Хонжиза қабристони ёнида, ўнг томонда катта қишлоқ масжиди бор. У бундан етти асрлар муқаддам ҳам бўлган. Масжид 1999 йилда маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан ёғоч ўймакорлиги усулида шу ерлик усталар: Соҳибов Раҳматуллоҳ ва шогирдлари томонидан қайта қурилган. Иш давомида масжид устунидан XIV асрга оид ёзувлар топилган. Бинонинг янги қурилишида устки қисмига ўн бешта гумбаз ёпилган. Ўртадаги марказий учта гумбазнинг биттасига Муҳаммад Юсуф Маъюсий ижоди, ғазаллари, иккинчисига, Сўфий Хондизагий ғазаллари, ўртадаги катта гумбазга Эшони Сафар Халифа ва унинг шогирдлари: Сўфий Хондизагий, Муҳаммад Юсуф Маъюсийнинг ҳаёт-фаолияти ёғочга ўйиб ёзилган. Масжид минг кишига мўлжалланган. Ҳовлида ҳам яна минг киши номоз ўқиса бўлади. Ибодат қилувчилар учун барча шароитлар яратилган. Жума номозларида, ҳайит байрамларида қўшни қишлоқ аҳолиси ҳам шу ерга келади. Зиёратчилар ҳам шу масжидда номоз ўқийди . Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди ва куёви, икки буюк халифасидан бири Хожа Алоуддин Аттор (вафоти 1400 йил) XIV асрда Хонжиза аҳолисининг пири сифатида шу масжидда номоз ўқиган экан . Масжид устунидаги ёзувлар ҳамда маҳаллий аҳоли орасида мавжуд бўлган ва ҳозирги кунгача етиб келган бундай ривоятларга таяниб, ҳақиқатдан ҳам масжид XIV асрга тегишли деб хулоса чиқариш мумкин. Хожа Аллоуддин Аттор XIV асрда нақшбандия таълимотини тарғиб қилиш учун Чағанёндан (Сурхондарё вилояти) қадимги Холчаёнга (Денов тумани) келган . Маҳаллий халқ эса, тоғ ҳудудида сел келиши, тоғ кўчиши, ёввойи ҳайвонлар тажовузидан пир дуоси билан соғ қолиш мумкин деб ўйлашган ва Аллоҳдан паноҳ сўрашган.