Қадимги Бақтрия маданияти даври ёдгорликларини ўрганиш методик жиҳатдан бироз қийинчиликлар туғдиради, негаки шу давр ёдгорликлари сўнгги даврлар, яъни Аҳамонийлар ва илк антик даврлар маданий қатламлари билан қопланиб қолган. Шундай бўлса-да, ўтказилган археологик тадқиқотлар натижаси ўлароқ, ёдгорликларнинг жойлашиш услублари ва типологиясини ёритишни ва шу усул орқали Қадимги Бақтрия шоҳлигининг шаклланиш жараёнини кузатишни мақсад қилдик. Қадимги Бақтрия маданиятининг илк даври маданий қатламлари (Кучук II) фақат Кучук I даври ёдгорликларида учрайди. Улар Шимолий Бақтриянинг еттита ва Жанубий Бақтриянинг тўртта деҳқончилик ўлкаларида жойлашган. Кучук IV даври маддий маданияти Шимолий Бақтриянинг Кучуктепа , Талашқонтепа I , Қизилтепа , Бандихон I , Хаитобод , Жондавлаттепа ва яна жуда кўплаб ёдгорликларда қайд этилган. Шеробод деҳқончилик ўлкаси. Кўҳитангтоғ ён бағри яйловлари ва Уланбулоқсой ва Шеробод дарёлари ҳавзаларини ўз ичига олади. Кучук I даврида воҳанинг маркази ролини Кучуктепа ёдгорлиги бажарган бўлса, Қадимги Бақтрия маданияти даврига келиб бу ўлкада Жондавлаттепа шаҳри бунёд этилади ва у воҳанинг маркази вазифасини ўтайди. Агар Кучуктепа стратегик жиҳатдан ноқулай, кичик сув ўзани бўйида жойлашган бўлса, Жондавлаттепа Шеробод дарё ўзанида, халқаро савдо, яъни Мароқанд - Бақтра йўли устида жойлашганлиги билан характерланади. Жондавлаттепанинг умумий майдони 8 гектардан иборат бўлиб, арк ва шаҳар қисмларидан иборат. Ёдгорликда ўтказилган стратиграфик тадқиқотлар бу ерда мил.ав. VIII асрдан бошлаб, эрамизнинг IV асригача шаҳар ҳаёти давом этганлигини кўрсатди Шеробод деҳқончилик ўлкасида Жондавлаттепадан ташқари Кучуктепа, Талашқонтепа I каби ёдгорликлар жойлашган. Шеробод деҳқончилик ўлкаси ўз таркибига Уланбулоқсой ва Шеробод суғорилиш районларини бирлаштириб, Шеробод воҳаси ва Кўҳитангтоғ яйловларини ўз ичига олган. Ўлканинг сиёсий маркази вазифасини Жондавлаттепа ёдгорлиги бажарган. Жондавлаттепа шаҳридан ташқари бу ерда Кучуктепа, Пшактепа, Талашқон I каби ёдгорликлар жойлашган. Шимолий Бақтриянинг Аҳамонийлар даври ёдгорликларини қуйидаги типларга ажратиш мумкин: Арк ва шаҳристон қисмдан иборат бўлган, мудофаа деворлар билан ўралган, умумий майдони 22 гектаргача бўлган шаҳарлар. Шимолий Бақтрия ҳудудида Жондавлаттепа, Қизилтепа, Хаитободтепа, Байтудашт IV, Қалаи Мир каби ёдгорликлар шаҳарлар тоифасига киради. Географик жиҳатдан Пачмактепа Жондавлаттепанинг, Пишактепа эса Кучуктепанинг ёнида жойлашган. Жондавлаттепа ва Кучуктепа Бақтриянинг Аҳамонийлар даврига оид энг асосий, сераҳоли ёдгорликларидан ҳисобланади. Фикримизча, Пачмактепа ва Пишактепа ёнидаги ёдгорликлар - Жондавлаттепа ва Кучуктепа ёдгорликлари аҳолисининг маънавий эҳтиёжлари учун ҳизмат қилган.