Исо Термизий зиёратгоҳи

Исо Термизий зиёратгоҳи

Ҳадис илмининг буюк асосчиларидан бири, ислом дунёси ҳадисшунослигида Имом Бухорийдан кейин иккинчи ўринда турувчи аллома, кўплаб асарлар муаллифи, муҳаддис олим Исо Термизий (X-XI) зиёратгоҳи Шеробод тумани шарқий томонида, яъни олти километр масофадаги

Ҳадис илмининг буюк асосчиларидан бири, ислом дунёси ҳадисшунослигида Имом Бухорийдан кейин иккинчи ўринда турувчи аллома, кўплаб асарлар муаллифи, муҳаддис олим Исо Термизий (X-XI) зиёратгоҳи Шеробод тумани шарқий томони, яъни олти километр масофадаги Яхтийўл қишлоғи ҳудудидаги қабристон ёнида жойлашган . Ислом оламида “Сиҳоҳи ситта” (Олти ишончли тўплам) номи билан машҳур ҳадис китобларидан бирининг муаллифи, буюк муҳаддис алломанинг тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн ад-Даҳҳоқ ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий 209 (мил. 824) йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топган . Ибн Амирнинг қайд этишича, Термиздан олти фарсах (48 км) узоқликда жойлашган Буғ деган (ҳозирги Шеробод шаҳридан 6 км шарқда жойлашган) қишлоқда ҳижрий 279 йил 13 ражаб/милодий 892 йил 8 октябрда душанба куни вафот этган . Абу Исо ат-Термизий ёшлигидан зийрак ва ақл-идрокли бўлиб, аввал Термизда, кейин Бухорода таълим олган. У талабалик йилларида ҳадис илмига жуда қизиққан. Шундай қизиқиш туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Ёшлигидан илм-фанга ташна бўлган Исо Термизий 26 ёшидан бошлаб, ислом таълимоти ва ҳадиснавислиги билан бир қаторда Макка, Мадина, Ироқ, Хуросон, Дамашқ каби шаҳарларда қироат, баён, фиқҳ, тарих ва фалакиёт каби фан соҳаларини ўрганиб, йирик қомусий олим даражасига кўтарилган ва илм оламида таниқли кишига айланган . Абу Исо ат-Термизий Имом ал-Бухорийнинг шогирди бўлиб , Қутайба ибн Саид ал-Бағдодий, Али ибн Ҳажар, ал-Марвазий, Ҳаннод ибн Сиррий ал-Куфий, Абу Курайб Муҳаммад ибн Мусо ал-Басрий, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Доримий ас-Самарқандий ва бошқа кўплаб Ироқ ва Ҳижоз машойихларидан ҳам илм олган. Ўз юртларида эса, Муҳаммад ибн Саҳл ал-Ғаззол, Бакр ибн Муҳаммад ад-Деҳқон, Абу Назр ар-Рашодий, Ҳаммод ибн Шокир, ан-Насафий, Абу-л-Аббос ал-Маҳбубий, ал-Марвазий ва Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший каби зотларга шогирд тушиб, ҳадис илмини ўрганган . Имом Термизийнинг асарлари ислом дунёсида мўътабар ҳисобланиб, “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” (Ишончли тўплам), “ал-Жомеъ ал-Кабир” (Катта тўплам), “Саҳиҳ ат-Термизий”, “Сунан ат-Термизий” (Термизий суннатлари), “аш-Шамоил ан-набавия” (Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари), “Улум ал-ҳадис” (Ҳадис илмлари), “ал-Илал фил-ҳадис” (Ҳадислардаги иллатлар ёки нуқсонлар) каби номлар билан ҳам юритилган . Юқорида айтиб ўтилганидек, Сурхондарё воҳасидан термизий нисбаси билан ижод қилган олимлар жуда кўп бўлган. Исо Термизий ва кейинги даврда исломий илмлар ривожи турли соҳаларда фаолият юритган олимлар силсиласи вужудга келишига сабаб бўлган. Айтиш лозимки, бунда Марказий Осиёда айнан тасаввуф таълимоти етакчилик қилган ва ҳакимия тариқатининг вужудга келишига асос бўлган . Ислом оламида олтита машҳур муҳаддислардан бири бўлган Исо Термизий (209\824 − 279\892) мақбараси аллома вафотидан 150 йил ўтгач, ҳозирги Шеробод шаҳри яқинидаги қабр устига кўтарилган . Исо Термизий қабри устидаги мақбарани XV аср ўрталарида Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф таъмирлатгани ҳақида маълумотлар мавжуд . Бу мақбара Шеробод шаҳридан жанубий-шарқда жойлашган бўлиб, тўрт ҳадли бинодан ташкил топган. Ҳозирги кунда мақбара бир-биридан равоқлар орқали ўтувчи 4 хонали бўлмадан иборат. Хоналар тарҳи 4,3х4,5 мни ташкил этади. Шимолий-шарқий тарафи айвон қурилиши муносабати билан кейинчалик тўсилган. Шунингдек, уч хонали бўлма мураббаъ тарҳли, улардан жанубдагиси гўрхона, унда мармар сағана 3 поғонали бўлиб, муқарнас нақш ва ёзувлар билан пардозланган. Гўрхонадан тор узун йўлка орқали хонақоҳга ўтилади. Хонақоҳ гумбаз томли ва меҳробдан иборат бўлиб, ёнидаги икки хонадан шимолий-шарқий тарафга чиқилади . Хонақоҳ олдидаги уч айвонли гумбаз, қалқонсимон бағалли деворлари ганчкор безаклар билан пардозланган. Мақбаранинг бош тарзини кичик кўшксимон гумбазли қурилма эгаллаган. Мақбаранинг марказий зали ва масжид меҳроб билан, жанубдан гўрхона тарафдан эса, ғиштли пештоқ билан, шимол томондан кенг айвон билан ўралган. Учинчи зал ҳам саккиз қиррали пешайвон ҳамда уч ва саккиз қиррали нақшлар билан безатилган. Мақбара хонасининг устки қисми гумбаз билан ва тўртта хонаси эса, тўғри услубда ёпилган бўлиб, хонақоҳ квадрат шаклдаги 24-25х4,5-5смли пишиқ ғиштдан лой қоришмалари воситасида қад кўтарган. Бинонинг умумий майдони 19,3х6,8 м, учта хона бир хил 4,3х4,3 метрни ташкил этади. Турли даврларда бино талофотларга учраб, XV асрда шимолий-ғарбга қараб йўналтирилган ҳамда мажмуа шимолий-ғарбий томондан анчагина шикастланган. Мақбаранинг олд тарафига ХХ аср бошларида устунлари ўймакор бўлган айвон қурилган. Исо Термизий мақбарасининг қурилиши бўйича дастлаб Д.Н Логофет, 1945 йилда В.А. Воронин, 1968 йилда археолог З.А. Ҳакимов, 1977 йилда А.Акименко, И.Гудков ва В.А. Аршавская тадқиқот ишларини олиб борганлар . Бу тадқиқотлар меъморчилик ва археология фанида янги ва муҳим маълумотларни берди. 1989 йил 13 мартда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний бошқармаси қурултойида 1990 йилнинг кузида “Абу Исо Термизий таваллудининг 1200 йиллигини мамлакатда кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилинган. 1989 йил 28 мартдан аллома мақбарасида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган. 2000-2001 йилларда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан аллома мақбараси яна қайтадан таъмирланган. 2016 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Абу Исо Термизий мажмуаси ҳудудида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш тўғрисида”ги 1/377-сонли қарори қабул қилинди. Шу муносабат билан, 2016 йил август ойидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Шеробод туман ҳокимлиги раҳбарлигида зиёратгоҳда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Сурхондарё вилоятида “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралда қарори чиқди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият олиб бормоқда.