Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Омонхона қишлоғида Ҳазрат Султон Вали (XlV аср) зиёратгоҳи жойлашган. Ҳазрат Султон Вали ҳақида тарихий ва ёзма манбаларда маълумотлар мавжуд эмас. Фақатгина у киши ҳақида баъзи ривоятлар мавжуд. Тарихчи олим А. Холмирзаевнинг айтишича, ўлимидан сўнг шу ерда дафн этилган. Ривоятларга кўра, Ҳазрат Султон Вали XlV асрда Балхда туғилган. Ўзига устоз излаб, Сиддиқ саҳоба билан бирга, ҳозирги Омонхона дарасига келиб жойлашган . Шу ерда қирқ кун чиллада ўтириб, "Балогардон" деган лақабга сазовор бўлган. Тарихчи С. Турсуновнинг келтиришича, Ҳазрат Султон Вали мозори атрофи 10 гектар келадиган эски қибристон бўлган. У кишининг исмишарифлари Сайид Шамсуддин бўлиб, ҳалқ Ҳазрат Султон Вали Балогардон деб аташади. Ҳазрат Султон Вали Бойсуннинг Омонхона (аслида, Эминхона, эмин-эркин маъносида), қишлоғида яшаб, шу ерда макон топганлар. Шайх Саид Шамсуддин ҳазратларининг Бойсундаги Дийдоркамда Санги Султонда Амир Темур билан учрашуви ўз даврида қандай нуфузга эга бўлганлигидан далолат беради. Ҳазрат Султон Вали кўп йиллар Омонхонадаги Ёппакамарда чилла тутиб, ибодат ва зикр қилиб юрганлар. Ўша пайтда бу кишининг овозаси нафақат Чағониён, балки бутун Чиғатой улусига кетган бўлиб, хизматларига одамлар келишган . Ҳазрат Султон Вали қабрининг ўнг томонида халифаси, оёқ томонида фарзандларининг қабри бўлган. Аввал қабр устида мақбара бўлмаган. 2002 йилда қабр устига очиқ айвонли мақбара қурилган. Қабристон ёнида уч гектарли боғ барпо қилинган. 4 км узоқликдаги Олича булоғидан қувур орқали боғга сув келтирилган. Бойсун тумани Ширинобод қишлоғидаги бир тепалик устида Бибиширин зиёратгоҳи бор. Ривоят қилинишича, Бибиширин Омонхонада абадий макон топган соҳибкаромат авлиё Султон Вали ҳазратларининг туғишган синглиси Бибирайҳон бўлади. Бибиширин бибимиз ўз замонасида ҳақ муомиласи ва маърифат бобида беназир бўлган . Халқ орасидаги ривоятларга кўра, Ҳазрат Султон Вали қабри устига қуриладиган бўлажак мақбарани бефарзанд ўтган синглиси Бибишириннинг қабри устига қуришни васият қилган . Бунда биринчи муқаддас жой номи орқали иккинчи жой мавқеи оширилган. Совет иттифоқи даврида Бибиширин ёдгорлиги бузиб ташланган, лекин қабрлар сақланиб қолган. Хуллас, Сурхон диёрида ислом оламида танилган аллома, авлиё, тасаввуф вакиллари яшаб ўтган бўлиб, уларнинг ҳақиқий хоки шу заминда абадий макон топган. Кичик мақбара ва зиёратгоҳларнинг аҳоли орасида нуфузи кўтарилишига сабаб, уларнинг йирик шахс номлари билан боғлиқлигини кўришимиз мумкин.