Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Хўжаипок қишлоғи тоғ ён бағрида Хўжалар номи билан боғлиқ Хўжаипок зиёратгоҳи жойлашган. "Хўжа" сўзи форсча обру эътиборли киши, соҳибу фахрий, унвон ва мурожаат шаклидир. Марказий Осиёда XX аср бошига қадар хўжалар Хулофои Рошидийн (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али), Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг қизлари Фотимадан бўлган авлодларидан ташқари авлодлари даъво қилувчи шахсларнинг фахрий унвони. Бошқа манбаларда хўжалар арабларнинг фатҳий юришларига бошчилик қилган саркардалар авлодлари деб ҳисобланади . Хўжаипок зиёратгоҳида тоғнинг тагидан бир неча чақирим узунликда шифобахш сув чиқади. Сув Тентак дарё (Олтинсой дарё)га қуйилади. Сувнинг қаердан чиқаётганлиги ҳанузгача номаълум. Зинапоя орқали сув чиқадиган ғорга тушилади. Бу ерда бир қабр бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ушбу қабр Хўжаипок отанинг синглиси Бибизайнабнинг қабридир. Ғорга ташмасдан тепаликда рамзий яна бир қабр бор. Аҳоли орасида бу қабр Хўжаипок ота, яъни Абдураҳмон ибн Авфнинг қабридир . Тадқиқотлар натижасида, манбаларда хўжалардан бўлган Хўжаипок исмли шахс аниқланмаган. У ҳақида фақат ривоятлар мавжуд. Абдураҳмон ибн Авф (ваф.654/32 ҳижрий) саҳоба бўлиб, ислом дунёсида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) томонидан "Ашараи мубашшара" яъни ҳаётлик чоғида жаннатий экани башорат қилинган ўн саҳобадан бири бўлган . Тарихий манбалардан маълумки, саҳоба Абдураҳмон ибн Авф умуман бизнинг юртимизга келмаган. Демак, ғорнинг тепасидаги ва ғорнинг ичидаги қабрлар рамзийдир. Саҳобалар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар бутун республика бўйлаб учрайди. Абдураҳмон ибн Авф номи билан боғлиқ рамзий зиёрат объектлари Ангор туманида, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах вилояларида ҳам мавжуд. Хўжаипок зиёратгоҳи тоғ ён бағрида баҳаво жойда жойлашган бўлиб, баҳор ва ёз фаслларида ўзининг сўлим табиати, шифобахш суви билан кўплаб зиёратчиларни жалб этади. Аниқланишича, сув таркибида фосфор, олтингугурт, туз, хлорид, сульфид, азон, темир ва бошқа моддалар бор. Сув асосан, бош, оёқ, бел оғриқлари, кўкрак қафасининг қисилиши, турли яралар, чипқон, тошма, тери ва асаб касалликларига даъводир . Олиб борилган сўровларга кўра, маҳаллий аҳоли шифобахш сувни Хўжаипок ота каромати деб билишади ва ундан фойдаланганда шифо топишга катта умид қилишади. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Хўжаипок қишлоғида ҳам Хўжаипок ота зиёратгоҳи жойлашган. Бу қадамжо ҳалқ орасида араб истилосидан кейин X-Xl асрларда ислом динини тарғиб қилиш учун келган етти хўжалардан бири Хўжаипок отага тегишли эканлиги айтилади .Тахминимизча, бу ердаги қабр рамзийдир, чунки илмий изланишлар натижасида Хўжаипок ота ҳақида тадқиқотларда маълумотлар учрамади. Зиёратгоҳ ҳудудида худди Сурхондарёдаги Хўжаипок зиёратгоҳи каби олтингугуртли сув чиқади. Ундан ҳосил бўлган кўл ва балчиқ бор. Н. А. Семашко номидаги Республика курортология ва фезатерапия институти мутахассислари Хўжаипок ота зиёратгоҳи сувининг таркибини ўрганиб, Д. Менделеев жадвалидаги кўп менерал моддаларнинг борлигини аниқлаган ва касалликларга шифо бўлиши айтилган . Хўжаипок зиёратгоҳи суви шамоллаш билан боғлиқ касалликлар: ревматоид (бод касаллиги), полеартрид, турли тери касалликлари, асаб тизими, умуртқа астехондрози, умуртқа грижаси, ҳар хил невропотиялар, сурункали холисистид, энтрохолидпростатит, аднигсит, бурцелоз ва бошқа касалликларни даволашда фойдаланилади . Хўжаипок ота суви ва балчиғи асосан июнь, июль ойларида қуёш иссиғи таъсирида исиб, беморларга шифо бўлиш ҳусусиятига эга. Хуллас, Хўжаипок зиёратгоҳи рамзий бўлса-да, улар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар тарихини кенг оммага тарқатиш, нафақат вилоятда, балки республикада туризм йўналишида машҳур қилиш, ислом уламолари ҳаётини илмий ўрганиш, рисолалар, китоблар нашр қилиш лозим бўлади.