Тасаввуфчи етук олим, шайх ва шоир Сўфий Ҳисорий-Хондизагийнинг қабри ҳам Хонжиза қабристонидадир. У Домла Нодирмуҳаммад Самарқандийнинг бешинчи авлоди ҳисобланади. Сўфий Ҳисорий-Хондизагий 1878 йилда тоғли Хонжиза қишлоғида туғилган. Ҳисор тоғ тизмаси ҳудудида туғилгани учун Сўфийи Ҳисорий тахаллусини олган. Илк исломий таълимни қишлоғида олган бўлиб, отаси Абдулвохид Нақшбандия тариқатига мансуб эди. Сўфийи Ҳисорий жуда Аллоҳга берилганлиги, дунёга эътиборсизлиги ҳамда танаси озғинлигидан Сўфийи Хароба деб ҳам аталган . Хонжиза қишлоғида Эшони Сафар Халифа исмли қалби уйғоқ, соҳибкаромат шайх бўлиб, шариат ва тариқат илмларида комил бўлган. У зот тариқат ижозатини Халифа Чўян исмли валий зотдан олган. Эшони Сафар Халифа аллома ва шоир Муҳаммад Юсуф Маъюсий Хондизагийнинг амакизодаси бўлиб, Сўфий Хондизагий бир неча қишлоқдошлари қатори ана шу забардаст шайх ва алломадан таълим олган . Эшони Сафар Халифанинг шогирди бўлган Сўфий Хондизагий дастлабки мадраса таълимини Денов шаҳридаги Саййид Оталиқдан, сўнгра Бухородаги Мир Араб мадрасасида олган. Сўфий Хондизагий кейинчалик таниқли алломалар бўлиб етишган шоир Муҳаммад Юсуф Маъюсий, Домулла Саъид, Мулло Зиёратшоҳ, Мулло Айнуддин, Мулло Фахруддин каби шахслар билан бирга Бухородаги Мир Араб мадрасасида узоқ муддат таҳсил олган . Тасаввуфчи олим Сўфий Хондизагий жўшқин шоир ҳам бўлган. Аллоҳ ишқига етиш каби ички кечинмалари асосида “Жўшиши дарёи дарс” шеърий китобини ёзган. Умрининг охиригача Бухоро мадрасасида мударрислик қилган, соғлиғи йўқлиги туфайли ватанига қайтган ва 1921 йил 43 ёшида Хонжиза қишлоғида вафот этган . Домла Айниддин Сўфий Хондизагийнинг акаси бўлиб, 1860 йилда Хонжиза қишлоғида туғилган. Дастлабки билимни болалигида қишлоғидаги Шайх Эшони Сафар Халифадан олган. Сўнгра Деновдаги Саййид Оталиқ мадрасасида, кейинчалик Бухорода таҳсил олган. Мадрасани тугатиб, қишлоғига қайтгач, Қуръони карим, ҳадис, тасаввуфдан шогирдларига илм ўргатган. Фақат ибодат қилган, кунига 100 ракаат номоз ўқиган. 1938 йилда оламдан ўтган ва Хонжиза қабристонида укаси қабри ёнига дафн этилган . Бундан кўриниб турибдики, 500-600 йиллар муқаддам яшаган тариқат вакили, авлиё Домла Нодирмуҳаммад Самарқандий авлодлари бўлган тасаввуфчи олимлар: Сўфий Ҳисорий-Хондизагий, Домла Айниддин боболари изидан бориб, шариат ва тариқат илмларини ўрганишда комил бўлганлар, шогирдлар етиштириб, маърифат тарқатганлар. Уларнинг қабрлари Хонжиза қишлоғидаги катта зиёратгоҳга айланган. 2018 йил ўрталарида қишлоқдан оқиб ўтувчи Хурсанд дарё бўйига “Вақф” жамоат фонди томонидан Сўфий Хондизагийга атаб ҳам мақбара, унинг ёнида 100 кишилак масжид қурулган. Мақбарага рамзий қабр қўйилган. Зиёратчилар учун шарт-шароит яратилган. Сўфий Хондизагий дарёнинг жўшиб, пишқириб оқишидан илҳом олгани учун қадамжосига шу жой танланган. Алломаларнинг қабрлари тепаликда жойлашгани, зиёратчилар учун ноқулай бўлганлиги боис, уларга шундай қулайликлар яратилган. 2019 йил февраль ойида бу зиёратгоҳ “Вақф” хайрия фонди Сурхондарё вилояти бўлими тасарруфига ўтган .