Самандар Термизий зиёратгоҳи

Самандар Термизий зиёратгоҳи

Жарқўрғон туманидаги Хўжа қишлоғида Хожа Самандар Термизий зиёратгоҳи жойлашган. Самандар Термизий XVII асрнинг 30 йилларида туғилиб, XVIII асрнинг 30 йилларигача яшаб, юз йилдан ортиқ умр кўрган.

Жарқўрғон туманидаги Хўжа қишлоғида Хожа Самандар Термизий зиёратгоҳи жойлашган. Самандар Термизий XVII асрнинг 30-йилларида туғилиб, XVIII асрнинг 30 йилларигача яшаб, юз йилдан ортиқ умр кўрган. Замондошлари Мирзо Юсуф ва Малеҳо Самарқандий томонидан олов қалб, ўткир тилли адиб, деб таърифланган. Муҳаммад ибн Бақо Термизий Хожа Самандарни “Ўз замонасининг машҳур арбоби, элчи, жангчи ва тарихчи олим сифатида танилган ҳамда маънавият дастурини тарғиб этган таниқли алломаларидан бири бўлган” деб қайд этади. У ҳижрий 1107/ милодий 1695 йилда ёзган “Дастур ал-мулук” асарининг хотимасида шундай деган эди: “Илтимосим шулки, агар ўзининг гўзал, дилбар мазмуни билан ҳамманинг назарида жилва қила олса, бунинг шоҳиди бўлган одам бутун жону дили билан уни кўришга ва ўқишга ҳавас қилса, уни ўқишга рағбат уйғота олса, асар муаллифини “Қуръон”нинг онаси – ёқимли “Фотиҳа” сурасини ўқиб, ёд этинглар”. Шу боис Малеҳо Самарқандий томонидан Хожа Самандар Термизий “Шариф зот” деб таърифланган . Мовароуннаҳрда Шайбонийлар сулоласи даврида (1500-1601) Термизда ҳокимият саййидлар қўлидан кетган бўлишига қарамай, уларнинг мавқейи сақланиб қолган. Хожа Самандар Термизий яшаб ўтган давр Аштархонийлар сулоласи даврига (XVII-XVIII) тўғри келади. Н.Турсунов алломани Жалойир қишлоғи хўжаларидан бўлганини келтиради . XVII аср охирида Бухоро хонлигида сиёсий-иқтисодий таназзул туфайли Термиз саййидлари шаҳарни ташлаб кетишга мажбур бўлишган. 1980 йилда Россия фанлар академияси Осиё музейида А.Л. Куннинг коллекцияси таркибида Хожа Самандар Термизий асарининг қўлёзмаси ҳам рўйхатга олинган. Хожа Самандар Термизий авлодлари ўзларини “хўжалар” деб ҳисоблашади. Алломанинг Хўжа, Абдукаримхўжа, Ўзбекхўжа, Пошшоимхўжа деган ўғиллари бўлган . Самандар Термизий авлодлари ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Хўжа қишлоғида яшаб келмоқда. Самандар Термизий мақбараси XVII-XVIII асрга оид бўлиб бир хонадан ташкил топган, усти гумбаз билан ёпилган. Аввал мақбара Қумқўрғон тумани Қоптўқай қишлоғидаги дарё бўйида жойлашган бўлса, у ерга дарё суви яқинлашиб келганлиги сабаб, марҳумнинг суяклари йиғиб олиниб, қишлоқдан юқорироқ тепаликка қайта дафн этилган. Самандар Термизийнинг авлодлари бобокалонлари қабри устига мақбара бунёд этишган. Теварак-атрофни зиёратчилар учун қулай ҳолга келтирганлар .

Галерея