Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Омонхона қишлоғида неча асрлик тарихга эга шифобахш сув – Омонхона булоғи бор. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, қишлоқнинг пайдо бўлганига етти аср бўлган. Булоққа яқин жойда Қамари Азиз рамзий зиёратгоҳи ҳам мавжуд. Омонхона қишлоғида Ҳазрат Султон Вали Балогардон, Хожа Сиддиқ саҳоба, Хожаи Вақтдон, Қамари Азиз номли зиёратгоҳлар жойлашган. Бу улуғ манзиллар неча асрлардан буён сақланиб қолган бўлиб, одамлар қадимги даврлардан бу зиёратгоҳларга ташриф буюришган. Айтишларича, ҳозирги кунда маҳаллий аҳоли "Омонхона суви" деб атайдиган булоқ Ҳазрат Султон Вали ҳассасини тошга уришидан пайдо бўлган экан. Ҳазрат Султон Вали содиқ халифаси Назармамат билан Ғуттакамар дарасида яшаб, кейин ҳозирги кунда Омонхона деб аталувчи қишлоққа кўчиб ўтишган, охирида эса шу ерни абадий макон қилишган экан. Омонхона булоғидан 200 метр масофада Омонхона қишлоғининг ўртасидаги бир тепаликда Ҳазрат Султон Вали (XlV аср) зиёратгоҳи жойлашган . Омонхона булоғининг тепасида Омонхона ғори бор. Ғор оғзи жуда тор, бир киши аранг сиғади. Йўлакнинг узунлиги 3-3,5 метр. Ғорнинг ичи тахминан 50-60 кв, метр бўлиб, ёзда 5-6° совуқ, қишда 20° илиқ бўлади. Эътиборли томони шундаки, бу ғор бошқа ғорларга ўхшамайди. Тоғ аҳолиси айнийдиган озиқ-овқатларини шу ғорга олиб келиб қўяди. Ғорга ҳар қандай одам тушолмайди. Омонхона ғорининг қуйи қисмида Омонхона булоғи бор. Юқорида келтирилган ривоятларни инобатга олмасак, булоқнинг қачон пайдо бўлганини ҳеч ким билмайди. Совет даврида Ҳазрат Султон Вали қабрини зиёрат қилиш тақиқланган. Омонхонага Оқ масжид 70 йил ёпиб қўйилган. Булоқ сувининг шифо сифатида фойдаланилишига рухсат берилмаган . Мустақиллик шарофати билан 1994 йилда Омонхона булоғи қошида Омонхона шифохона-оромгоҳи очилган. Омонхона булоғининг сув таркиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Н. А. Семашко номидаги Саломатликни тиклаш ва табиий даволаш илмийтекшириш институтида томонидан ўрганилиб, сув таркибида сульфат иони 88 мг, Экв; р-н 80 биоқувват мавжуд бўлиб, сув таркибида. кремний кислотаси, темир, алюминий ва бошқа микроэлементлар ҳам мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, сульфат ва магний ионлари меъёридан бир неча баробар ортиқ бўлиб, истеъмол қилинганда ўт сурувчи, сийдик ҳайдовчи, қон босимини тушириш хусусиятига эга. Омонхона булоғи суви сурункали гепатит, сурункали холистит (ўт пуфаги йўлларининг яллиғланиши), ошқозон-ичак тизимида учрайдиган касалликлар: гастрит, дуодент, комет, қандли диабет, ошқозон ости безининг яллиғланиши (панкреатит), хафақон (қон босими) ва бошқаларга даво ҳисобланган . Омонхона қишлоғи, Ҳазрат Султон Вали, Омонхона булоғи тарихи ҳақида А.Холмирзаев , С.Турсунов , Шоҳ Мурод Шароф , М.Зарипова , Т.Алланов, О.Алланов илмий изланишлар олиб борган. Омонхона булоғига яқин жойда Ҳазрат Султон Валининг фарзанди билан боғлиқ "Қамари Азиз" рамзий зиёратгоҳи бор. У ерга мустақиллик йилларида рамзий қабр қилиниб, устига очиқ айвонли мақбара қурилган. Қадамжо атрофи девор билан ўралган. Зиёратчилар учун текис йўлак, очиқ айлонли шийпон, ўтирғичлар ўрнатилган. Қишлоқдаги масжидлар ҳам таъмирланган. Ҳазрат Султон Вали, Қамари Азиз зиёратгоҳлари ҳамда Омонхона шифохона-оромгоҳига бориш учун йўллар қайта тузатилган . Қамари Азиз ҳақида ёзувчи Шоҳ Мурод Шароф қуйидаги ривоятни келтирган: Кунларнинг бирида Ҳазрат Султон Вали Балогардоннинг етти яшар ўғли Қамари Азиз Ёппакамар ичида ўйнаб юриб, кутилмаганда ғойиб бўлибди. Муридлар ҳар қанча қидиришмасин топиша олмабди. Бу нохуш хабарни ноилож пирларига айтишибди. Султон Вали ҳеч нарса бўлмагандек, бамайлихотир дуои фотиҳа қилибди ва шундай дебди: "Қамари Азизнинг ғойиб бўлиши менга азалдан маълум эди. Бориб кўрингларчи, ўғлим ғойиб бўлган жойдан булоқ оқиб чиқаётган бўлиши керак. Аллоҳ таоло менинг фарзандим шарафига инсониятда учрайдиган, етмиш хил дардга даво бўладиган шифобахш сувли булоқ инъом қилди. Қамари Азиз шу булоқ шарофати билан охиратгача одамлар қалбида яшайди" дебди. Муридлар бориб кўришса, ҳақиқатдан ҳам тошлар орасидан янги булоқ кўз очиб, шарқираб оқаётган эмиш . Орадан кўп асрлар ўтибдию, булоқ ҳамон тинимсиз оқиб дардманлар дардига шифо бўлиб келмоқда. Ҳазрат Султон Вали авлодлари ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Шеробод Қумқурғон, Денов туманларида истиқомат қилишади. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, турли ривоятлар асосида шаклланган, неча асрлик тарихга эга бўлган Омонхона қишлоғи, у ерда абадий макон топган Ҳазрат Султон Вали зиёратгоҳи ва у кишининг каромати билан пайдо бўлган Омонхона бўлоғи, оромгоҳи, Қамари Азиз зиёратгоҳи жуда кўплаб зиёратчи ва дам олувчилар билан доим гавжум. Бу маскан бутунги кунда обод ва ўз қадим тарихига эга ҳудуд бўлиб, қўшни вилоятлар ва бутун Республика аҳолиси учун ўзига хос зиёрат ва экотуризм манзилидир.