Сангардак шаршараси

Сангардак шаршараси

Сангардак тоғида катта айлана тош борлиги сабаб (форсийда "санги гирдак"- "айлана тош, юмалоқ тош" маъносини билдиради) Сангардак деб номланади.

Сангардак тоғида катта айлана тош борлиги сабаб (форсийда "санги гирдак"- "айлана тош, юмалоқ тош" маъносини билдиради) Сангардак деб номланади. Тоғнинг 100 метрлар тепалигидан оппоқ сув оқиб тушадиган жойда қадимий “Шаррамозор” деб аталувчи табиат томонидан пайдо бўлган жуда чиройли манзарали шаршара бор. Бу жой зиёратгоҳ бўлмаса-да, сув ҳеч ким билмайдиган жой, тоғнинг ўртасидан оқиб тушаётганлиги, мўжизавий кўринишга эгалиги, қадимдан мавжудлиги сабаб уни "Шаррамозор" деб аташади. XVl асрда яшаб ўтган турк адмирали, сайёҳ Сейди Али Раиснинг "Миръотул мамолик" (Мамлакатлар кузгуси) номли асари ҳажм жиҳатдан кичик бўлса ҳам унда Ҳиндистон, Афғонистон, Ўрта Осиё ва Эрон мамлакатлари тарихи, этнографияси ва географияси ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Муаллиф китобда, Мовароуннаҳрда бўлганини, у ердан йўлга чиқиб, Бозоринавга, ундан Чахаршанба шаҳарчасига бориб, Хожа Яъқуб Чархийнинг қабрини зиёрат қилганини, ундан Чағониёнга, яъни Ҳисори Шодмонга ўтганини, у ердан Темур султон номи қўйилган жойга келиб, Сангардак тоғидан ошганини, тоғдан ёмғир ёққандек сув томчилари тинмай оқиб туришини томоша қилганини айтади . 2018 йилда шаршара, яъни табиат объекти "Вақф" хайрия фонди Сурхондарё бўлими тасарруфига ўтган, ташкилот ҳисобидан зиёратчи ва дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган. Булоқлар кўпинча зиёратгоҳ ҳудудларида учрагани, одам ўйламайдиган тоғ орасидан, тоғ тагидан сув чиқиб, шаршара пайдо бўлганлиги сабаб, аҳоли бу мўжизани Аллоҳни қудрати, деб ўйлайди. Шунинг учун бу жойни муқаддас, сувини шифобахш, деб билган. Гўзал табиат обьектлари билан боғлиқ муқаддас жойларнинг кўп бўлиши Сурхон замини табиатининг ўзига хослигини кўрсатади.