Бибиширин зиёратгоҳи

Бибиширин зиёратгоҳи

Сурҳон воҳасида аллома, авлиё ва уламоларнинг руҳлари абадий қўним топган маданий мерос объектлари билан бирга маҳаллий аҳолигагина маълум.

Сурҳон воҳасида аллома, авлиё ва уламоларнинг руҳлари абадий қўним топган маданий мерос объектлари билан бирга маҳаллий аҳолигагина маълум, ўз даврида кучли ислом илмига эгалиги билан аҳоли ва ҳукмдорлар орасида обрўга эга бўлган момолар қабрлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар ҳам бор. Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Ширинобод қишлоғи бир тепалик устида Бибиширин зиёратгоҳи жойлашган . Ривоят қилинишича, Бибиширин Омонхонада абадий макон топган буюк соҳибкаромат авлиё Султон Вали ҳазратларининг туғишган синглиси Бибирайҳон бўлади. Бибиширин бибимиз ўз замонасида ҳақ муомаласи ва маърифат бобида беназир бўлган . Тадқиқотчи М. Зарипова Омонхона ва Бибиширин мавзесидаги қариялар билан қилган суҳбатига асосланиб айтишича, Омонхонадаги шифобахш сув, Авлоддаги Бошчашма Шамсуддин Султон Валий кароматлари билан содир бўлганинини такидлайди. Ҳазратнинг дуоларини олиш учун Бойсунга ташриф буюрган Мовароуннаҳр ҳукмдори Соҳибқирон Амир Темур билан Дилоркамда Санги Султондаги учрашуви у кишининг ўз даврида катта нуфузга эга эканлигидан далолатдир . Демак, Бибиширин момо ҳам Амир Темур даврида яшаган авлиё Султон Валининг синглиси бўлиб, акасидай халқ орасида юксак маънавият, илм бобида тенгсиз бўлган, шу сабаб маҳаллий аёллар орасида ҳурмат қозонган. Бибиширин мақбараси катта қабристон четида қад кўтарган. Мақбаранинг олди пеш айвонли бўлиб, гумбаз билан ёпилган . 1986 йилда Совет ҳокимиятининг диний эътиқодимизни топташ учун олиб борган сиёсати туфайли Бибиширин мақбараси бўзиб ташланган. 1988 йилда Пасурхи қишлоғидан бўлган, ҳозирда шу қабристонда мангу қўним топган Ҳамид Каримов, ҳамда Қорабўйин қишлоғидан бўлган ака-ука Абдуллаевлар томонидан мақбара қайтадан тикланган. Мустақиллигимиз туфайли 2002-2007 йилларда мақбара маҳаллий ҳомийлар томонидан қайта таъмирланган. Қабристон ва мақбара Бибиширин номи билан аталиб, у ерда ўз даврида маҳаллий аҳоли орасида машҳур бўлган домла Кулобийнинг қабри ҳам бор. Ҳафтанинг чоршанба кунлари бу ерга фақат аёллар зиёратга келишади . Зиёратгоҳларнинг юксак мавқега эга бўлиши у ерда ётган шахснинг саййид, авлиё авлодига мансуб бўлганлиги, ҳамда ўзининг ислом илмларини яхши билганлиги сабаб маҳаллий аҳолининг ижтимоий, маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаганлигидир. Туризм йўналиши бугунги кунда давлатимизда устувор соҳага айланган бир даврда, Жанубий Ўзбекистонда аёллар номи билан боғлиқ зиёратгоҳларга маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қилиш, ички ва ташқи зиёрат туризмини ривожлантириш давлатимиз истиқболини белгилайди.

Галерея