Сурхон дарёсининг чап қирғоғида Серҳаракат маҳалласидаги Оқ Остона бобо қишлоғида машҳур саҳоба, ровий, фақиҳлардан бири бўлган Абу Ҳурайра номи билан боғлиқ Оқ Остона бобо зиёратгоҳи (X-XI асрлар) жойлашган . Абу Ҳурайра культи тарқалиши сабаблари ҳозиргача яхши ўрганилган эмас. Ҳар ҳолда у ҳадис илмининг Марказий Осиёда VIII-IX асрларда ривожланиши ва муваффақият қозониши билан боғлиқдир. Абу Ҳурайра (р.а.) милодий 603 йилда Қизил денгиз яқинидаги Тиҳоманинг Бану Давс қабиласида таваллуд топган. Асл исми ибн Абдураҳмон ибн Саҳр Давсий бўлиб, Абу Ҳурайра сўзи араб тилида “мушукча эгаси” маъносини англатади. Ҳадисларда баён этилишича, унинг мушукчаси бўлган, бир куни мушукни тизасида ўйнатаётганини кўрган Пайғамбаримиз уни “Абу Ҳурайра”, деб чақирганлар. Шундан кейин бу ном ўз исмидан ҳам машҳур бўлиб кетган. Абу Ҳурайра (р.а.) исломни қабиладоши Туфайл ибн Амир Давсий (р.а.) даъвати натижасида қабул қилди. Ҳижратнинг олтинчи йилигача ўзининг Давс қабиласида бўлди. Кейин қавмидаги мусулмонлар жамоаси билан Мадинага келди. Расуллоҳга яқинроқ бўлиш мақсадида “аҳли суффа” қаторидан жой олди. Расуллоҳ (с.а.в.) Абу Ҳурайра (р.а.)га бутун мусулмон умматига татийдиган жуда кўп ҳикматли сўзларни айтганлари машҳур. Абу Ҳурайра (р.а.) Абу Бакр (р.а.) халифалик даврида диндан қайтган – муртадлар билан бўлган жангларда иштирок этган. Халифа Умар (р.а.) даврида Абу Ҳурайра (р.а.) Бахрайн волийси, Усмон (р.а.) даврида Макка қозиси вазифаларида фаолият олиб борган. Муовия ибн Абу Суфён (р.а.) даврида эса, Мадина шаҳрига волий этиб тайинланган. Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбар (а.с.)дан энг кўп кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий бўлиб, ривоят қилган ҳадислар сони 5374тани ташкил қилади. Буни бошқа саҳобийлар ҳам эътироф этган. Абу Ҳурайра (р.а.) 59/679 йил 78 ёшида Мадинада вафот этган ва Бақиъ қабристонида дафн қилинган . Оқ Остона бобо (Абу Ҳурайра) мақбараси X-XI асрларда барпо этилган. Бу бино квадрат шаклда: ташқаридан 9x8,7 метр ва ичкаридан 3,65x5,80 метрни ташкил этиб, тузилишидан кубга ўхшаш бўлиб, ўқсимон гумбаз билан сайқалланган . XV асрдаги таъмирлаш ишларида жануби-шарқий девор қайта таъмирланиб, қолган уч тарафи хом ғишт билан терилган, унинг уч бурчагидан (шарқийдан ташқари) минорачалар чиқарилиб, гумбаз ости қисмлари қайта тикланган. Дастлабки кириш қисми шимоли-шарқий томонда жойлашиб, бу ерда минора бўлган. Кейинчалик кириш жойи жануби-шарқий томондан очилиб, сағанали бино минораси панжара орқали ёритилган. Ёруғлик ўтувчи дераза жануби-ғарбий қисмдан очилган. Бинонинг олд томони шаклдор нақш билан безатилган, кенг вертикал жуфт ғиштлардан ҳам безак берилган. Иморат квадрат пишиқ 23-24x3,5 см, 26x4,5; 22,5x4 см ҳажмли ғишт ва 10х10х66 см лой қоришмасидан терилиб , гумбазнинг биринчи айланаси ва пастки қисми деворлари махсус катта ҳажмдаги 45-50 см ғишт билан бунёд этилган. Архитектура ёдгорлигидаги ўзига хослик мақбаранинг пайдо бўлиш даврини аниқлашга ёрдам беради. Пишиқ ғишт билан ишланган ёдгорликлар Марказий Осиёнинг X-XI аср охирларидаги қурилиш услубига хосдир. Мақбара ичида йирик ҳажмдаги ганч билан сувалган сағана бўлиб, у кечроқ барпо бўлган . 2001-2002 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар чоғида мақбара ичида бир неча қабрларни аниқлади. Қазишлар давомида мақбаранинг олд томонидаги девор яқинида еттита қабр борлиги тасдиқланди.