ҚОРАТEПА – будда ғор ибодатхоналар мажмуаси (милодий 1-3- асрлар). Эски Термизнинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган. Дастлаб 1926-28 йилларда Москвадаги Шарқ халқлари маданияти давлат музейи экспедицияси очган. 1937 йилда М. Е. Массон ва Е. Г. Пчелина текширган. 1960 йилларда археолог Б. Я. Ставиский қазиш ишлари олиб борган. Ҳозирда Ўзбекистон – Япония қўшма археология экспедицияси иш олиб бормоқдаср Обида 3 та табиий тепаликда қурилган. Умумий майдони 8га дан зиёд. Жанубий дўнгликда 15 дан зиёд ғор мажмуаси бўлган. Ғарбий дўнгликдаги ғор мажмуаси 5 тадан ортиқ бўлмаган. Шимоли дўнгликнинг шарқий қисмини ер юзасида жойлашган монументал мажмуа эгаллаган, ғарбий қисмини эса ер юзасига қурилган унча ҳашаматли бўлмаган ибодатхоналар банд қилган. Қоратепадаги ҳамма иморатлар турли вақтларда барпо этилган. Кейинчалик аввалгиларига ёндош қилиб қурилган, сўнг улар билан бир вазифани бажаришган. Ҳаммаси бир неча бор таъмирланган ва тарҳи ўзгартирилган. Ибодатхоналар ёки бошқа муқаддас жойлар ичи мавзули (сюжетли) ва нақшинкор безак, лойганч, ганч, тош ҳайкали билан безатилган. Ғор ибодатхоналарини қуриш қоидалари ҳиндлардан ўзлаштирилган. Аммо кейинроқ қурилганларини режалашда бақтрийларнинг меъморий усуллари устун туради. Қоратепа даги дастлабки буддавий ибодат иншоотлари, афтидан, милодий 1-асрда қурила бошлаган. Қоратепанинг энг гуллаган даври милодий 2-3 асрларга тўғри келиб, бу пайтда ибодатхоналар кўплаб қурилган, аввалгилари эса янгиланган ҳамда безатилган. Бу жараёнда кушоншоҳлар, уларнинг ноиблари, шаҳар ҳокимлари ва бадавлат шаҳарликларнинг ҳомийлиги ҳамда мадади муҳим ўрин тутган. Қоратепадан топилган, бағишлов битиклари булган сополлар бу ҳолатни аниқ кўрсатади. Битикларга кўра, Қоратепа даги айрим мажмуотлар Кхадевакавихара – Подшо монастири, Вхара Гулавхара вхад – Гулавхара ўғли (Гондафар) Вихараси, Окавихара деб номланган. Қоратепа битикларида роҳиблардан Буддашир, Буддхамитра, Живананда исмлари эслатиб ўтилган. Бой эркак ва аёл ҳомийлар қиёфаси расмларда ҳамда ҳайкалларда сақланиб қолган. Қоратепадан қўплаб будда ҳайкаллари топилган. Милодий 3-аср охирига келиб, Қоратепа мажмуалари инқирозга юз тутди ёки вайрон этилди. Бу, сосонийларнинг Кушон давлатига қилган ҳарбий юришлари билан боғлиқ бўлса керак. Айрим мажмуотлар хоналарига оташкадалар ўрнатилган. Айни маҳалда Қоратепа мажмуотларининг муайян қисми милодий 4-аср охири – 5-аср бошигача ишлаб турган. Милодий 4-асрдаёқ Қоратепа даги кўплаб ташландиқ хоналар ва ғор ибодатхоналаридан қабр сифатида фойдаланилган, сўнг кириш жойлари хом ғишт билан уриб юборилган. Энг дастлабки қабрлар ёнида кушон-сосоний типидаги тангалар, Пероз тангалари ва унга тақлидан зарб қилинган тангалар учрайди, кейинги қабрларда эса милодий 5-6-асрлардаги Термиз ҳукмдорлари тангалари топилган, уларнинг бир томонида лангар тасвирланган. 7-асрдан 12-аср гача Қоратепа даги ярим кўмилган айрим хоналар ва ғорлардан зоҳидлар фойдаланишган. Қоратепадан топилган расмлар, ҳайкаллар ва бошқа декоратив-амалий санъат буюмлари кушонлар давридан Тармита – Термизда ўзига хос анъана ва йўналишга эга бўлган алоҳида бадиий мактаб бўлганидан далолат беради. Бу мактаб кушонлар даврида Бақтрия бадиий маданиятининггина эмас, балки бутун антик маданиятнинг ривожланишида катта роль ўйнайди. Қазиш пайтида Қоратепадан Кушон подшолиги даврига оид сопол идишлар, коса ва кўзачалар, мис чақалар, оҳактошдан ишланган меъморлик деталлари, плиталар, сопол чироғдонлар топилган. Топилмалар ичида 70дан ортиқ сопол идиш синиқларига ҳиндча битилган ёзувлар (кҳароштҳи ва браҳма ёзувлари) ва деворларга чизилган кушон-бақтрия ҳамда форс-паҳлавий ёзувлари характерли.