Хўжа Ҳасан Илғорий зиёратгоҳи

Хўжа Ҳасан Илғорий зиёратгоҳи

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Жиянбобо қишлоғида саҳобалардан бўлган Хўжа Ҳасан Илғорий, ҳалқ орасида яна бир номи Каптархона деб аталувчи зиёратгоҳ бор.

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Жиянбобо қишлоғида саҳобалардан бўлган Хўжа Ҳасан Илғорий, ҳалқ орасида яна бир номи Каптархона деб аталувчи зиёратгоҳ бор. Саҳобалар муқаддас ислом динини бутун башариятга етказиш йўлида барча машаққатларни кўтариб, тўла-тўкис адо этган зотлардир. Қуръони каримда саҳобаи каромларга шундай хитоб қилинган: "Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдиларингиз". Х-Xl асларда ислом динини мустаҳкамлаш учун саҳобаларга рамзий қабрлар қилиниб, уларнинг халқ орасидаги образи гавдалантирилган. Хўжа Ҳасан Илғорий (582-632 йй) исломни кенг тарғиб қилишда катта куч сарфлаган. Бир қанча жангларда Муҳаммад Пайғамбар (с. а. в.)га ёрдам берган ўта довюрак, жасур шахс бўлган. Хотираси кучли бўлиб, ҳар қандай маълумотни ёдда сақлай олган. Шу билан бирга, ислом илми билимдонларидан бири бўлган. Шунинг учун унга Хўжа Ҳасан Илғорий ( тез илғовчи, англовчи, зийрак) деган тахаллус қўйилган . Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: "Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирортангиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортаси "муд"ига (544 грамга тенг ўлчов бирлиги) ҳам, у (муд)нинг ярмига ҳам эриша олмайди", дедилар" (Термизий ривоят қилган). Чунки, бу зотлар пайғамбарларнинг охиргисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу жонларини фидо қилган мўминлардир . Олтинсой туманидаги сахоба Хўжа Ҳасан Илғорий шарафига барпо этилган "Каптархона" (XlX-XX асрлар) зиёратгоҳи аҳоли орасида Бўри халифа бобо номи билан машҳур бўлиб, айтишларича, бу кишини зиёрат қилганлар яралардан халос бўлар экан. У ердаги биринчи қабр Хўжа Ҳасан Илғорийнинг рамзий қабри бўлиб, ёнида кичик дарча бор. Зиёратчилар дарчадан тупроқ олиб, яраларига малҳам қиладилар. Яна бу ерга қўрққан кишилар, боласи турмаганлар, боласига чилла тушганлар келишади. Зиёратгоҳга жуда кўп зиёратчи келиб-кетгани учун "Каптархона" зиёратгоҳи номини ҳам олган . Сариосиё тумани Саргардак тоғи тепасида хўжалар номи билан боғлиқ Хўжа Илғор (Илғор хўжа), Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида эса, саҳоба Хўжа Ҳасан Илғорий деб аталган зиёратгоҳлар бор. Фақат биттаси хўжа, биттаси саҳоба номи билан боғлиқ. Иккинчи қабр Аввал Халифага тегишли бўлиб, биринчи қабрдек ўрнатилган. Ҳажм жиҳатдан биринчи қабрдан анча кичик. Аввал Халифа 1820-1910 йилларда яшаб ўтган. Ул зот ўқимишли киши бўлган. Зиёратгоҳ бошида иккита тут дарахти бор. Бу тут дарахти экилганига ҳам 1100, 1200 йил бўлган деб тахмин қилинади. Қабр атрофида Аввал Халифа авлодларидан 20 дан ошиқ катта ва кичик қабр бор. Сурхон воҳаси ҳудудида жойлашган олим, авлиё, пир, саййид, хўжа, тарихий шахслар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар аҳоли турмуш тарзининг бир бўлагига айланиб, ташриф давомида зиёратчилар нафақат табаррук зотларга бўлган ҳурматни, балки ислом маданиятига ҳисса қўшган олиму фузалоларнинг фан йўлидаги хизматлари, ҳаёти тўғрисидаги маълумотларга ҳам эга бўладилар.

Галерея