Жарқўтон ибодатхонасининг ижтимоий характери

Жарқўтон ибодатхонасининг ижтимоий характери

Ўрта Осиё бронза даври аҳолисининг диний қарашлари бўйича археология фанида ниҳоятда катта ишлар қилинди. Жарқўтон, Даштли, Тўғалоқ XXI, Гонур ёдгорликларида марказлашган, маҳобатли ибодатхоналар ўрганилди .

Ўрта Осиё бронза даври аҳолисининг диний қарашлари бўйича археология фанида ниҳоятда катта ишлар қилинди. Жарқўтон, Даштли, Тўғалоқ XXI, Гонур ёдгорликларида марказлашган, маҳобатли ибодатхоналар ўрганилди . Уларнинг диний характери масаласида олимлар бир фикрга келишмаган бўлса-да , кўпчилик тадқиқотчилар мазкур иншоотларни илк зардуштийлик (протозорастризм) ибодатхоналари деб баҳоладилар. Жарқўтон ибодатхонаси 1983-1987 йиллар мобайнида А.А Асқаров ва Т.Ш. Ширинов бошлиқ ЎзР ФА Археология институтининг Шеробод отряди томонидан ўрганилган , 1994-2003 йиллар давомида эса Ш.Б. Шайдуллаев ва Д. Хуфф бошлиқ Ўзбекистон - Германия археологик экспедицияси тадқиқотларни давом эттирган . Иккинчи экспедиция, асосан, ибодатхонанинг ички ва ташқи тузилиши, тарҳлари бўйича аниқловчи ва тўлдирувчи ишларни бажарган. Жарқўтон ибодатхонаси шаҳарнинг энг баланд жойига ва марказига, маҳобатли қилиб қурилган . Маҳобатли меъморчиликка эга бўлган мазкур ибодатхона тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, жуда кучли мудофааланган, деворлари 4,5 метр қалинликда. У қалъа кўринишли бўлиб, Д. Хуффнинг тадқиқотларига кўра, ярим доира шаклидаги буржларга ҳам эга . Ибодатхона тадқиқотчиларининг умумий фикрларига кўра унинг ички қурилиш усули ҳам илоҳийликка хос бўлиб, уч қисмдан иборат. Биринчи, хўжалик қисмда ибодат билан, коҳинлар хизмати билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш амалга оширилган. Ибодат учун зарур бўлган аслаҳалар, майитлар билан қабрларга қўйилган айрим ашёлар ҳам ибодатхонанинг хўжалик қисмида ишлаб чиқарилган. Бу фикрни Жарқўтон ибодатхонасининг хўжалик қисми тадқиқотлари давомида айнан қабрларда учрайдиган ярим фабрикат кўринишидаги, лойдан ясалган ҳайкаллар, бронза эритиладиган печлар ва уларда тайёрланган илоҳий предметлар, инсонларни сархуш қиладиган “хаома” сингари ичимликлар тайёрланадиган хоналар ҳам шу қисмда ўрганилган. Иккинчи қисм, ибодатхона марказида хом ғиштдан терилган кенг майдон бўлиб, унда “чоҳартак”, марказий оташкада ўрни ўрганилган. Учинчиси, ибодат амаллари бажариладиган илоҳият қисми бўлиб, унда оташкадалар, қудуқлар, омборхона, кулхоналар, яъни илоҳиятга дахлдор бўлган, инсонларнинг ибодат қилишига ҳизмат қилган мажмуа жойлашган. Меъморий ечим жиҳатидан мулоҳаза қиладиган бўлсак, мазкур ибодатхона Жарқўтон жамоасининг муайян даражада шаклланган дини ҳақида маълумот беради. Негаки, ибодатхоналар ҳар қандай диннинг энг ривожланган, моддийлашган кўринишидир. Аммо, мазкур ибодатхона қандай диннинг кўриниши, инъикоси эканлиги муаммолигича қолмоқда. Жарқўтон ибодатхонасига хос хусусиятлар ҳақида гап кетганда, унинг тадқиқотчилари А.А. Асқаров ва Т.Ш. Ширинов илк зардуштийлик (протозороастризм) ибодатхонаси, деган хулосага келган. Ибодатхонанинг илк зардуштийлик характерини очиб беришда у ерда очилган алтарлар, кулхоналар, «муқаддас қудуқлар», «хаома (вино) тайёрланадиган хоналар» ашёвий манба бўлиб хизмат қилган. Ибодатхонадан ташқари, Жарқўтон қабристонида еттита қабрда одам суякларининг тахлаб кўмилганлиги, кенатаф қабрларда остадон кўринишли, цилиндроконик кичик идишларнинг топилишини ҳам тадқиқотчилар илк зардуштийлик белгилари, деб ҳисоблайдилар. Аммо, Жарқўтон ёдгорлигида зардуштийлик урф-одатларига тамоман зид бўлган археологик манбалар ҳам бор. Булар жумласига майитни ерга кўмиш одатининг ва майит билан ашёлар қўшиб кўмиш Сополли маданияти аҳолисининг энг характерли анъанасидир. Ундан ташқари, Жарқўтоннинг №5 тепалигида, Бўстон VI қабристонида майитни ёқиш иншооти - крематорийларнинг мавжудлиги зардуштийлик қоидаларига тамоман зиддир. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) А.айдуллаевнинг фикрига кўра маҳобатли ибодатхоналарнинг пайдо бўлиши, амалдаги диннинг тўлиқ шаклланганлигидан, унинг ривожланишидаги кульминацион давридан далолат беради. Шу маънода, Бақтрия ва Марғиёнада ўрганилган монументал меъморчилик обидалари илк зардуштийликка хос ибодатхоналар бўлса, унда том маънодаги зардуштийлик ҳақида гапириш лозим бўлади. Бироқ, илк зардуштийлик ибодатхоналари деб таърифланаётган Жарқўтон, Даштли, Тўғалоқ XXI, Гонур ёдгорликларида зардуштийлик тўлиқ шаклланмаган, балки унинг куртаклари ҳақида сўз юритса бўлади, негаки юқорида эслаб ўтганимиздек, сўнгги бронза даврида зардуштийлик амалларига зид бўлган археологик манбалар кўплаб учрайди. Марказлашган ибодатхона қуриш даражасигача ривожланган жамоа учун “прото” сўзини ишлатиш мазмунан ва моҳиятан тўғри эмас. Тадқиқотлар давомида Жарқўтон ибодатхонасининг ижтимоий характери тўлиқ очилмаган. Фикримизча, бу жумбоқни Жарқўтон жамоалари ҳаёти тарзидан излаш масалага тўғри ёндашишдир .

Галерея