СУРХОН ВОҲАСИДА АНЪАНАВИЙ СПОРТ ТУРИ БЎЛГАН КУРАШ ҲАҚИДА

СУРХОН ВОҲАСИДА АНЪАНАВИЙ СПОРТ ТУРИ БЎЛГАН КУРАШ ҲАҚИДА

СУРХОН ВОҲАСИДА АНЪАНАВИЙ СПОРТ ТУРИ БЎЛГАН КУРАШ ҲАҚИДА

Миллий ва анъанавий спорт тури бўлган кураш-жаҳон давлатларининг юксак маънавий қадриятларидан бири саналади. Археологик ва этнографик тадқиқотларга кўра курашнинг ёши 2,5-3000 минг йилдан ошиқ тарихга эга. Сурхондарё, Зарафшон воҳалари ҳамда Фарғона водийсининг бир қатор қадимги аҳоли манзилгохларидаги ноёб топилмалар, қояларга битилган тасвирий санъат намуналари ҳам бунга тўлиқ мисол бўла олади. Жумладан, Панжикентдан топилган курашаётган икки паҳлавоннинг деворий расми Суғдиёна давлатчилигига, яъни ўрта асрлар даврига оид ноёб ёдгорлик саналади. Шундай ашёлардан яна бири цилиндр шаклидаги сопол идиш бўлиб, у қадимги Бақтрия (Жанубий Ўзбекистон) ҳудудидан топилган. Унинг бир парчасида икки курашчи ва улардан бирининг ўз рақибини оёғидан чалаётгани тасвирланган. Яна бир идиш гардишидаги ҳайкалчаларда ҳам паҳлавонларнинг қўлларини кўтариб курашга шайланаётган ҳолати тасвирларган. Бу идишлар бронза даврига оид бўлиб, у курашнинг тарихи 3,5 минг йил эканлигини кўрсатади. Этнографларнинг тадқиқотларига кўра энг қадимги ривоят, эртак ва достонларда ҳам кураш ҳақида лавҳалар учрайди. Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари бўлмиш "Алпомиш", "Гўруғли", "Авазхон", "Рустам", "Тўлғаной", " Кунтуғмиш " каби достонларда хам паҳлавонлар кураши мадҳ этилиб, эпчил ва чаққон, зукко ва донолари улуғланган. "Кураш" сўзи ҳалол усул билан мақсадга эришиш деган маънони билдиради. Кураш-спорт тури белгиланган қоидага мувофиқ икки спортчининг яккама-якка олишувидир. Тадқиқотларга кўра Мовароуннаҳрда IX-XVI асрларда халқ сайллари, маҳаллий аҳолининг турли маросимлари, Наврўз байрамларида кураш мусобақалари ўтказилган. X асрда яшаб ўтган араб географи ва сайёҳи Муқаддасий ўз асарларида Мовароуннаҳрнинг Марв, Самарқанд, Бухоро, Балх сингари йирик шаҳарларида тез-тез кураш олишувлари бўлиб ўтганлигини таъкидлайди. Шарқ адабиёти дурдоналари ҳисобланмиш "Шоҳнома", "Қобуснома", "Зафарнома", "Бобурнома", "Абдулланома", "Девони луғотит турк" сингари асарларда ҳам полвонлар сийратию қиёфасига оид ёрқин чизгилар, уларнинг маънавий оламини безовчи сержило рангин тасвирлар, таърифу-тавсифлар акс этган. Алишер Навоий ҳазратлари хам курашдан, унинг довруғини етти иқлимга таратган полвонлар баҳсидан ҳузурланган. Шу боис кўплаб асарларида пахлавонлар ҳаёти ва фаолиятига оид ажойиб-ғаройиб воқеалар, лавҳаларни ёзиб қолдирган. Кураш қадимги даврдан Юнонистонда кенг тарқалиб, олимпиада мусобақаларида асосий спорт тури сифатида ўз ўрнига эга бўлган. Миллий курашнинг хилма-хил кўринишлари Греция, Италия, Япония, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия, Ўзбекистон, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда мавжуд. Кураш спортининг асосий қоидалари XVIII аср охири XIX аср бошида Европанинг бир неча давлатларида ишлаб чиқилган.1912 йилда Халқаро ҳаваскорлар кураш федерацияси (FILA) тузилди. Ҳозирги кунда унга 144 та давлат аъзо (Ўзбекистон 1993-йилда аъзо бўлган). Чоризм даврида (XIX аср охири, XX аср бошида) Фарғона водийсида Аҳмад Полвон, Хўжа Полвонлар машҳур бўлган. Бироз вақт ўтиб, улар фаолиятига чек қўйилган. Чоризм истилоси ва шўролар даврида ўзбек миллий кураши халқ турмуш тарзидан суний равишда сиқиб чиқарилган. XX асрнинг 90-йиллари охирида бундай ҳаракатларга барҳам берилди. 1998-йил 6-сентябрида Лотин Америкаси, Европа ва Осиё қитъасининг 28 та давлатидан келган вакиллар иштирокида Тошкентда бўлиб ўтган таъсис конгрессида Кураш Халқаро Ассоциацияси (KXA) тузилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўзбек миллий кураши дунё давлатлари томонидан муносиб кутиб олинди. Ўзбек спорти-кураш бўйича Америка, Африка, Европа, Осиёнинг қатор давлатларида чемпионат- турнирлар ўтказилмоқда. Сурхондарёда ўтказиб келинаётган ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнири (2010 йилгача 9 марта ўтказилган) ўзбек курашини жаҳонга танитди. 2020-йил 4-ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг "Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4881 сонли қарори чиқди. Унга кўра 2025-йилгача кураш-миллий спорт турини янги босқичга олиб чиқиш, 2028-йилгача Халқаро олимпиа қўмитаси томонидан олимпиа спорт тури сифатида тан олинишига ҳамда Халқаро олимпиа ўйинлари дастурига киритилишига эришиш масаласи қатъий қўйилган.