Бибизайнаб зиёратгоҳи

Бибизайнаб зиёратгоҳи

Сурҳон воҳасида аллома, авлиё ва уламоларнинг руҳлари абадий қўним топган маданий мерос объектлари билан бирга маҳаллий аҳолигагина маълум, ўз даврида кучли ислом илмига эгалиги билан аҳоли ва ҳукмдорлар орасида обрўга эга.

Сурҳон воҳасида аллома, авлиё ва уламоларнинг руҳлари абадий қўним топган маданий мерос объектлари билан бирга маҳаллий аҳолигагина маълум, ўз даврида кучли ислом илмига эгалиги билан аҳоли ва ҳукмдорлар орасида обрўга эга бўлган момолар қабрлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар ҳам бор. Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Бибизайнаб қишлоғи четидаги адир ён бағрида Бибизайнаб зиёратгоҳи жойлашган . Бибизайнаб момо Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Эшон қишлоғидан бўлиб, руслар Ўрта Осиёни забт этганида, у киши билан бирга қариндош-уруғлари ҳозирги зиёратгоҳ ҳудудига кўчиб келишган. Саййид авлодидан бўлган Бибизайнаб момонинг турмуш ўртоғи ҳам ислом илми билимдони, буюк авлиё эдилар. Биби Зайнаб момо ҳам қалби тоза, покиза аёл бўлиб, ислом илмини авом халққа етказишда кўп куч сарфлаган . Маҳаллий аҳоли вакилининг айтишича, Бибизайнаб момонинг аждодлари Амир Темур даврида Шаҳрисабзда яшаган бўлиб, саййид авлодидан бўлганлиги, аҳоли ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутгани учун Соҳибқирон назарига тушган . Бибизайнаб момо қабри оддийгина пишиқ ғишт билан ўраб қўйилган бўлиб, қабр очиқ жойда жойлашган. Қабр тепасида бири мушт, бири очиқ бўлган қўлларнинг рамзий белгиси қўйилган. Халқ орасидаги кексаларнинг гапига кўра, муштнинг рамзий маъноси кимки у ерга зиёратга борса келаётган балои қазо даф бўлармиш, очиқ қўл зиёратчилар учун кўнглим очиқ" деган маънони билдирар экан Бибизайнаб момо зиёратгоҳига Шаҳрисабздаги авлодлари ҳам келиб туришади. У кишининг авлодлари ва қишлоқ аҳли ҳам шу қабристонга қўйилган. Қабристон, зиёратгоҳ ва қишлоқ Биби Зайнаб момо номи билан аталади. Бибизайнаб момодан Қорахон эшон, Боқохон эшон, Шойит бобо эшон ва бошқа авлодлар тарқалган. Авлодлари ҳозирги кунда Олтинсой тумани Бибизайнаб, Вахшувор, Маданият қишлоқларида истиқомат қилишади. Олтинсой тумани Қорлиқ қишлоғида Бибизайнаб момо авлоди Қорахон эшонбобо зиёратгоҳи жойлашган. Қабр устига маҳаллий аҳоли томонидан бир хонали, усти гумбазли мақбара қурилган. Зиёратгоҳга маҳаллий аҳоли вакиллари, Бибизайнаб момо авлодлари келиб туришади. Туризм йўналиши бугунги кунда давлатимизда устувор соҳага айланган бир даврда, Жанубий Ўзбекистонда аёллар номи билан боғлиқ зиёратгоҳларга маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қилиш, ички ва ташқи зиёрат туризмини ривожлантириш давлатимиз истиқболини белгилайди.

Галерея