Ҳайдарқул Хожи бобо зиёратгоҳи

Ҳайдарқул Хожи бобо зиёратгоҳи

Ҳайдарқул Хожи бобо 1841 йил Шўрчи туманидаги Бағиштепа Қишлоғида Холмуҳаммад қушбегининг хонадонида дунёга келган. Ҳайдарқул ёшлигидан билимга чанқоқ бўлиб, Қуръони карим, ҳадис илмларини чуқур ўрганади.

Ҳайдарқул Хожи бобо 1841 йил Шўрчи туманидаги Бағиштепа Қишлоғида Холмуҳаммад қушбегининг хонадонида дунёга келган. Отаси Холмуҳаммад қушбеги саводли киши эди, Бухоро амирлигида мулозимлардан бўлиб хизмат қилган. У кишининг хонадонида Бухоро, Ҳисор, Болжувон, Кўлоб бекликларига йўл олган амирнинг энг обрули мулозимлари, сарбозлари, улоқчилари меҳмон бўлиб туришган. Ҳайдарқул уларнинг хизматларида бўлган, у ерга ўз даврининг маърифатли инсонлари ҳам келиб туришган. Ҳайдарқул ёшлигидан билимга чанқоқ бўлиб, Қуръони карим, ҳадис илмларини чуқур ўрганади. Кейинчалик Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўз билимини оширади. Мадрасани битириб, у ерда мударрислик ҳам қилган. У туғилиб, ўзи ўсган Боғиштепага қайтиб келади, 1890 йилда у ерда бир катта боғ яратади. Ҳайдарқул Хожи бобонинг Шоймардонқул ҳожи ва Ҳўжамқул Ҳожи исмли оға-инилари бўлган. Ҳожа завжасининг исмлари Ўтаниёзхон бўлиб, ундан икки ўғил, бир қиз кўрган. Катта ўғилларининг исми Ҳамза, кейингиси Соҳибназар, қизларининг исми Маърифат бўлган. 1913 йилда Ҳожи бобонинг ўғли Ҳамза махсум вафот этади, Ҳайдарқул Ҳожи бобонинг кўзлари кўрмай қолади. 1920 йилларда Ҳайдарқул Хожи бобо Боғиштепа қишлоғидан Деновнинг Эгартепа, яъни Гургак қишлоғига кўчади. Ҳайдарқул Ҳожи бобо нақшбандия тариқатида бўлиб, ўз даврида машҳур авлиё даражасига етган. Маҳаллий аҳоли уни пир, деб билган. 1930 йилда рус ВЧК ходимлари қулоқлаштириш даврида кўзи ожиз Ҳайдарқул Хожи бобони ҳам Сибирга сургун қилиш учун темир йўл бекатига олиб кетишади, лекин паравоз юрмайди. Маҳаллий аҳолидан бўлган Чори командир чекистлар бошлиғига вагонда авлиё чол ўтирганини, шунинг учун поезд юрмаётганини айтади. Командир Хожи бобони поезддан тушуришга буйруқ беради, сўнг поезд ҳаракатга келади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, 1936 йилда Хожи бобо вафот этади, уни васиятига кўра, Денов тумани Намозгоҳ қишлоғидаги Шайх Аттор Валий қабри пойига, яъни Остона бобо қабристонига дафн этишади . Ҳайдарқул Хожи бобо қабри устига маҳаллий аҳоли томонидан XX асрнинг 50-60 йилларида пишиқ ғиштдан тўрт гумбазли мақбара қурилиб, зиёратгоҳга айлантирилган. Мақбара учта хонадан иборат бўлиб, ўртаси очиқ айвонли шаклда қурилган. Ўнг томонида квадрат шаклидаги асосий хона бўлиб, усти ўқсимон катта гумбаз билан ёпилган. Чап томонда эса, тиловат ва намоз ўқийдиган хона ҳамда чиллахонадан иборат. Бу икки хона ҳам катта ва кичик квадрат шаклда бўлиб, иккаласининг усти гумбаз билан ёпилган. Ўртадаги очиқ айвондан қараганда Шайх Алоуддин Аттор мақбараси кўриниб туради. Унинг усти ҳам ўқсимон гумбаз билан ёпилган. Мақбара ёнида Ҳайдарқул Хожи бобонинг муридлари дафн этилган. Мустақиллик йилларида маҳаллий аҳоли томонидан зиёратгоҳга бориш йўли ва мақбаранинг асосий биноси қайтадан таъмирланиб, ҳозирги ҳолатга келтирилган.