Хонжиза халқи орасидан тасаввуф соҳасида кучли билимга эга олимлар етишиб чиққан. Уларнинг қабрлари маҳаллий ва вилоят миқёсидаги зиёратгоҳлардир. Хурсанд тоғи ҳудудида Кенгузар, Нилу, Дебодом, Десурх, Хонжиза, Хўжаасмин, Чош, Пастикалон, Пор, Пуштиварақ, Ўрах, Кўзияк, Карсак каби қишлоқлар бўлиб, у ерда хўжалар, шаҳидлар номи билан боғлиқ ва табиат томонидан пайдо бўлган 30 га яқин зиёратгоҳлар бор. Тоғ табиати чиройли, салқин, ҳавоси тоза, баҳаво жойлар бўлгани учун ёз фасли давомида доим дам олувчи ва зиёратчилар билан гавжум. Катта Хонжиза қабристони қишлоқнинг ўртасидаги тепаликда жойлашган бўлиб, дарвозадан кираверишда чап томонда Домла Нодирмуҳаммад Самарқандийнинг қабри бор. Қадимдан қабр устида оддий лой пахсадан мақбара бўлган. 2016 йилда эски иморат бузилиб, ўрнига маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан оддий ғиштдан бир хонали, усти шифр билан ёпилган мақбара қурилган. Қабристон аллома номи билан аталади. Дарвозадан тўғрига юрганда катта Савда дарахтининг тагида домла Муҳаммад Юсуф Маъюсийнинг, унинг ўнг томонида Домла Эшони Сафар халифа, ундан юқорида, пастроқда учта Савда дарахтининг тагида домла Сўфий Хондизагий, у билан ёнма-ён акаси домла Айниддиннинг қабри бор. Бу мозоротда ислом илми ривожига ҳисса қўшган, ўз халқига маърифат-зиё тарқатган алломалар ётгани учун катта зиёратгоҳ сифатида маҳаллий халқ томонидан қадрланади . Хонжиза қишлоғи маркази бўлган тепаликдаги Хонжиза қабристонида Домла Нодирмуҳаммад Самарқандийнинг қабри бўлиб, яшаб ўтган йиллари номаълум. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу зот, бундан 500-600 йиллар аввал Самарқанддан шу ерга келиб қолган кучли авлиё, тасаввуфчи олим, маърифат тарқатувчи инсон бўлган. Қабри устига маҳаллий аҳоли томонидан мақбара қурилган. Ҳозирда маҳаллий аҳоли борадиган зиёратгоҳдир . Хонжиза қишлоғида Эшони Сафар Халифа исмли қалби уйғоқ, соҳибкаромат шайх бўлиб, шариат ва тариқат илмларида комил эди. У зот тариқат ижозатини Халифа Чўян исмли валий зотдан олган. Эшони Сафар Халифа аллома ва шоир Муҳаммад Юсуф Маъюсий Хондизагийнинг амакизодаси бўлиб, Сўфий Хондизагий бир неча қишлоқдошллари қатори ана шу забардаст шайх ва алломадан таълим олган . Эшони Сафар Халифа (тах. 1850-1935 йиллар) Қашқадарё вилояти Қамаши туманида мангу қўним топган Шайх Абдул Ҳасан ибн Илёс Лангарий (вафоти 1491-1492) авлодидан бўлиб, Хонжиза қишлоғидаги маҳаллий аҳолига ислом дини илмидан таҳсил бергани келган ва шу ер аҳолисига пир бўлган . Бобокалони Шайх Абдул Ҳасан ибн Илёс Лангарий ҳам ўз даврида ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган ва ўзининг билими, хизматлари билан ҳукмдорлар олдида обрў-эътиборга эга бўлганини тарихдан кўришимиз мумкин. Домла Айниддин Сўфий Хондизагийнинг акаси бўлиб, 1860 йилда Хонжиза қишлоғида туғилган. Дастлабки билимни болалигида қишлоғидаги Шайх Эшони Сафар Халифадан олган, Деновдаги Саййид Оталиқ мадрасасида, кейин Бухорода таҳсил олган. Мадрасани тугатиб, қишлоғига қайтгач Қуръони карим, ҳадис, тасаввуфдан шогирдларига илм ўргатган. Фақат ибодат қилган, кунига 100 ракаат номоз ўқиган. 1938 йилда оламдан ўтган, Хонжиза қабристонидаги укаси қабри ёнига дафн этилган . Бундан кўриниб турибдики, 500-600 йиллар муқаддам яшаган тариқат вакили, авлиё Домла Нодирмуҳаммад Самарқандий авлодлари бўлган тасаввуфчи олимлар: Сўфий Ҳисорий-Хондизагий, Домла Айниддин боболари изидан бориб, шариат ва тариқат илмларини ўрганишда комил бўлганлар, шогирдлар етиштириб, маърифат тарқатганлар. Уларнинг қабрлари Хонжиза қишлоғидаги катта зиёратгоҳга айланган.