Жарқўрғон тумани Ҳайитобод қишлоғидаги Ҳайитобод тепалигига 800 метрлар масофада қабристон бўлиб, унга кираверишда ўнг томон очиқ жойда мусулмон оламида кам учрайдиган кўринишдаги, лой билан сувалган қабр бўлиб, унинг тепасига учта туғ қадалган. Унда “Ҳакимия” тариқати асосчиси Ҳаким Термизийнинг шогирдларидан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Варроқ ат-Термизийнинг қабри борлиги тўғрисида тахминлар мавжуд. Абу Бакр ал-Варроқ ат-Термизийнинг (ваф. тах. 907) таваллуд саналари аниқ эмас, бироқ Балх шаҳрининг Аёз деган жойида дунёга келган деб айтилган. “Шайх ал-ислом” унвонига эга бўлган машҳур шайх сифатида “Таврот” ва “Инжил” китобларини ўқигани сабабли замондошлари уни “Илм ва ҳикмат хазинаси” деб атаганлар. Абу Исо Термизийнинг тоғаси бўлган ал-Варроқ ат-Термизий қатор асарлар муаллифи бўлиб, унинг “Китоб ал-ихлос”, “Китоб ал-ҳуроф”, “Китоб ал-ажаб”, “Китоб ҳақиқат ал-бойин”, “Одоб ал-‘олим ва-л-мута‘аллим” каби таснифотлари мавжуд . Варроқ Термизий тўғрисида ёзма манбаларда маълумотлар сақланиб қолинган бўлиб, хусусан Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асарида, Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Варроқ ат-Термизийга берилган тавсиф учрайди . Алишер Навоий Варроқ Термизий асли Термиздан бўлиб, шайхлик даражасига эришган алломанинг “Варроқ” тахаллусини олишига касб-кори сабаб бўлганини таъкидлайди . Варроқ қадимий ва кўҳна китобларни қайта кўчириш ва муқовалаш билан шуғулланувчи кишиларга нисбатан ишлатилган . Тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг “Абдулланома” асарида, XV асрнинг бошларида, темурийлар даврида Ҳаким Термизий мақбарасида амалга оширилган қурилиш-таъмир ишлари ҳақида келтириб ўтади . Шунингдек, Бухорийнинг 1527 йилда ёзилган “Шарафномаи шоҳий” (Подшони шарафловчи китоб) номли асарида, Термизнинг топографик ўрни, меъморий бинолари, осори атиқалари ҳамда халқнинг этник таркибини келтириш билан бирга, бу даврда, Термиз балх ҳукмдорига буйсунганини ва Абдуллахон шаҳарни қамал қилишдан олдин Ҳаким Термизий ва Абу Бакр Варроқ мозор шайхларини катта совғалар билан сийлаб, ҳурмат кўрсатганини қайд этади . Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий Абу Варроқ Термизийнинг қабри Термизда эканлигини, у Имом Абу Исо Термизийнинг тоғаси бўлганлигини таъкидлайди . Яна шуни айтиб қўйиш керакки, X асрдан бошлаб, Термиз работи ҳисобланган қисмининг шимолий тарафида Варроқ Термизий мақбараси тикланган бўлса, Жайҳун тарафда Хожа Варроқ мозорига қадар Ҳаким Термизий мақбарасининг гўрхона қисмида аллома дафн этилган ва унинг хоки устида мўъжазгина мақбара бунёд этилган. Кейинчалик Қорахонийлар даврида қурилган маҳобатли иншоотга асос бўлиб қолган бу илк мақбара 28х28х4 см, 30х30х4-5 см ўлчамга эга хом ғиштлардан кўтарилиб, бу турдаги ғиштлар меъморчиликда Сомонийлар давридан бошлаб кенг қўлланилган . Маҳаллий аҳоли вакилининг аждодларидан эшитган маълумотга таяниб айтишича, у Варроқ Термизийники бўлиб, қабр IX-X асрлардан буён мавжуд экан. Шўро даврида мақбара яқинида майдонларни текислаб ташлаш туфайли кўплаб тарихий обидалар, жумладан, муқаддас зиёратгоҳларнинг бузилиб, бутунлай йўқ бўлиб кетиши кузатилади, шу сабабдан Варроқ Термизий қабри ноаниқ бўлиб қолган . Қабристонга кираверишга маҳаллий аҳоли томонидан ҳомийлик асосида дарвоза ва дуо фотиҳа қилишлари учун очиқ айвон қурилган. Қабристон ёнида аввалдан Ҳайитобод масжиди бўлиб, у қайтадан ҳашар йўли билан 800 ўринли қилиб қурилган.