Термиз тумани Амударё қирғоғида жойлашган Ҳаким Термизий зиёратгоҳи (X-XIV асрлар) Сурхондарё тасаввуф мактабининг отаси ал-Ҳаким ат-Термизий номи билан аталади . Термиз туманида бунёд этилган X-XIV асрларга тегишли мазкур меъморий ёдгорлик мажмуаси IX асрда яшаб, фаолият юритган ҳакимийлик тариқатининг асосчиси, термизлик машҳур олим, қатор диний-фалсафий асарлар муаллифи, йирик зоҳид Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ал-Ҳаким ат-Термизий (ваф. 869) номи билан боғлиқдир. Ҳаким Термизий нафақат зоҳирий, шу билан бирга, ботиний илмларни чуқур эгаллаган уламолардан бири бўлган. “Ал-Ҳаким” , “Донишманд Термиз ота” , “ат-Термизий” нисбасини айнан термизлик бўлганлиги учун олган. Мазкур шахс номи билан аталувчи зиёратгоҳ объектининг машҳурлиги нафақат вилоятда, балки бутун ислом оламида “Термиз ота” номи билан улуғланади . Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий иккинчи табақадандур, кунияти Абу Абдуллоҳ бўлиб, Абу Туроб Нахшабий ва Аҳмад Ҳузравайҳ ва ибн Жалло билан суҳбатга киришганини ҳамда олимнинг “Хат ул-валоят”, “Наҳаж”, “Наводир ул-усул” ва шунга ўхшаш кўпгина китоблари борлигини келтиради . Ҳаким ат-Термизий машҳур муҳаддис ва тасаввуф шайхларидан бўлиб, VIII-IX асрларда яшаб ўтган. Бу алломанинг ота-онаси ҳадис илмидан хабарлари бўлиб, дастлабки таълимни улардан олгани келтирилади . Аллома 25 ёшгача Мовароуннаҳр шаҳарларида таълим олиб, 27 ёшида Маккага Ҳаж амалини ўташ учун йўлга чиқади. Йўлда ҳадис илми ривожланган Куфа, Бағдод ва Басра шаҳарларида бўлиб, балхлик сўфий Аҳмад ибн Хизруя ва ‘Осим ал-Антокийнинг шеърлари билан танишади. Унинг илмий-адабий намуналаридан Ҳаким Термизий қаттиқ таъсирланади. У бир қанча сўфийлар, хусусан Абу Туроб ан-Нахшабий (ваф. 861) ва Яҳё ибн Жамол ва Аҳмад ибн Хизруя (ваф. 855)нинг қўлида таълим олади . Ҳаким Термизий Шом, Бағдод, Миср мутасаввуф олимлари билан ҳам мулоқотда бўлиб, илк суфийлик ҳаракати, зоҳидлик ва орифлик ғоялари кучайган Макка, Мадина, Миср, Бағдод, Басра, Куфа, Яман, Ҳамадон, Нишопур каби ислом дунёсининг марказий шаҳарларида тасаввуфий қарашлар шаклланган даврда яшагани илмий камолотида муҳим аҳамият касб этган. Тасаввуф илми бобокалонларидан бири Зуннун Мисрий (Зуннуния тариқати асосчиси), Боязид ал-Бистомий (тайфурия тариқати асосчиси), Жунайд ал-Бағдодий (жунайдия тариқатининг асосчиси), Абу Мансур ал-Ҳаллож кабиларнинг тариқатларини ўрганган, мақомоту маноқибларни таҳлил қилган. Ҳаким Термизий Нишопурга бориб, ҳакимия тариқатига асос солган . Халифа Маъмун Бағдодда таъсис этган илм маскани Байт ул-ҳикмада фаолият кўрсатган олиму фозиллар орасида алоҳида шуҳрат топиб, “Қидват ул-авлиё”, яъни “Авлиёлар йўлбошчиси”, деган ном билан танилган . Ҳаким Термизий 400 дан ортиқ асарлар ёзгани, улардан 57 тасигина бизгача етиб келгани ҳақидаги баҳсли маълумотлар мавжуд . Улардан айримлари ҳозирда ЎзР ФАШИ қўлзёмалар фондида, Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истамбул, Лондон каби шаҳар кутубхоналарида сақланади . Масалан, ҳакимиянинг мақомотлари, низомлари, пир-муридларга қўйиладиган талаблар, зикр ва ибодат усулларига бағишланган“Китоб ан-нажоҳ” (Йўл-йўриқлар китоби), “Хатм ал-авлиё” (Валийлар муҳри), “Иршод ат-толибин” (Толибларга йўриқнома), тасаввуфга оид “Китоб ҳақийқат ал-одамийа” (Инсоният ҳақиқати тўғриисдаги китоб), “Адаб ун-нафс” (Нафс одоби) номли китоблари ҳозиргача ўз илмий-аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда . Унинг “Назоир ал-Қуръон”, “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар) , ақидага оид “Усул ал-муваҳҳидин”, “Хатм ал-вилоя”, шаръий масалаларга оид “Исбот ал-илал аш-шарийя”, “Ғафр ал-умур”, “Китоб ал-маноҳи”, “Китоб шарҳ ас-салот”, “Наврўзнома”, “Солнома” каби асарлари машҳурдир . Ҳаким Термизийнинг таълимоти ибодат ва маросим шариати, тасаввуф ҳамда эътиқод каби уч йўналишдан иборат бўлган. Ҳаким Термизий Термизга қайтгач, Жайҳуннинг Балх шаҳри ва Пайғамбар ороли кўриниб турадиган энг баланд қирлик, хушманзара ва баҳаво қирғоғидан жой танлаб, масжид ва хонақоҳ қурдирган. Бу мақбара Эски Термизда, Амударё қирғоғида қад кўтариб, мақбарада илм аҳли тўпланишар эди, олим вафотидан кейин ушбу хонақоҳда дафн этилган . Ҳаким ат-Термизий мақбараси IX-XV асрларга оид культ мемориал комплекси бўлиб у ўзида масжид, мақбара, хонақо ва сағанани бирлаштирган . Л.Ю.Манковскаянинг фикрича, мажмуа 3 хонали мақбара, тарихий жараёнларда ўз ҳолатини ўзгартирган масжид, хонақо ва айвондан ташкил топган . Мақбара ҳақидаги дастлабки маълумотни 1878 йилда А.Быкова аниқлаган бўлиб, 1881 йилда Бухородан афғон амири ҳузурига кетаётган француз сайёҳи Г.Бонвало ва рассом Канюлар Эски Термиз харобаларини кўздан кечириб, Ҳаким Термизий қабри ёнида кўплаб қабрлар борлигини аниқлашга муваффақ бўлишган . 1926-27 йилларда шаҳар маданият музейи ходимлари Б.П. Денике ва Б.Н. Засыпкин иншоотнинг ўлчамини ўрганган. 1936 йилда ТАКЭ (Термиз археологик комплекс экспедицияси) аъзолари М.Е. Массон бошчилигида тадқиқот ишларини ўтказган. 1938 йилда Г.А. Пугаченкова мақбара ҳақидаги маълумотларни ёзиб қодирган. 1947 йилда В.П. Петров, 1955 йилда В.М. Филимонов ва К.А. Шахуринлар бошчилигида ёдгорликнинг таъмирланишига оид тадқиқотларни амалга оширдилар . Тадқиқотлар натижаларига кўра, IX асрда мақбаранинг шимоли-ғарбий қисмида айвонли масжид қурилган, сайқалланган пишиқ ғиштдан ишланган ва шу ғиштнинг ўзидан ёзма безаклар акс этган . XIII асрнинг бошларида унинг ҳовлиси шаклланган ва бир гумбазли мақбара бунёд этилган. XIV асрнинг охирида хижрий 792 (1389\1390) мақбаранинг шарқий томонига чиллахона барпо этилган. XV асрда мақбарага иккита пештоқли умумий гумбаздан иборат хонақо қурилиши бошланади ва мақбарада оқ мармарли сағана ўрнатилган . Ҳаким Термизий мақбараси ҳақида меъморий ўлчовлар ва архитектура иншооти ҳақидаги илмий маълумотларни биринчи марта 1955-1956 йилларда архитектор Б.Филимонов эълон қилиши натижасида мақбарада таъмирлаш ишлари олиб борилган ва қурилишга ўзгартиришлар киритилган. Мақбара 5,10х4,70 м кўламда бўлса, ёдгорликнинг умумий ҳажми 28х29 метрга тенг бўлган. 1955-1957 йилларда Ҳаким Термизий мақбараси илмий тадқиқ этилиб, XIV-XV асрлардаги кўриниши қайта тикланган . Термизий мақбарасини XIV-XV асрдаги тарихий ёдгорлик сифатида баҳолаш мумкин. Даҳма ёнида масжид ҳам бўлиб, ёдгорлик ўзининг ўлчамига кўра, узунлиги 4 м, баландлиги тахминан 2 м ва кенглиги тахминан 1 метрни ташкил этади. Мақбара оқ мармарли плитадан тикланиб, кўп сонли ёзувлар ва орнаментациядан ташкил топган . Унинг орқа энсиз кўндаланг қисми композицияси жиҳатдан ҳар хил тахмонлардан иборат. Бино ёғоч устунлар, йўнилган эшиклар, шифт, меҳроб, масжид, ёғочли қабр тошидаги ёзувлардан ташкил топган. Бинони архитектура декорациялашган ёғочлари учун чинор, қайрағоч, арча ва теракдан фойдаланилган . Ҳаким Термизий комплексида намозгоҳлар кўп масжид айвонли мажмуаларни ўзида бирлаштириб, айвон П шаклда ва бўлиб Х асрда масжид айвондан ташкил топган . Марказга интилма гумбазли мақбаранинг айвон ва саҳни масжид билан бирлаштириб юборилган. Мақбара чортоқ шаклида қад ростлаган бўлиб, ичкарида очик аркли пештоқлар зеб бериб туради . XI аср охирида қорахонийлар ҳукмдори Абул Музаффар Аҳмад Тигатигин (1081\1095) фармойишига кўра, даҳманинг ички томони ажойиб ўймакор ғиштлар билан қоплаб чиқилган. Мақбаранинг шимолий ён деворига унча катта бўлмаган масжид туташиб кетган. Масжиднинг қурилиш тузилиши Бухоро намозгоҳи архитектурасига ўхшаб кетади. У уч қуббали бўлиб, очиқ аркли пештоқи ғишт териб чиқилган ҳовли саҳнига олиб чиқади. Масжиднинг мақбара девори давомчиси бўлган ғарбий девори марказида меҳроб қад кўтарган . Ҳаким Термизий мақбарасининг асосий қисми Амир Темур даврида 1390 йилнинг август-сентябрида қуриб битказилган. Унда мақбарага мармар тошлар билан безак берилиб, унинг усти оқ рангли фил суяги ва турли туман ўсимлик ранглари билан безатилган. Жанубий ва шимолий ганжли панжаралар билан чегараланган. Иншоотнинг умумий ўлчами 28,0х29,0 метр, деразалар катта ҳажмли, мақбаранинг ўлчами 5,10х4,70 метрни ташкил этган . XV аср охирида даҳманинг шарқий деворига набираси Халил Султон ҳукмронлиги даврида (1405\1409) мажмуанинг шимоли-шарқий қисмида хонақоҳ қад ростлаган. Мармардан тикланган сағана ҳам шу даврда барпо этилган термурийлар хукмронлиги даврида хонақоҳ баланд асос (баландлиги 1,5 м) устига пишиқ ғиштдан қурилган, унга туташ хоналар таъмирланган . Хонақоҳнинг шимолий ва жанубий томонларига пештоқ ишланган. Хонақоҳ ҳовлисининг ғарбида 3 губазли масжид мақбарага туташган бўлса, 3 равоғи ҳовлига қараган. Масжиднинг ғарбий томонидаги девор марказида кенг ҳошияли меҳроб бор. Унда бўртма ёзув, сопол шакллар, оралиқ заминдаги ўйма ганч безаклар ўзига хос кўринишни акс эттиради . Масжид устунлари ғиштдан безакли қилиб терилган бўлиб, равоқ орқали мақбарага ўтилади. Гумбаз остида куфий хатида Қуръон суралари ўйиб ёзилган. Мақбари ичкарисидаги сағана темурийлар даври тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунаси ҳисобланиб, сағана 3 поғонали, асосий исломий нақш ва ёзувли ҳошиялар, ўрта қисмидаги икки ёни шамчироқ билан безатилган . Кичик мақбарада Абдуллахон ҳукмронлиги даври XVI асрда ҳовли ҳудудида 9 гумбазли масжид қурилган бўлиб, олдида енгил равоқ устунли айвон жойлашган. Жануб тарафидан кираверишда яна бир мақбара (гўрхона ва зиёратхонадан иборат) қурилиб, равоқли бўлмалар орқали Термизий мақбараси ва хонақоҳни ўзаро боғлаб туради . Ҳаким Термизийнинг қабртоши Темурийлар сулоласининг вакиллари Халил Султон ва Шоҳрух томонидан куфий хатининг ислимий гириҳ нақши услубида таърих муаммо шаклида битилган “Хамса хамсуна миннаттайн” сўзлари ҳижрий 255/869-870 санада вафот этганини кўрсатади . В.В. Бартольд Ҳаким Термизий қабри устидаги тош-ёзувини қуйидагича келтиради: “Унинг номига ҳамду санолар бўлсин. Бу ерда шайх, имом Абу Абдуллоҳ Алининг ўғли ал -Ҳаким ат-Термизий дафн этилган жой, Аллоҳ уни раҳматига олсин. У шайхларнинг буюги, нотиқ ва машҳур китоблар муаллифи, фикҳ илмининг билимдони, 255 йилда вафот этди. Худо раҳмат қилсин” деган ёзувлар бор. Бой қирқма безакли мақбара эпиграфик безаклар Мовароуннаҳр ҳукмдори Абул Музаффар Аҳмад Тегин номи ва ёрлиғи билан боғлиқ М.Е. Массон уни Аҳмад ибн Хизр (1018\1095) деб ҳисоблайди . Марказий Осиёдаги тош ўймакорлиги бўйича энг ажойиб ёдгорлик намунаси ҳисобланган Ҳаким Термизий мақбарасига устидаги оқ мармартош насх хатида XIV асрдан олдинги давр деб баҳоланади. Мармар ўймакорлиги ва қабртошининг тузилиши XIX аср охирлари учун характерли бўлган. Мармартош XV аср бошларида қўйилган деган маълумотлар бор . Бироқ у XV асрдан олдин пайдо бўлмаганини “Зафарнома” асарида учратиш мумкин. Бу мақбаранинг орнаменти Гўри Амир мақбараси тош тўрсимон панжараларга жуда ўхшаш бўлиб, бу Улуғбек даври услубини кўрсатади. Ҳаким Термизий мақбараси ёзувларида Султон Абу Музаффар Аҳмад Тегин номи қайд этилган. Академик М.Е. Массон уни Қорахоний ҳукмдорларидан бири, деб изоҳлайди . 1980-1981 йиллар мақбара ва хонақоҳ қайта пардозланди. Мажмуанинг умумий тарҳи 28,0х29,0 м мақбарани 5x14,7 мни ташкил этади. Ҳаким Термизий дафн этилган жой араблар босқини арафасида марказий буддавийлик ибодатхоналаридан бири бўлган. Уни Термиз ибодатхонаси IX аср деб изоҳлайдилар. Кейинчалик бу икки аллома қабрлари атрофида йирик қабристонлар пайдо бўлган . Тарихчи олим Маҳмуд ибн Вали (XVII) ҳам ўз қайдномаларида буни тасдиқлаб, Ҳаким ат-Термизий ва Абу Бакр ал-Варроқнинг муқаддас қабрлари Кўҳна Термиз деворига яқинлигини ва қалъанинг шимолий томонидан жойлашганини қайд этади . 2001-2002 йилларда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий зиёратгоҳи давлат томонидан таъмирланган. 2008-2010 йилларда мажмуада Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан буджетдан ажратилган маблағ эвазига ҳамда Республика темир йўл компанияси ҳомийлигида қайта реставрация ишлари олиб борилган. 2010 йилда Республика Бош Вазири Ш.М. Мирзиёев бошчилигида зиёратгоҳда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилган. 2016 йил август ойидан 2017 йил май ойигача Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги Археологик ёдгорликларни сақлаш бўлими томонидан бюджет маблағи асосидан қайта таъмирланган.