштирилган, туй- ҳашамлар ҳам бахшиларсиз ўтмаган, тингловчилар бахшини тўрга ўтказиб, уни диққат билан тинглаганлар. Иқтидорли достончилар икки-уч кеча мобайнида достон куйлай олганлар, чунки достонларнинг ҳажми ҳам икки- уч кеча муттасил ижро этишни тақозо этган. Бахшилардан Шерназар Бердиназар ўғли етти кеча давомида достон айта олган. Достончилик кечаларига ташриф буюрган бахшилар ўз иқтидорлари, сўзга чечанлиги, соз чалишдаги маҳорати билан ўзаро беллашганлар. Минтақада ўзига хос анъаналарга эга бўлган достончилик мактаблари шаклланган. Айниқса, Булунғур, Нарпай, Қўрғон, Хоразм, Шаҳрисабз, Шеробод каби йирик достончилик мактаблари машҳур бўлган. Улар репертуарлари, услуби, маьлум ижод тамойили ва ижро усулларига кўра бир-биридан ажралиб турган. Бахшилар, асосан, икки тоифага: ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлинади. Ижрочи бахшилар, асосан, устоздан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан айнан куйласалар, ижодкор бахшилар оғзаки эпик анъана асосида янги достонлар ҳам яратадилар. Бундай бахшилар шоир бахшилар деб ҳам юритилади, масалан Эргаш шоир, Фозил шоир, Пўлкан шоир, Абдулла шоир, Хидир шоир ва бошқалар. Бахшилар достон ва қўшиқларни қўбиз, дўмбира, дутор каби созлар жўрлигида куйлайди. Хоразм бахшилари достонларни асосан, дутор, қисман тор билан ижро этадилар, уларга ғижжак ва созчилар жўр бўлади.Достон куйлаш, шогирд етиштиришда қатъий тартиб, қонун-қоидаларга риоя қилинади. Сурхондарё бахшичилик мактаби ўзига хос таъсир кучи,йўналиши,овозига эга бўлиб, бу мактибдан Ўзбекистон халқ бахшилари етишиб чиқган.Улардан, Бойсунлик бахшилар, Шоберди бахши Болтаев (2000 й),Абдуназар бахши Поёнов (2003 й), Сариосиёлик Бобораҳим бахши Маматмуродов ( 2005 й), Қора бахши Умиров (2008 й), Хушбоқ бахши Мардонақул ўғли (2013 й), Расул бахши Умиров (2015 й), Шодмон бахши Хўжамбердиев (2016 й), Чори бахши Умиров (2017 й) лар "Ўзбекистон халқ бахшиси" унвони соҳиби бўлишган. Шеробод достончилик мактаби номоёндаларига қуйидагилар киради: Шерназар бахши Бекназар ўғли, Шотўра Юзбоши Бойқул ўғли, Мардонақул бахши Авлиёқул ўғли,Чорша бахши Раҳматуллаев ва бошқалар.