Термиз қадимги Бақтрия давлатининг қоқ ўртасида, айтиш жоизки, юрагида вужудга келади. Қадимги Бақтрия географик жиҳатдан шимолда Ҳисор, шарқда Помир, жанубда Ҳиндикуш тоғлари, ғарбда Ҳерируд ва Мурғоб дарёлари билан чегараланган. Ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жануби, Афғонистоннинг шимолий вилоятларини ўз ичига олган. Бақтрия турли манбаларда турлича аталган. Энг қадимги ёзма манба – Авестода Ахурамазда томонидан яратилган 16 та мамлакатдан тўртинчи бўлиб туғлари баланд кўтарилган гўзал мамлакат Бахди (авесточа Bāxδīm srīrąm ərəδβō. drafšąm) яратилганлиги айтилади. Беҳистон битикларида бу ўлка Бактриш, юнон-рим манбаларида Бактриана – Βακτριανή номи билан тилга олинади . Юнон тарихчиси Ктесийнинг хабарига кўра, Бақтрия шаҳарлари орасида энг йириги Бақтра бўлган . Квинт Курций Руфнинг айтишича, Бақтриянинг пойтахти Бактра бўлиб, Парапамис тоғлари этагида жойлашган. Унинг деворлари тагидан Бақтра дарёси оқиб ўтади. Мазкур дарё шаҳар ва вилоятга ном берган . Милоддан олдинги VI аср 30 йилларидан то мил.ав. 330 йилга қадар Термиз шаҳри ҳудуди аҳамонийлар Эрони таркибида бўлган. Бу даврда Эски Термиз ўрнидаги аҳоли манзили унча катта бўлмаган. Аммо муҳим кечув ўрнида жойлашганлигидан стратегик аҳамиятга эга бўлиб қолди. Сўнгги тадқиқотларга кўра, милоддан аввалги V–IV асрларда ҳозирги Термиз ўрнида (темир йўл вокзали, университет ва тиббиёт коллежи атрофида) унча катта бўлмаган аҳоли пункти вужудга келади. Аммо у Бақтрия аҳоли манзиллари тизимида унчалик роль ўйнамаган. Чунки, Бақтриянинг шимолига ўтадиган асосий карвон йўли ҳозирги Термиздан 30 км ғарбда жойлашган Шўроб қишлоғи ўрнида бўлган . Милоддан аввалги 330 йилда Александр Македонский сўнгги аҳамоний Доро III ни тор-мор этиб Бақтрия ерларига кириб келади. Келиф кечуви ёнида Амударёдан ўтиб Сўғдиёнага бостириб киради. Лекин Спитамен бошчилигида кўтарилган қўзғолон уни чекинишга мажбур этади. 328 йилнинг баҳорида Александр Македонский Шўроб кечувидан ўтиб Сўғдиёнага бостириб киради ва қўзғолонни бостиришга муваффақ бўлади. Б.Литвиновнинг таъкидлашича, Александр Македонский Сўғдни ишғол қилгач, Термизни забт этишга шошилди. Ва милоддан олдинги 327 йилда Термизни забт этди . Халқ ўртасида тарқалган ривоятларда айтилишича, Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский) Термизни қамал қилганида шаҳарни шоҳ Каштасб мудофаа этган экан. Шаҳар ишғол қилингач, дарё узра кўприк бунёд этиш ҳақида фармони олий берилган. Афсонага кўра, Александр вафот этгач, Термизда қолдирилган кичикроқ гарнизон бошлиғи ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилган ҳамда муайян вақт шаҳар ва унинг атрофини бошқарган . Термиз халқаро савдо алоқаларида ҳам муҳим ўрин тутган. Милоддан аввалги II асрда Бақтрия ва Ҳиндистоннинг ягона давлат таркибига кирганлиги бу алоқаларнинг янада кенгайишига имкон берган. Термиздан топилган фил суяги ва шишадан ишланган буюмлар бунинг далилидир. Улар орасида эллинча санъат анъаналари асосида фил суягидан тайёрланган яланғоч унумдорлик маъбудасининг ҳайкалчаси алоҳида қизиқиш уйғотади . Кушонлар даврида Термиз Хитойдан Ҳиндистон ва ундан Европага борувчи транзит савдони амалга оширган. Худди шу даврда Термизга Ҳиндистондан буддавийлик дини кириб келади. Бу дин қарийб етти аср (милодий I – VII асрлар) давомида Кўҳна Термиз аҳолиси мафкурасининг шаклланишида муҳим ўрин тутган. Диний-фалсафий таълимот сифатида буддизм милоддан аввалги VI асрда Шимолий Ҳиндистонда юзага келган. Буддизм асосчиси, қадимги ҳинд афсонасида айтилишича кшатрия сулоласига мансуб шаҳзода бўлган. Уни Сиддҳартҳа Гаутама деб аташган. Будда машҳур ислоҳотчи сифатида танилган. У инсонларни тўғри яшаш, эзгу ва савоб ишларни қилишга даъват этган, буддавийлик таълимотига эргашувчи роҳиб ва роҳибалар жамоасини тузган. Дастлаб Банорасда, кейин эса умрининг охиригача бошқа шаҳар ва қишлоқларда ўз таълимотини тарғиб қилган. Буддизм тарқалган Осиё мамлакатларида будда ҳақида турли афсоналар пайдо бўлган.Будда тасвири акс эттирилган ҳайкаллар ва турли ҳайкалчалар буддизмда муқаддас ҳисобланади. Термиздаги буддавийлик ёдгорликларини тадқиқ қилиш натижасида буддизмнинг Ўрта Осиёга кириб келиш вақти ва йўлини аниқлаш имкони вужудга келди. Термиз аҳолиси буддизм билан дастлаб милоддан аввалги I асрда танишишган. Кушон ҳукмдорлари Кужула Кадфиз ва Вима Кадфиз ҳукмронлиги даврига келиб будда жамоаларининг мавқеи анча ортган. Шаҳарда буддизмнинг асосий равнақ топиш даври милодий II – IV асрларга тўғри келади. Термиздаги будда ёдгорликларини ўрганиш 1936–1938 йилларда М.Е.Массон раҳбарлигида ишлаган Термиз археологик-комплекс экспедицияси (ТАКЭ) билан боғлиқдир. Экспедиция бу ерда кенг кўламли тадқиқот ишларини амалга оширди. Бундан кейинги тадқиқот ишлари иккинчи жаҳон уруши ва бошқа сабабларга кўра узоқ муддат тўхтаб қолди. Ниҳоят, 1961 йилнинг баҳорида археолог Б.Я.Ставиский раҳбарлигида Қоратепада тадқиқот ишлари бошлаб юборилди. Кейинроқ, Қоратепадан бир километр масофадаги Фаёзтепа ёдгорлиги археолог Альбаум томонидан ўрганилди ва у ерда буддавийлик монастири бўлганлиги аниқланди. Термиз яқинидаги буддавийлик ёдгорликлари ҳозирга қадар ўрганилмоқда.Қоратепа – Эски Термиз қалъаси яқинида жойлашган тепалик. Бу ердаги 7 гектарлик майдонда йирик буддавийлик ибодатхонаси барпо этилган. Ибодатхона мажмуаларининг кўпчилиги ер юзасидаги ҳамда ғор иншоотларини ўз ичига олган. Тепалик релъефи бир неча ўнлаб катта-кичик ўйма хоналар комплекси қурилишига сабаб бўлди. Ҳар бир комплекс махсус ўйилган ғорлардан, даҳлизлардан ва ташқи иморатлар: ибодатхона – ҳовлидан иборат. Ғорлар ичкаридан узун коридор билан уланган. Қоратепадан 1 км шимол томонда ер юзасига қурилган Фаёзтепа монастири топилган. 1968 йилда чўпон Абсад Бекнаев монастр жойлашган ҳудудда мергели тошидан ишланган ҳайкалчага кўзи тушади. Эртаси куни ўз топилмасини Сурхондарё ўлкашунослик музейига топширади. Бу жойни музей археологи В.А.Козловскийга кўрсатади. Ўша йили кузда Фаёзтепада қазишмалар бошланади. Унга археолог Л.И.Альбаум бошчилик қилади. 1968–1976 йиллар давомида монастир ҳудуди тўлиқ ўрганилади. Тадқиқотлар натижасида ёдгорлик милодий I-III асрларга оид будда монастр-ибодатхона мажмуаси (вихара) бўлганлиги аниқланди. Ёдгорлик уч қисмдан иборат, яъни марказий қисмида ибодатхона, унинг шимоли-ғарбида монастир, жануби-шарқида эса хўжалик аҳамиятига эга иншоотлар аниқланган. Фаёзтепадан кўпгина ашёвий буюмлар топилган. Улар орасида энг машҳури маҳаллий мергелитошдан моҳирлик билан ишланган 118 килограммлик ҳайкал – будда ва унинг икки ёнида қўл қовуштириб, сиғиниб ўтирган икки монах ҳайкалчаси ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда реалистик санъатнинг энг қадимги монументал намунаси бўлган деворий суратлар биринчи бор топилди. Фаёзтепада олиб борилган қазишмалар натижасида кушон шоҳлари: Вима Кадфиз, Хувишка, Васудева III тангалари, III–IV асрларга оид сосоний шоҳларининг тангалари топилди. Фаёзтепа будда ибодатхонаси III аср охири – IV аср бошларидаги кушон-сосоний урушлари даврида вайронага айланган. Ундаги қимматбаҳо буюмлар талаб кетилган. Будда ҳайкаллари бузиб ташланган. Сосонийлар Амударёдан ибодатхонага келтирилган сув қувурларини ҳам бузиб ташлаганлар. Араб истилоси арафасида эса монастр қумтепага айланиб бўлган. Эски Термиз ташқарисида зўрмала минораси жойлашган. Бу минора қачонлардир тош бўртмалар билан безатилган йирик будда ступасининг қолдиғи бўлган. Зўрмаланинг ҳинд ступаларидан фарқ қилади. Аммо шарқий Афғонистондаги хадда ступасига яқин туради Ступа – санскрит тилида коинотнинг тимсоли бўлиб, цилиндр шаклида қурилган. Тепа қисми гумбаз шаклида, пастки қисми майдонча бўлган. Ғиштдан қилинган майдончага зинапояли йўлак орқали чиқилиб, тоат-ибодат қилинган. Ступалар ибодатхоналарда ёки ўзи алоҳида қурилган . Ступа илгари қовариқтош ғилофига эга бўлган ва чиройли безатилган, унинг ягона цилиндр шаклидаги қурилиши гумбазсимон бўлади. Ступа зинали баланд асос устида қурилган, у ҳам ғиштдан барпо этилган. Унинг сирти ҳеч қачон қизил ранли пишиқ ғишт билан қопланмаган, балки бўртма тош қоплама билан безатилган бўлиб унда буддавий қурилишлар акс эттирилган. Яна иккита будда ибодатхонаси Термиз яқинидаги Айритом шаҳарчасида жойлашган эди. Улар замонамизга қадар қисман етиб келган. Улардан бири текисланган грек-бақтрия ибодатхонаси ёки қўрғон деворлари устидан қурилган. У ерда квадрат шаклдаги зиёратгоҳ ва Будда ҳайкали бўлган. Милоднинг III аср ўрталарида ўзаро низолар ва сосонийларнинг тазйиқи туфайли кушонлар давлати инқирозга учрайди. Сосонийлар давлати милодий 226 йилда Парфия давлати ўрнида вужудга келади. Сосоний ҳукмдорлари ўз босқинчилик йўналишларини шарққа – Кушон подшолиги ва ғарбга – Рим империяси сарҳадларидаги Сурияга қаратишади. Натижада, Термиз турли сиёсий кучларнинг тўқнашув майдонига айланади. Хусусан, сосонийлар шоҳи Шопур I (242 – 272) амалга оширган ҳарбий юришлар натижасида Кушон подшолари мағлубиятга учрашади. Бақтрия, шу жумладан, Термиз ҳудуди ҳам эронликлар томонидан босиб олинади. Сосонийларнинг Термизда бўлганликлари Қоратепадаги тарихий битикда сақланиб қолган . Эрон босқинчиларининг ҳарбий юришлари вақтида Термиздаги будда ибодатхоналари, хусусан, Қоратепа ва Фаёзтепа ибодатхоналари ҳам инқирозга учрайди. Сосонийлар ибодатхона олтинларини талайдилар, ибодатхона қошидаги барча олтин ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни талаш билан чегараланмай, ҳатто, Будда ва будда санамларини парчалаб, улар устидан юргизилган олтин пардозларини ҳам эритиб оладилар. Сосонийлар Амударёдан ибодатхонага келтирилган сув иншооти– водопровод қувурларини ҳам бузиб ташлайдилар . Кушон подшолиги ерларида сосонийлар Эронига тобе бўлган Кушон-Сосоний вилояти ташкил этилади. Ушбу вилоят ҳукмдорлари сосоний шаҳзодалари томонидан идора қилинган, Кушон шоҳи ёки Буюк Кушон шоҳи деб танга пуллар зарб қилишган. Қоратепада олиб борилган қазишмалар вақтида кушон-сосоний ҳукмдорлари томонидан зарб қилинган тангаларнинг топилиши бунинг далилидир. IV аср ўрталаридан сиёсий майдонга янги кучлар кириб келадилар. Хитой, рим, византия ва арман манбаларида хионийлар, кидарийлар ва эфталийлар номли қабилалар тилга олинади. Илк ўрта асрлар давридан бошлаб ҳозирги Эроннинг шимоли-шарқий, Афғонистон ғарби, Туркманистоннинг то Амударёгача бўлган қисми Хуросон деб аталган. Хуросон сўзи сосонийлар даврида «шарқ» маъносини англатган ва улар томонидан ушбу улкан ҳудуд алоҳида марзбонликка берилган эди. Аммо Хуросоннинг чегаралари сиёсий вазиятдан келиб чиқиб ўзгариб турган. Араб географлари – ал-Балазурий, ибн Ҳавкал, ибн Рустлар Хуросон деганда янаям каттароқ ҳудудни тушунишган. Унга Мовароуннаҳрни ҳам қўшишган. Ал-Балазурий бизгача етиб келмаган географик асарида ёзишича, «Хуросон тўрт чоракдан иборат; биринчи чораги – Эроншаҳр, унга Нишопур, Кўҳистон, Табасайн, Ҳирот, Бушанг, Бадғис ва Тус; иккинчи чораги – Марвишоҳижон, Сарахс, Наса, Бавард, Марвируд, Толиқон, Хоразм, Балх дарёси бўйида жойлашган Замм ва Амул, ҳамда Бухоро; учинчи чораги Амударёнинг ғарбида жойлашган. Ушбу чоракнинг дарёгача бўлган масофаси 8 фарсахдир. Унга Фарёб, Жузжон, Юқори Тохаристон – бу Толиқон, Хуттал, Валвалидж – бу Музаҳим ибн Бистам шаҳридир, Рустоқбоиқ, Бадахшон – ундан Тибетга йўл ўтган, Андаробдан йўл Кобулга ўтган, Термиз – Балхдан шарқда жойлашган, Чағониён, Замм, Қуйи Тохаристон, Ҳулм ва Саманган; тўртинчи чораги – Мовароуннаҳр, унга – Бухоро, Чоч, Турарбанд, Сўғд – бу – Кеш ва Насаф, Рубистон, Ушрусона, Санам – Муқаннанинг қўрғони, Фарғона, Буттам, Самарқанд, Абаркат, Банокат ва турклар еридир» . Эски Термиз ўз даврида савдо йўллари кесишган нуқтада жойлашганлигидан барча даврларда ўз аҳамиятини йўқотмаган.