Маҳаллий аҳоли орасида ўзига хос мавқега эга бўлган объект − Термиз тумани Намуна жамоа хўжалигида жойлашган Султон Саодат мажмуидир. У ерда XI-XIX асрлар мобайнида Термиз саййидларининг оила вакиллари дафн этилган. “Саййид” сўзи араб тилида “жаноб” деган маънони англатади, шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.)нинг неваралари Ҳасан авлоди “шариф” ва Ҳусайн авлоди “саййид” унвонлари билан алавий саййидлар, алоҳида ҳусайний ёки ҳасайний саййидлар деб юритилган. Саййидлар Яқин Шарқ ва Мағриб ўлкаларида, кўпроқ Содот, ашраф ёки ашриф номлари билан машҳур бўлишган. Тадқиқотчи олим Ў.Султоновнинг фикрича, Ўзбекистон ҳудудида саййидлар авлодининг тарқалиши тахминан IX-XIII асрлар сиёсий ва демографик омиллар таъсирида Мовароуннаҳр ва Xуросонга кўчиб келишганини қайд этади . Саййид унвонига эга бўлганлар ўрта асрларда Марказий Осиёнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнаган . Термиз саййидлари номининг ишлатилиши асрлар давомида Термизда тасаввуф таълимоти ривожланиб, таълимотнинг мактаблари шаклланганини кўрсатади. Н.Турсунов XVII аср бошларида Термиз саййидлари шажараси араб тилидан форс тилига ўгирилганда хўжа термини пайдо бўлгани ва бу саййидларни хўжалар деб аташ ҳам умумий маънода қабул қилинганини маълум қилади . Тарихчи олим С.Турсуновнинг келтиришича, Али ибн Абу Толибнинг Фотимадан туғилган ўғли Ҳусайн сўнгги Сосоний шоҳи Яздигарднинг қизига уйланади. Улардан Ҳусайн ал-Асғар, ундан эса, Убайдулло дунёга келади. Халифа ал-Мансур даврида (754–755) Амир Убайдулло деб эълон қилинади. Унинг ўғли Жаъфар ал-Ҳужжат Мадина ҳокими бўлган. Термиз саййидларининг асосчиси Ҳасан ал-Амир Жаъфар ал-Ҳужжатнинг ўғли Амир Ҳусайннинг фарзандидир. Ҳасан ал-Амир ўзининг яқинлари билан 850 йилда Самарқандга келиб, у ерда 11 йил яшайди ва 861 йили Балхга кўчади. Тахминан 865 йилда Ҳасан ал-Амир Термизга бориб у ерда бутунлай ўрнашиб қолади . Термизлик Саййид Амир Абдулло Исмоил Сомонийнинг қизи Махзума (ёки Моҳи сиймо) га уйланади. Уларнинг фарзандларидан бошлаб, термиз саййидлари исми-шарифига XVII асргача Худовандзода лақаби қўшилган . Ўрта асарларда ҳозирги Султон Содот мақбараси жойлашган ҳудуд “Шаҳри Сомоний” номи билан ҳам аталган. Термиз саййидларининг мақбараси ҳисобланган Султон Содот сомонийлар даврида қурила бошлаган ҳамда ғазнавийлар даврида мажмуанинг асосий қисми қад кўтарган . Чингизхон босқини даврида Термиз вайрон қилинган бўлса, XIII-XIV асрларга келиб, Термиз саййидлари фаолияти билан шаҳар янгидан юксалади. Бу тўғрида Ибн Баттута ҳам ўз кундаликларида қайд этиб, Термиз ҳукмдори Ало ал-Мулк Худовандзода (“Хованд” сўзи қисқа шакли ) Чиғатой улуси хони Бузан (1335–1338)га қарши курашда иштирок этади ва хон урушда қатл қилинади. Шундан бошлаб, Термиз “Мадинат ар-рижол” (Мардлар шаҳри) деб юритилади . Термиз саййидларининг Амир Темур ва унинг хонадони билан ҳам боғлиқлик жиҳати бўлган. Соҳибқироннинг пирлари шайх Саййид Барака ва саййид Шамсиддин Амир Кулол номи билан боғланган бўлса , Темур авлодларининг Термиз саййид авлодлари билан қуда-анда бўлиши орқали Қашқадарёда ҳам Термиз саййид авлодларининг вакиллари вужудга келган. “Гумбази саййидон” уларнинг оилавий мақбарасига айланган . Россия империяси даврида Термиз саййидлари ўзларининг азалий маскани бўлган Саловат қишлоғидан кўчирилган. Шу даврда Султон Содот мақбараси шайхи Азизхўжа Бухоро амири Абд ал-Аҳад (1885–1910) ҳузурига бориб, Термиз ҳудудидаги ерлар саййидлар сулоласига тегишли экани тўғрисидаги ҳужжатни топширади. Шу тариқа Термиз саййидларининг фаолияти ўз-ўзидан барҳам топади . Тарихчи олим С.Турсуновнинг фикрича, Султон Содот мажмуасида IX асрнинг иккинчи ярмида вафот этган пайғамбар авлодларидан бўлмиш Ҳасан Амир мақбараси бунёд этилган . Ушбу мажмуа 20 га яқин мақбара ҳамда 170 тагача қабрни ўз ичига олади . Султон Содот мемориал мажмуаси XI-XVII асрларда термиз саййидлари сулоласига тегишли мақбара сифатида шаклланган . Б.П. Денике мақбара нақшларига асосланган ҳолда уни XI асрга мансуб эканини қайд этади . Унинг дастлабки асосини 2 та мақбара (XII) ташкил этиб, XV асрда масжид вазифасини бажарувчи айвон билан бирлаштирилган. Тарихчи олим Жалолиддин Мирзо мақбараларнинг энг қадимгиси сомонийлар даврида, асосий қисми Амир Темур томонидан қурилганини қайд этади. У ўз даврининг таниқли меъморлари томонидан ганч-ўймакор безаклари билан ишланган . Мажмуа асоси Пайғамбар авлодларидан бири Саййид Ҳасан ал-Амр сағанаси устида бунёд этилган. 1898 йилда Москва антропология ва этнография жамияти аъзолари томонидан олиб борилган текширувга кўра, А.А. Семенов марказий пештоқдаги ёзувларга асосланган ҳолда уни Султон Саид ал-Муҳамад, умуман, Ҳасан авлодлари қурдирган мақбара деб изоҳлайди . Шунинг учун Ҳусайн мақбараси саййидлар ва маҳаллий мусулмон уламоларининг юқори табақаси, сулоласи ва мақбараси деган ном билан улуғланади. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асарида Амир Темур вафотидан кейин XV асрда Термизни эгаллаган набираси Халил Султон зиёрат учун келиб, уни қайта таъмирлатгани ва ҳудудни кенгайтиргани ҳақида маълумот келтирилади . Мақбаранинг кўндаланг қисмида меҳроб жойлашган, ҳар иккала мақбарада ҳам марказий тузилишдан фойдаланилган, пиширилган ғишт конструктив ва безакли материал вазифасини бажарган. Ҳар иккала мақбарада қабр тоши мавжуд бўлиб, у ўз даврининг безаги қандай бўлганини кўрсатиб беради. XV асрнинг бошида мақбара пештоқ юқорига кўтарилиши ва ёрқин рангли ғиштлардан фойдаланилиши кузатилади. XV асрнинг иккинчи ярмида ҳар иккала мақбарада иккита янги бинони зал бирлаштиради . Султон Содот мақбарасининг ўрганилиши дастлаб 1906 йилда Россия география жамияти ва ботаника боғининг кўмагида Р.Ю. Рожевицнинг Термизга келиши билан бошланган ҳамда Султон Содотни энг кўркам ва энг чиройли деб баҳолаган. Унинг фикрича, биринчи қисмида қабрлар жойлашган бўлса, иккинчи қисмида муллалар яшаган бўлиши керак. Шуниси диққатга сазоворки, барча бинолар нақшинкор бўлиб, гумбаз ғиштлари бир қатор қилиб терилган. Обиданинг ташқи томони рангли кошинкор бўлиб, унда юлдузлар ва маржонсимон гуллар тасвирланган. Рангли кошинларнинг ҳажми 1 смдан 0,5 аршингача (1 аршин 0,71 м) ташкил этади. Кошинлар оқ, кўк, мовий ва тилла рангли қилиб ишланган. Мажмуанинг иккинчи қисмида обиданинг ички хоналари сувоқ қилиниб, баъзилари оқ ва қўнғир рангларга бўялган . Мазкур масалада жиддий тадқиқотни А.А. Семенов эълон қилган бўлиб , муаллиф томонидан Термиз сайиидлари ёритилган қўлёзмаларнинг ишга жалб қилиниши билан муваффақиятли якунланган . 1923 йилда шарқшунослар ассоциацияси йўналиши бўйича ўрганган олим М.Г. Вячеслов Афғонистон билан бирга, Термизни ҳам тарихий ракурсда ўрганади. Унинг фикрича, Султон Содот мажмуаси Султон Амир Ҳусайн Содот ва Хўжа Аслар масжидидан ташкил топган. Бундан ташқари, Султон Содотнинг ташкил топиш санасини мусулмон архитектурасининг қадимги даврига тегишли эканини келтиради. 1938 йилда Г.А. Пугаченкова раҳбарлигида ўтказилган экспедиция мақбарада ҳар жиҳатдан текширув ишларини олиб борди. 1965 йилги текширувлардан олинган хулосага кўра, Султон Содот мураккаб ва йирик архитектура ёдгорлиги сифатида бир неча асрлар давомида шаклланиб, ўз даври тўпланган музейини ташкил этиши, даври X-XI асрлар ва XVII асрлар билан якунланишини қайд этади . Шу даврда Султон Содот ҳовли, айвонли масжид ва пештоқли хоналардан иборат бўлган . Бу мажмуада бошқа ёдгорликларда кузатилмаган тузилишли ва техник архитектура ютуқларини кўриш мумкин. Бу мақбарадаги ноодатий иккита бирлаштирилган масжид кўзга ташланади. Агар мозорларни типологиясига эътибор берсак, уларнинг гумбази бир ва кўп хонали ҳамда кенг ташкил этилганлиги билан изоҳланади. Марказий Осиёдаги меъморий ёдгорликларнинг аксарияти, айниқса, IX ва XX аср бошидагиларнинг тузилиши бир хонали гумбаздан, X-XIX асрларда эса, конглометерат кўп хонали шаклдан ташкил топган . Даҳлиз тузилиши ўзига хос бўлиб, масалан, Султон Содотда даҳлиз йўлак кўриниши композицияни ўз ичига олиб, кенг ва узун хонадан иборат бўлиб, мажмуани тўлиқ ҳолда кўриш имконини беради . Султон Содот мақбараси нақшинкор пишиқ ғиштдан терилган бўлиб, девор қисми ўзига хос янги унсурлар билан бойитилган геометрик шаклда безатилган. Мақбаранинг олд томони шарққа қаратилган бўлиб, турли шаклдаги ғиштлар билан ишланган . Юқори қисмининг икки қатори кенг гумбазли бўлиб, кичик ўрта гумбаз қисми кириш пештоқига уланган. Мажмуанинг энг қадимги қисми XI асрга тегишли мақбарадир. Мақбаралар пештоқ ва гумбазли чорсу хоналар (9х9, 0,5 м ва 10м, 15х10,25 м) дан иборат. Шунингдек, ҳовли тўридаги пештоқ ва икки қанотидаги гумбазли мақбарлар бир хил тарҳда, жануб тарафидаги мақбара зиналар ҳисобига кичикроқ кўринади. Шимоли ғарбидаги мақбаранинг қурилма ва безаклари оддий ғишт (27х27х5 см)дан жуфт-жуфт ҳолда терилиб, мавжли безак ҳосил қилинган ҳамда ички хона девораларига ҳошияли бўртма равоқлар ишланган. Жануби-ғарбдаги мақбара шимоли-ғарбдагисидан бир оз кичик, шакли оддий, ганч сувоқли. Мазкур икки мақбара орасидаги пештоқли меҳроб жойлашган . XIV асрда икки мақбарани боғловчи равоқ қурилиб, унинг ташқи томони кесма ҳаворанг ғиштчалар билан безатилган. XV асрда безак бериш санъати янада ривож топиши натижасида даҳмага қўшимча буёқ ва чирой берилади. Шу даврда Термиз саййидларнинг бошқа даҳмалари ҳам барпо этилиб, уларнинг аксариятига пуштиранг буёқ берилган ва гумбазига айланма зинапоя ишланган . 1881 йилда Термизга ташриф буюрган француз сайёҳи Г.Бунвало обида ёнида масжид борлиги ҳақида маълумот бериб, уни Қарши ва Бухородаги масжидлар билан бир хил усулда қурилган деб ҳисоблайди . Султон Содот мақбаралар мажмуи кейинги йилларда таъмирланиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилди. Термиз шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан 2001-2002 йилларда Султон Содот мақбаралар мажмуи қайтадан таъмирланган.