Тарихдан бизга маълумки, чавандозлик қадим қадимдан аждодларимиздан бизга етиб келган,оммавий спорт турларидан бири саналади.Чавандоз баҳодир йигитлар ва уларнинг отлари ҳақида: Семуруғ ва Бунёд, Сиёвуш, Алпомишнинг Бойчибор Гўрўғли, Авазхоннинг Ғирот тулпорлари ҳақида достонларда, қизлар ҳақида эса, Тўмарис жасорати, қирқта канизаги билан отда юрган малика,қирқта жангчи-чавандоз қизлар,Ойбарчин ҳақида афсоналар, ривоятлар етиб келган. Истеъдодли бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг "Қундуз ва Юлдуз" достонида бир лавҳа бор: "Авазхон душман аскарлари билан жанг қилиб,кўпини қириб ташлайди.Охири ўзи ярадор бўлиб,ҳушдан кетиб қолади.Шунда унинг оти Ғирот ўз соҳибининг белбоғидан тишлаб тоққа олиб чиқиб кетади.Ёв уни қувиб етолмайди. Авазхон ҳушига келиб кўзини очиб қараса Ғирот тепасида кўз ёш тўкиб турганмиш. Шунда Авазхон Ғиротни:" Жоним Ғирот,молим Ғирот, сени минган топгай мурод"деб эркалаган экан. От олис сафарларда,жангу- жадалларда, Ватанни босқинчи душманлардан ҳимоя қилишда йигитнинг энг яқин дўсти, жон йўлдоши, ҳамроҳи бўлган.Қадимда от ўргатувчилар "Аспжаллоб" яъни отни ўзига жалб этувчи, отнинг ёши, зоти, феъл-атворини яхши билувчилар "Синчи" деб аталган. Шу билан бирга от аҳоли турмуш тарзида асосий транспорт воситасини бажарган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам чопқир отларни жуда қадрлаган.Чунки отлар жангларда,узоқ сафарларда унинг содиқ дўсти, ҳамроҳи бўлган. Саркардани неча бор ўлимдан, душманларнинг қилич ва найзаларидан асраб қолган. Амир Темур даврида чавандозларнинг мартабаси улуғ бўлган.У ўзининг "Темур тузуклари" да сипоҳий (оддий отлиқ аскар) ларга улуфа (ҳарбийларга бериладиган ҳақ, маош) бериш тўғрисида: "Оддий сипоҳийларга ўз вазифасини ўринлатиб бажариш шарти билан маоши минган отининг баҳосида, баҳодирларнинг маоши эса икки от баҳосидан тўрт от баҳосигача тайин қилинди"деб айтади. Бундан кўринадики,Амир Темур чавандоз баҳодирларни алоҳида ҳурмат қилган.Уларнинг оти ҳам учқур,баҳоси йўқ бўлгани учун отининг 3-4 баробар нархида маош белгилаган. Темурий шаҳзодалар ҳам чавандозлик,ҳарбий санъат бўйича махсус ўқитилган. Шоҳ ва шоир, давлат арбоби Заҳириддин Мутаммад Бобур бир вақтнинг ўзида бир неча отлар устида югуриб, яъни отдан-отга сакраб ўз чавандозлик маҳоратини кўрсата олган Умар Ҳайём ўзининг "Наврўзнома" асарида от ва унинг фазилатлари ҳақида ёзиб, "Тўрт оёқлилар ичида отдан яхшиси йўқ, чунки у ўтловчи тўрт оёқлиларнинг подшоҳидир"деб келтирган. Форслар отни "боджон"(елжон), румийлар" бодпой"(шамол оёқли), турклар "қутлуғ-қадам" ва "Бахтиёр этувчи", ҳиндлар" тахти равон", араблар "Ердаги Буроқ" деб атаганлар. Айтишларича, қуёш гардунини кўтариб юрувчи фаришта "алус" деб аталувчи от суратида эмиш. Афридундан сўрадилар: "Эй шох! Нега сен отда юрмайсан?" У жавоб берди: "Яздонга етарли даражада миннаддорчилик билдира олмайман деб қўрқаман". Кайхусрав айтдики:"Менинг подшоҳлигимда отдан қимматлироқ нарса йўқ". Халифа Маъмун:" От қандай яхши, у осмони Гардон ва тахти равондир"деган отнинг ҳосиятлари, фазилатлари, яхши аломатлари ҳамда уларга қўйган номлари ҳақида форсларда кўплаб афсона ва ривоятлар сақланиб қолган. Ўзбек халқининг қадимий анъанавий спорт ўйинларидан бири бўлган кўпкари (улоқ) жуда қадим замонлардан бери сақланиб қолган.Кўпкари(улоқ)- чавандозликнинг олий даражадаги ўйини ҳисобланади. Манбаларга қараганда кўпкари (улоқ) ўйинида:1.Якка ажратиб чикиш усули, 2.Қўрага, яъни маррага келиб ташлаш усули мавжуд бўлган. Якка ажратиб ташлаш усули Ўзбекистон ва Туркманистонда қўлланилади. Бунда улоқ бир жойдан иккинчи жойга ташланади. Чавандоз тўдадан чиқиб улоқни бошқа чавандозлардан 10-15 метр узоқликка олиб бориб ташлайди. 2.Қўрага-маррага келтириб ташлаш усулида майдоннинг бирор-бир жойига белги қуйилади,у жой қозон деб аталиб, улоқни чуқурчага,яъни қозонга ташлаш керак Биринчи усулда чавандоз якка ҳолатда амалга оширса, кўрага келтириб ташлаш усулида эса чавандозлар жамоа бўлиб от чопадилар. Ҳар икки усулда ҳам кўпкари қизиқарли ўтади.Кўпкари (улоқ) ўйини суннат тўйларда, ҳалқ сайлларида,турли мусобақаларда ўтказилган. Ўйинга 50-60 килолик сарка-улоқлар ташланган.