Такия ота зиёратгоҳи

Такия ота зиёратгоҳи

Қизириқ тумани Такия ота маҳалласида тахминан XII асрга оид Такия ота зиёратгоҳи бўлиб, у Салжуқийлар даврида ижтимоий-сиёсий марказлардан бири бўлган.

Қизириқ тумани Такия ота маҳалласида тахминан XII асрга оид Такия ота зиёратгоҳи бўлиб, у Салжуқийлар даврида ижтимоий-сиёсий марказлардан бири бўлган. Такия ота мақбарасида хоки ётган кишининг шахси номаълум бўлиб, нақл қилишларича, у киши сўфийлик тариқатидан бўлган авлиё Ҳазрати Хожа Қутбиддиндир . Зиёратгоҳнинг ўнг томонида чиллахона бор. У ерда сўфийлар қирқ кун чиллада ўтиришган, яъни ташқи оламдан узилиб, Аллоҳ учун тоат-ибодат қилганлар. “Такия” ва “работак” сўзлари “сўфийлар қароргоҳи” маъносини билдиради. Такиядаги ёки хонақоҳдаги қабрлар сўфийлар учун зиёратгоҳ бўлиб келган. Қизириқ тумани Такия қишлоғи четида жойлашган Такия ота мақбараси (тахм. XII аср) икки хонадан иборат бўлиб, кириш жойига очиқ айвон қурилган. Усти эса, бешта гумбаз билан ёпилган. Мақбарада тўртта қабр бўлиб, асосий қабр ичкаридаги хонада, қолган учта қабр ташқаридан киришда, биринчи хонада жойлашган. Тахминан XIX аср охирларида бухоролик Хидир Боташ деган киши, учинчи гумбазни ёрилган қисмини қайтадан тиклаган. Ўзи ҳам шу қабристонга дафн этилган. Ташқарида ҳам 2 та қабр бўлган. 1996-1997 йилларда маҳаллий аҳоли томонидан мақбара таъмирланган. 2014 йилда туман ҳокими О.Т. Алимардонов ташаббуси билан ҳамда маҳаллий ҳомийлар ёрдамида мажмуа устидаги 5 та гумбаз қайтадан қурилган, ташқаридаги иккита қабр ҳам ичкарига олиниб, икки хонали мақбара битта катта хонага айлантирилган. 2015 йилда йўқолиб кетган чиллахона очилиб, янгидан тикланган. 2020 йил августида маҳаллий ҳокимият ва ҳомийлар ёрдамида 100 млн. ошиқ маблағ эвазига ургутлик усталар томонидан ёмғир туфайли ёрилиб, таъмирталаб бўлиб, қолган 4 та гумбазлар қайтадан реставрация қилиниб, мақбара янгидан тўлиқ таъмирланган .