Маълумки, шаҳарлар илк синфий жамиятлар даврида, яъни давлатлар билан бир вақтда пайдо бўлади. Ўрта Осиё археологиясида шаҳарлар ва давлатлар ўртасидаги муносабат етарлича ўрганилмаган. Шу сабабдан шаҳарлар ва давлатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши борасида олимлар ўртасида ягона фикр йўқ. Сўнгги бронза даври илк шаҳар-ёдгорликларини айрим тадқиқотчилар «бронза даврининг урбанизациялашган қишлоқлари», деб таърифлашган бўлса, бошқалари шаҳармонанд (протогород) деб атайдилар. Илк темир даври шаҳарларини таърифлашда ҳам шу ҳолат кузатилади. Э.В. Ртвеладзе бу давр шаҳарларини «шаклланаётган шаҳарлар» тоифасига киритса, Б.А. Литвинский «шаҳарлашаётган қишлоқлар» деб таърифлайди. Шаҳарларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши борасидаги олимлар ўртасидаги илмий мунозараларнинг асосий сабаби, шаҳар ва давлатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши масаласини алоҳида-алоҳида муаммо сифатида ўрганилишидадир. Бу тарихий методологик жиҳатдан нотўғри, чунки илк шаҳарлар илк давлатларнинг маркази сифатида пайдо бўлади ва уларнинг ривожланиб бориши ҳам ўзаро бир - бирига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда шаҳарлар ва давлатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини қуйидаги даврларга бўлиш мақсадга мувофиқ бўлади: 1. Деҳқончилик ўлкалари доирасида таркиб топган шаҳарлар (шаҳар-давлатлар). Бу давр шаҳарлари х.э.ав. II. минг йилликда ташкил топган. Қадимги Бақтрия ҳудудида ўрганилган Жарқўтон, Дашли I каби ёдгорликлар бу давр шаҳар - давлатлари бўлиб, уларнинг ўзаро муносабатларини ва бир - бирлари билан узвий боғлиқлигини кузатиш мумкин. Илк темир даврида Шимолий Бақтрия ҳудудида учта деҳқончилик ўлкаси бўлганлиги, уларнинг марказлари (Қизилтепа, Жондавлаттепа, Хаитободтепа) археологик жиҳатдан аниқланмоқда. Сурхон деҳқончилик ўлкаси Сурхондарёнинг ўрта оқими ҳудудларини бирлаштирган. Бу ерда Хаитободтепа воҳанинг маркази вазифасини бажарган. Хаитободтепа ташқи тузилиши жиҳатидан Шеробод воҳасининг маркази Жондавлаттепадан деярли фарқ қилмайди. У ҳам арк ва шаҳар қисмдан иборат бўлиб, кучли мудофааланган шаҳарлар тоифасига киради. Хаитободтепа ёдгорлигига ҳам Қадимги Бақтрия маданияти даврида асос солинган. Хаитободтепа шаҳристонининг мудофаа деворлари ҳудудида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, унинг мудофаа девори 5 метр қалинликда бўлиб, йирик тўғри тўрт бурчакли ғиштлардан терилган (50-58х30х12-14 см). Мудофаа девор 8 метр қалинликдаги, 1,5 метр баландликдаги, пахсадан қурилган пойдевор устида қурилганлиги Қадимги Бақтрия маданияти фортификациясида янгилик сифатида эътироф этилган. Хаитободтепа атрофида ҳам Бандихонсойтепа каби қишлоқ типидаги ёдгорликлар жойлашган. Кучук I даврида воҳа марказини бажарган ёдгорликлар кейинги тарихий жараёнларда, яъни Қадимги Бақтрия маданияти даврида ўз сиёсий мавқеини йўқотиб боради. Негаки, улар жойлашган географик ўрнига ўра ноқулай, кичик сув ўзанларида жойлашган. Қадимги Бақтрия маданияти даврида катта дарёлар бўйларида жойлашган ёдгорликлар кучайиб, янги сиёсий марказларнинг пайдо бўлишини кузатамиз. Шеробод деҳқончилик ўлкасида Шеробод дарёси бўйида жойлашган Жондавлаттепа, Сурхондарё бўйида жойлашган Хаитободтепа ёдгорликларининг пайдо бўлиши жараёнини кузатишимиз мумкин. Ўрта Осиё ҳудудларида Қадимги Бақтрия, «Катта Хоразм» подшоҳликларининг вужудга келиши ва бу подшоҳликларнинг Аҳамонийлар империяси таркибига кириши билан шаҳарлар тараққиётининг ушбу босқичи бошланади. Марказлашган давлатлар ҳудуди жуда кенг бўлиб, бир ва бир неча ўлкаларни ўз ичига олади. Бу даврга келиб, шаҳарлар тоифаларга ажрала бошлайди. Марказлашган давлат ёки империя пойтахтлари сифатидаги шаҳарлар (Суз, Персополь), марказлашган давлат ҳудудидаги сатраплик марказлари (Бақтр). Сатрапликлар ҳудудидаги шаҳарларни сиёсий мавқеига ва иқтисодий имкониятига қараб катта ёки кичик шаҳарларга ажратиш мумкин (Афросиёб, Қизилтепа, Хаитободтепа, Кўктепа каби). Шаҳарларнинг арк ва шаҳар қисми ҳам мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги ва айни вақтда чуқур ва кенг ҳандақларнинг ҳам қазилганлигининг гувоҳи бўламиз (Хаитободтепа, Қизилтепа). Шаҳарларнинг мудофаа деворлари пойдеворлар устига қурилиб, девор қалинлиги 5 метргача боради. Мудофаа деворларига буржлар ўрнатилиб, шаҳарларнинг мудофаа қудрати янада оширилган. Деворлар ҳам, буржлар ҳам шинаклар билан таъминланган. Ўрта Осиё археологиясида мудофаа девориларга буржлар ўрнатиш бронза давридан маълум бўлса-да, уларга шинаклар қўйиш илк маротаба Қадимги Бақтрия маданияти даврида кашф этилганлиги шу даврда мудофаа ишларига алоҳида эътибор берилганлигига яна бир бор ишорадир.