Сурхон диёрида “Чил духтарон”- “Қирқ қиз”лар билан боғлиқ қарашлар

Сурхон диёрида “Чил духтарон”- “Қирқ қиз”лар билан боғлиқ қарашлар

Ўрта Осиё ижтимоий-маданий ҳаётида табиат билан боғлиқ зиёратгоҳларни зиёрат қилишнинг анъанага айланиши, тарихий илдизлари узоқ даврларга бориб тақалади.

Ўрта Осиё ижтимоий-маданий ҳаётида табиат билан боғлиқ зиёратгоҳларни зиёрат қилишнинг анъанага айланиши, тарихий илдизлари узоқ даврларга бориб тақалади. Қадимда бу ҳудудда яшаган одамлар табиат сирлари, ундаги ўзаро уйғунликни ҳаёлий ўзлаштириш билан бирга, уларда диний тасаввурлар ҳам аста-секинлик билан шакллана борган. “Чилдухтарон”, яъни “Қирқ қиз”лар билан боғлиқ қарашлар Сурхон воҳасида мавжуд бўлиб, Термиз, Узун, Бойсун туманларида шу номдаги зиёратгоҳлар бор. Улар ҳақида ҳалқ орасида турли ривоятлар учрайди. Л. С. Толстовнинг таъкидлашича, “Қирқ қиз”лар номи билан боғлиқ ривоятлар ва ҳалқ достонларининг илдизлари эрамиздан аввалги V-lV асрларда яшаган сак-массагет қабилаларидаги мавдуд ривоятлар билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки сак-массагетлар яшаган даврда жангчи қизлар бўлинмаларининг мавжудлиги Юнон ва Рим тарихчилари томонидан тилга олинган. Кейинчалик улар орасида турли ривоят ва достонлар юзага келади . Шу тариқа жой номлари ҳам пайдо бўлган. Ўрта Осиё ҳалқлари қадимдан “Қирқ-қиз” зиёратгоҳларига илтижо қилиб, мадад сўраш одати мавжуд бўлган. Бу одат кейинчалик фолбин аёлларда сақланиб қолган. Этногриф олим О. А. Сухарева томонидан ёзиб олинган матнда фолбин аёлнинг чилтон покиза, яъни қирқта бокира ҳур қизларга мурожати ҳам келтирилган . Термиз туманидаги "Қирқ-қиз" мақбараси Республикамиздаги таниқли археологик ёдгорлик бўлиб, Сомонийлар даврига оиддир. У IX-XIV асрлар давомида йирик маданийдиний марказ сифатида фаолият кўрсатган. Ушбу даврда Термиз "Шаҳри Сомоний" деб тарихий манбаларда қайд этилган. Бу мажмуа бир бой уруғига тегишли қўрғон, деб тахмин қилинган. Шу билан бирга аҳоли томонидан улуғланадиган муқаддас зиёратгоҳ ҳамдир. Шундай зиёратгоҳлардан бири Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Хонжиза тоғи Хўжаастмин қишлоғи тепасида Кўйи Сафед (Оқ тоғ) этагида "Қирқ қиз" (Чил духтарон) зиёратгоҳи жойлашган. Тоғ оппоқ кўрингани, тепасида доим қор бўлгани учун шундай деб аталади. Тоғ орасида қирқта арча бор. Ривоятларга кўра, бир малика ўзининг қирқта канизаклари билан айланиб, сайр қилиб юрганда ўзлари томонга отда келаётган бир қанча эркакларни кўради. Тоғ тепасида қаерга қочишни билмаган қизлар Аллоҳга эркаклардан яширишини сўрайди. Сўрови ижобат бўлиб, қирқта қиз қирқ арчага айланиб қолган экан . Ҳозирда ҳам бу ерда қирқта арча бўлиб,уни ҳеч ким кесмайди. “Қирқ қиз” зиёратгоҳи ёнида “Хўжаиаспбон” (отбоқар хўжа) қабри ва ноодатий айлана тош, Шакарсеб (Шакар олма) булоғи ҳам бор . Булоқлар билан боғлиқ қарашлар уларнинг ҳаёт экологияси асосини ташкил этади. Таъкидлаб ўтиш керакки, "Қирқ қиз" лар билан боғлиқ ривоятларда "Қирқ" рақами муҳим аҳамиятга эга бўлган. "Қирқ" рақамини эъзозлаш туркий ҳалқларда қадим замонлардан бошланганлигини деярли барча олиилар тасдиқлашади. Бу рақам исломдан олдинги урф-одатларга бориб тақалади. Энг муҳими, рақамларни илоҳийлаштириш, унинг кароматига ишониш ва у билан турли маросим, тадбирларни белгилашдан иборат бўлган. Айниқса, бу одатлар Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Вақт ўтиши билан мазкур "Сеҳрли" рақам ислом қоидаларига сингиб, турли матосимлар мана шу рақам атрофида амалга ошириладиган бўлган. Форсча "Чил духтарон" ёки "Қирқ қиз" номли жойлар юртимизда кўплаб учрайди. Шулардан бири Термиз туманидаги "Қирқ қиз" мақбараси ҳисобланади. У республикамиздаги таниқли археологик ёдгорлик бўлиб, Сомонийлар даврига оиддир. Археологларнинг олиб борган тадқиқотларида аниқланишича, "Қирқ қиз" қаъласи қуйидаги ҳолатда сақланиб қолган: у ёруғлик тарафга қараб қурилган бўлиб, квадрат шаклида, бурчаклари бақувват ички миноралар билан мустаҳкамланган. Кириш айвонларига деразалар ўрнатилиб, узун ўтиш айвонлари орқали ички ҳовлига ўтилади. У ердан тўрт қисмдан иборат икки қаватли бинога кирилган. Ушбу биноларнинг иккитаси шимоли-шарқий, шимоли-ғарбий тарафдан бир хил бўлиб, иккаласида ҳам бештадан тўғри бурчакли хоналар мавжуд. Хоналар уч тарафдан икки қаватли бир-бири билан бирикиб кетган заллар билан ўралган. Ҳар бир хона фақат зал билан туташтирилган . "Қирқ қиз" обидасининг қурилиш услуби хилма-хиллиги билан диққатга сазавордир. Иншоот қурилишида ғиштлар қатлам қилиб, бошқаларида эса эгилган ҳолатда терилган. 1972 йилда шарқ маданияти музейи экспедицияси иншоатда архитектуравий ўлчаш ва суратга олиш ишларини олиб борган. Дастлаб мажмуа тарихини ўрганиш ва унинг ҳажмини ўлчаш ишларини 1936 йили С. Н. Полупанов ҳамда И. В. Заволинлар АЁСББ (Археологик ёдгорликларни сақлаш бош бошқармаси) амалга оширган бўлиб, ушбу тадқиқот натижалари архивда сақланмоқда. 1965 йилда археолог З.А. Ҳакимов тадқиқот ишларини олиб борган . Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Мочай қишлоғида "Қирқ қиз" деган тошлоқ тепалик бўлиб, маҳаллий аҳоли уни "Қирққизтош" деб атайди. Афсоналарга кўра қирқта қиз чўмилиш учун сой бўйига тушадилар Маълум вақт ўтиб, қизлар ҳали чўмилиб улгурмаган бир пайтда отларнинг дупурдупури эшитилади, ёв бостириб кела бошлайди. Қизлар тоғ томонга қочишади.Осий қўлига аср тушишни ҳоҳламаган қизлар кўкка ёлворишиб тошга айланишни сўрайди. Шунда илтижо қабул бўлиб, қирқта қиз қирқта тошга айланиб қолган экан . Академик В.В. Бартольднинг таъеидлашича Ўрта Осиёда қадимги иншоатларни маҳаллий ҳалқ кўп ҳолатларда “Чил духтарон” номи билан боғлашга одатланганлар . Фарғона вилоятининг Сўх, Фарғона, Бешариқ, Марғилон, Охунбобоев, Олтиариқ туманларида ҳам қирқ қизлар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар мавжуд. Мустақиллик йилларида моддий ва маданий ёдгорликларни асрабавайлаш, диний ва миллий қадриятларни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”, 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-5328-сон “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шар-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонлари, 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон “Диний- маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг №-709 сонли фармойиши қабул қилинган. Унга кўра, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган. Табиат томонидан пайдо бўлган зиёратгоҳларга халқимизнинг қадимги қадрияти сифатида давлатимиз катта эътибор бермоқда. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, воҳанинг турли ҳудудларидаги “Қирқ қиз”лар билан боғлиқ зиёратгоҳлар гўзал табиат инъомидир. Термиз туманидаги “Қирқ қиз” ёдгорлиги археологик объектдир. Халқ орасида улар ҳақида турли ривоятлар мавжуд. Бундай қарашлар халқимизнинг қадимги эътиқоди, қадрияти бўлган. Айниқса уларнинг баланд тепаликларда жойлашганлиги, гўзал табиати, сўлим ва салқин ҳавоси зиёратчилар сонининг йилдан йилга ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Халқимизнинг қадимги қадрияти, эътиқодини кўриш ва тарихини ўрганиш учун бундай объектларни зиёрат туризмига айлантириш олдимизда турган муҳим вазифадир.