Шеробод деҳқончилик ўлкаси. Кўҳитангтоғ ён бағри яйловлари ва Уланбулоқсой ва Шеробод дарёлари сув ҳавзаларини ўз ичига олади. Кучук I даврида воҳанинг маркази ролини Кучуктепа ёдгорлиги бажарган бўлса, Қадимги Бақтрия маданияти даврига келиб бу ўлкада Жондавлаттепа шаҳри бунёд этилади ва у воҳанинг маркази вазифасини ўтайди. Агар Кучуктепа стратегик жиҳатдан ноқулай, кичик сув ўзани бўйида жойлашган бўлса, Жондавлаттепа Шеробод дарё ўзанида, халқаро савдо, яъни Мароқанд - Бақтра йўли устида жойлашганлиги билан характерланади. Жондавлаттепанинг умумий майдони 8 гектардан иборат бўлиб, арк ва шаҳар қисмларидан иборат. Ёдгорликда ўтказилган стратиграфик тадқиқотлар бу ерда х.э.ав. VIII асрдан бошлаб, эрамизнинг IV асригача шаҳар ҳаёти давом этганлигини кўрсатди 1. Шеробод деҳқончилик ўлкасида Жондавлаттепадан ташқари Кучуктепа, Талашқонтепа I каби ёдгорликлар жойлашган. Шимолий Бақтриянинг илк темир даврига оид жанубий Ўзбекистон ҳудудида мукаммал ўрганилган ҳарбий истеҳком-қалъаларидан бири Талашқонтепадир. Бу ёдгорлик Шеробод туманининг Бойқишлоқ ёнида жойлашган. У доира шаклида, диаметри 135м. Қалинлиги 5 м.дан кам бўлмаган мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Мудофаа девори 15 та ярим айлана шаклидаги буржлар билан мустаҳкамланган. Девор ва буржларга икки қатор шинаклар ўрнатилган. Ёдгорликда археологик қазишмалар олиб борган Э.В.Ртвеладзе ва Ш.Р.Пидаевларнинг ёзишича, қалъанинг асосий мудофааси унинг қалин ва баланд девори устида олиб борилган [Ртвеладзе Э.В., Пидаев Ш.Р. 1993]. Қалъага кириш дарвозаси унинг шимолий-ғарбий томонида, узун йўлак шаклида қурилган. Қалъанинг ичида мудофаа девори бўйлаб уй-жойлар қурилган. Қалъанинг марказий қисми эса очиқ ҳовли бўлиб, у ерда кундузлари ҳарбий машқлар ва турли тадбирлар ўтказилган, кечалари эса, ҳайвон сақланган. Қазиш жараёнида қалъада жуда кўп дон сақлаш хумлари топилди. Қалъа деворлари остида, буржлар ичида беҳисоб бронза ва суякдан ясалган ўқ-ёй учлари, сопол парчалари топилди. Бу топилмалар қалъанинг функционал характерини белгилайди [Ширинов Т., Шайдуллаев Ш.]. Талашқонтепа I доира ва квадрат шаклида қурилган қалъалар типига мансуб бўлиб, ушбу типга оид ёдгорликлар кучли мудофааланганлиги ва ҳарбий характерга эгалиги билан характерланади. Қалъанинг ички қисми очиқ ҳовлидан иборат бўлиб, яшаш уйлари фақат мудофаа деворлари бўйлаб қурилганлиги кузатилган. Қадимги Бақтрия маданияти оид Талашқонтепа I ёдгорлиги қурилишларга алоҳида эътибор берилган. Бундай дейишимизга етарлича археологик маълумотлар тўпланган. Масалан Қизилтепа, Хаитободтепа шаҳарлари энг ривожланган фортификация билан мудофаа қилинган бўлса, Талашқонтепа I ва Бандихонтепа II ҳарбий истеҳкомлари алоҳида мудофаа иншоотлари сифатида шаклланади. Шаҳарларнинг арк ва шаҳар қисми ҳам мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги ва айни вақтда чуқур ва кенг ҳандақларнинг ҳам қазилганлигининг гувоҳи бўламиз. Шаҳарларнинг мудофаа деворлари пойдеворлар устига қурилиб, девор қалинлиги 5 метргача боради. Мудофаа деворларига буржлар ўрнатилиб, шаҳарларнинг мудофаа қудрати янада оширилган. Деворлар ҳам, буржлар ҳам шинаклар билан таъминланган. Ўрта Осиё археологиясида мудофаа девориларга буржлар ўрнатиш бронза давридан маълум бўлса-да, уларга шинаклар қўйиш илк маротаба Қадимги Бақтрия маданияти даврида кашф этилганлиги шу даврда мудофаа ишларига алоҳида эътибор берилганлигига яна бир бор ишорадир. Талашқонтепа мудофаа иншоотининг такомиллашуви жанг қуролларининг такомиллашуви билан мутаносиб равишда кечган. Қадимги Бақтрия маданияти даврида илк маротаба уч қиррали пайконларнинг кашф этилганлигини кузатишимиз мумкин. Талашқон I ва Бандихон II ёдгорликлари Аҳамонийлар империяси тузумининг ҳарбий диспотизм эканлигини тасдиқловчи ҳар бир деҳқончилик ўлкасида алоҳида қурилган ҳарбий истеҳкомлар – қалъалар сифатида вужудга келганлигини кўришимиз мумкин. Бақтриянинг аҳамонийлар даври ёдгорликларини, унинг моддий маданиятини ўрганиш ва бошқа ҳудудлар билан таққослаш натижасида шундай хулосага келдикки, Бақтриянинг Аҳамонийлар империяси таркибида ўз ўрни бўлган. Бақтрияликлар Эрон Аҳамонийлари ҳарбий қуролларининг такомиллашувига катта ҳисса қўшишган. Ўрта Осиё қуролларининг, ҳар хил тақинчоқларнинг ва металлдан ишланган идишларнинг Эронга олиб борилганлиги Персеполь релефларида ифодаланган расмларда кўринади. Ундан ташқари металл қалқонли, отлари ҳам қалқон билан ҳимоя қилинган жангчиларнинг, яъни шу тарзда қуролланиш одатининг Аҳамонийлар даврида Эронга, ундан олд Осиёга ва Ҳиндистонга тарқалганлиги кўплаб тадқиқотчилар томонидан зикр этилади. Бу маълумотлар ҳарбий соҳанинг ривожланганлигини кўрсатади. Биз юқорида Шимолий Бақтрия ҳудудларида бронза ва илк темир даврида яшаган ўтроқ аждодларимизга тегишли Таллашқон ёдгорлиги ҳақида фикр юритдик. Уўбу ёдгорлик ўзбек элатининг халқ сифатида илк бор шаклланиш даври моддий маданияти бўлиб, уларнинг излари, уларга хос оригинал моддий маданият обидалари илк темир давридан бошлаб, мамлакатмизнинг бошқа ҳудудларигаям ҳам кенг тарқалган.