Сурҳон воҳасида аллома, авлиё ва уламоларнинг руҳлари абадий қўним топган маданий мерос объектлари билан бирга маҳаллий аҳолигагина маълум, ўз даврида кучли ислом илмига эгалиги билан аҳоли ва ҳукмдорлар орасида обрўга эга бўлган момолар қабрлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар ҳам бор. Сурхондарё вилояти Юрчи қўрғони Дўстлик қишлоғида Биби Сарпуш зиёратгоҳи жойлашган . Зиёратгоҳ тарихи ҳақида аниқ маълумот йўқ. Маҳаллий аҳоли вакилининг айтишича, қабрнинг ўнг томонида зиндон бўлган (XII-XIII асрлар), у ердаги маҳбусларга қиз таом, нон олиб келиб турган ва бу сирни сақлаган, шу сабаб унга Биби Сарпуш (сир сақловчи) деб ном қўйишган, уни Қоракўз ҳам деб аташган. Ота-онаси мусулмон бўлмасада қиз ислом динини қабул қилган. Шу сабаб аҳоли орасида ҳурмати ошган. Вафотидан кейин қиз шу ерга дафн этилган. Кейинчалик бу ер маҳаллий аҳолининг катта қабристонига айланган. Биби Сарпушнинг қабри очиқ жойда тепалик бағрида жойлашган. Қабристон номи ва зиёратгоҳ "Биби Сарпуш" деб аталади. Зиёратгоҳ ҳудудида у ерга келувчи зиёратчиларнинг номоз ўқиши учун маҳаллий ҳомийлар томонидан 2 хонали уй, усти ёпиқ шийпон қилинган . Ҳозирги кунда бу жой зиёратга келувчи аёлларни мардлик, жасурлик эътиқоди мустаҳкам, иродали, сир сақловчи, вафодор аёл сифатида эзгуликка чорлайди. Туризм йўналиши бугунги кунда давлатимизда устувор соҳага айланган бир даврда, Жанубий Ўзбекистонда аёллар номи билан боғлиқ зиёратгоҳларга маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қилиш, ички ва ташқи зиёрат туризмини ривожлантириш давлатимиз истиқболини белгилайди.