Статистик маълумотларга кўра, 2015 йилда олиб борилган тадқиқотлар давомида Бургуттепа ёдгорлигидан 45 та стратиграфик қатламдан 3154 та шаклга эга бўлган сопол парчалари аниқланди. Қазишмалар кесимида ҳисоблайдиган бўлсак, 1-қазишмадан 1265 та, 2-қазишмадан 1205 та, 3-қазишмадан 510 та, 4-қазишмадан 139 та, 5-қазишмадан 10 та сопол парчаси топилди. Шунингдек, 25 та сопол ёдгорликнинг устки сатҳидан териб олинди ва ўрганилди. Улар ясалиш жиҳатдан тўрт хил технологик услубда: - сопол чархида (28 та); - чархсиз, қўлда ясалган (2987 та); - текстил матодан тикилган қолиплари ёрдамида (134 та); - ва лента услубида ясалган (5 та). Демак, Бургуттепа ва Кайриттепа сополлари мажмуасининг 94,7 % ини (2987 та) ҚЯНСМга характерли бўлган, қўлда ясалган сополлар ташкил этади. Улар паст ҳароратда пиширилганлиги туфайли маълум бир қисм сополларнинг устки қисмида увадаланиш кузатилади, мўрт, ташқи тарафида ҳар хил рангдаги доғлар кузатилади. Сополларнинг ташқи кўриниши сарғиш, жигарранг, қизғиш, ёрқин қизғиш, тўқ сариқ-қизғиш рангларда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сопол чархида ясалган идиш парчаларининг барчаси Сополли маданиятининг Жарқўтон даврига характерли бўлиб, ўйлашимизча Кучук I даври одамлари шу ҳудудда жойлашган Тулкитепа, Тиллабулоқ ва Йўлтепа ёдгорликлари сополларидан бевосита фойдаланганлар ва бу ҳолат Бургуттепа сополлари статистикасида ўз ифодасини топди. Сополларда матонинг излари шундай яхши сақланганки, арқоқ ва ипларнинг қалинлиги, матоларнинг тўқилиш услублари бўйича хилма-хил маълумотларни олиш мумкин. Мато излари бўйича хулоса қиладиган бўлсак, матоларнинг айримлари қалин ип ва арқоқда дағал, бошқалари ингичка толадан силлиқ тўқилган. Албатта, жуда кам сонда бўлсада, лентасимон усулда ясалган идишлар ҳам қўлга киритилди. Улар асосан хумчалар бўлиб, гоҳида Бургуттепа ва кайриттепаликлар йирик идишларни қалама усулда ясаганликларини кўрсатади. Бургуттепа сополларини лой таркиби бўйича 3 гуруҳга бўлиш мумкин: - ҳар хил минерал таркибли сополлар (кварц, оҳактош, қора қум); - майдаланган сопол парчаларини аралаштирилиб ясалган сополлар (шамот); - минераллар ва шамот аралаштирилиб ясалган сополлар. Бургуттепа ва Кайриттепа сополлари энг аввал Шеробод деҳқончилик ўлкасида, паст текислигида жойлашган Кучуктепа, Жарқўтон ва Жондавлаттепанинг Кучук I даври сополлари билан таққосланди. Натижада, улар бир тарихий-иқтисодий ҳудудда жойлашган ва битта маданиятга оид бўлсада, сополларнинг ашёси – лойи таркибида, ясалиш услубида, пиширишда, идишларнинг шаклларида, ранг тасвирида фарқлар кузатилди. Биринчидан, Бургут ва Кайриттепа сополлари лойи таркибида кичик тошлар, минераллар миқдори кўп, паст текисликда жойлашган ёдгорликларда ўрганилган сополларнинг лойида эса соз гил тупроққа шамот ва кичик тош таркибли қум қўшилган. Сополларни пиширишда ҳам Бақтрия кенглигида жойлашган манзилгоҳларда меҳнат қилган кулоллар анча сифатга эришган. Биз ўрганаётган ёдгорликларда сопол буюмларнинг шакли жуда ҳам чегараланган. Энг оддий шаклли – коса, чапя, хумча, қозон, жуда кам миқдорда қопқоқ ясалган, холос. Ш.Б. Шайдуллаев Кучуктепа ва Жарқўтон мисолида Кучук IА даври сополларини 16 та типга бўлган ва ҳар бир тип сополларини 2-6 тагача вариантларга ажратган. Худди шундай, сополларга нақш беришда ҳам Кучуктепа ва Жарқўтон кулоллари анча ёрқин рангларни олишга эришган. Шеробод паст текислиги ва тоғ олди ҳудудлари сополлари таққосланганда кўзга ташланадиган ҳолатлардан яна бири Кучуктепа ва Жарқўтоннинг Кучук IА даври сополларида Сополли маданияти анъаналари яққол сезилади. Эътиборлиси шундаки, Кучуктепанинг энг қуйи, Кучук IА қатламларида сопол чархида ясалган сополлар миқдори умумий сополларнинг 28 % ни ташкил этган ва улар шакллари бўйича 4 та типга бўлинган, билъакс Бургуттепа ва Кайриттепа ёдгорликларида сопол чархида ишланган сополлар учрамайди. Бу жуда катта фарқ, албатта бу ҳолатга эътибор бериш, тарихий хулосалар чиқарилаётганда эътиборга олиш лозим бўлади. Шеробод паст текислиги ёдгорликларидан топилган, қўлда ясалган сопол идишларнинг айримлари жуда ҳам сифатли ясалган, сифатлилиги шу даражадаки, чархда ясалган идишлардан фарқ қилиш қийинлигини ҳам эътиборга олиш керак. Аммо, Кайриттепадан бошқа ёдгорликларда учрамайдиган, ҚЯНСМ кулолчилиги сополларининг янги шаклларига ҳам дуч келинди. Булар сополдан ясалган воронкасимон идишлар бўлиб, бундай идишлар Кайриттепада уч дона аниқланди. Уларнинг юқори қисми диаметри – 13-16 см, қуйи қисми диаметри – 6-6,4 см ни ташкил этади, иккитаси археологик бутун. Биринчи сопол воронканинг юқори қисмига бўяма нақш чизилган. Нақш сақланган қисмида 3 та қалин қия вертикал чизиқ чизилган бўлиб, остидан уларни бирлаштирувчи горизонтал чизиқ тортилган. ҚЯНСМ сополлар мажмуасида ушбу турдаги бўяма нақш мотиви кузатилмаган бўлиб, қисман Ж. Люилье типологиясидаги B64 типга монанд келади. Иккинчи сопол воронканинг юқори қисмига тўқ қизил ранг билан қалин горизонтал чизиқ – нақш тортилган. Ушбу турдаги сопол воронка ҚЯНСМ ёдгорликларида биринчи марта аниқланган бўлсада, бошқа давр маданиятларида унга ўхшаш сопол воронкалар кузатилган. Масалан, А.А. Иессен томонидан ўрганилган Цимлянкс сув омбори қурилиши ҳудудидаги катакомб маданиятига оид ёдгорликларда сопол воронкалар аниқланган бўлиб, тадқиқотчи ушбу идишларнинг болалар қабрларидан чиққанлигини ҳисобга олиб, сут маҳсулотларига оид идиш эканлигини тахмин қилади. Ушбу маданият топилмаларини ўрганган М.В. Андреева Шарқий Манич катакомб маданияти Чограй VIII (18-қўрғон, 4-қабр), Цаган Усн IV ёдгорлиги (1-қўрғон, 6-қабр) сопол воронкаларни батафсил келтириб ўтади . М.В. Андреева ушбу омилни ҳисобга олиб, Л.С. Клейннинг катакомб маданиятида учрайдиган сопол воронкаларнинг ведалардаги “павитри” атамаси билан боғланишини қўллаб қувватлайди . Ведаларда келтириладиган “павитри” ибораси – қўй жунидан тайёрланган сузги (сут) бўлиб, ундан Сома ичимлиги ёғоч идишларга сузилган. Т.Я. Елизаренкованинг ведаларнинг рус тилидаги таржимасида бу ҳолатга – олтин рангли соманинг ёғоч идишда тиндирилиши, ҳукмдорнинг воронка билан келиши сингари воқеликлар таърифланган . Демак, воронкасимон идишлар хаома (сома) ичимлиги билан боғлиқ мослама туридир.