Хўжа Рўшнойи зиёратгоҳи Ангор тумани Занг қишлоғи, Ангор-Термиз йўлидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган. Хўжа Рўшнойи шахси ҳақида деярли бирор манбада тарихий маълумот учрамайди, бироқ ул зот ҳаёти билан боғлиқ ривоятлар халқ орасида мавжуд. Аммо Хўжа Рўшнойи номи билан аталган мақбара сақланиб қолган. Хўжа Рўшнойи ёдгорлиги (XI-XII асрлар) квадрат шаклдаги бир хонадан иборат гумбазли мақбара бўлиб, унинг дарвозаси шарққа қараган. Мақбара унча катта бўлмаган пештоқли, ташқи томони икки зинапояли бўлиб, гумбази сакқиз қиррали услубда ёпилган. Тўрт томондаги бурчакларига ғишт билан ишлов берилган, саккиз қиррали гумбазнинг остида уч пештоқли шаклда меъморий бино қурилиб, ҳар хил нақшлар билан ишлов берилган . Мақбара пишиқ ғиштдан қурилган, ғиштнинг ўлчами 26х26,5 сантиметрни ташкил этади. Тўрт бурчакли иншоотнинг ҳар бир тарафининг ўлчами олти метр бўлиб, иншоот яхши ҳолатда сақланган, ташқи томони вақт ўтиши билан эскирган. 1960 йил тадқиқот ишларини олиб борган В.А. Нильсен фикрича, мақбара XI асрга оид деб топилган . Мақбара маҳаллий аҳоли томонидан бир марта таъмирланган. 2001 йил Ангор туман ҳокимлиги, Зартепа ва Гиламбоп маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан ҳашар йўли билан таъмирланиб, ҳозирги кўриниш ҳолатига келган.