Абдураҳмон ота зиёратгоҳи машҳур саҳоба Абдураҳмон ибн Авф номи билан боғлиқ. Манбаларда, Абдураҳмон ибн Авф Фил воқеасидан ўн йил кейин, тахминан 581 йилда, Маккада таваллуд топгани келтирилади. Абдураҳмон ибн Авф узун бўйли, юзлари чўзинчоқ, ёноқларига қизил югурган хушрўй киши бўлиб, сочлари қулоқлари устидан тушиб турар эди. Уҳуд жангида кўп жароҳат олган, оёғидан ҳам яраланиб, оқсоқ бўлиб қолган. У киши жуда серфарзанд бўлган. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг даъватлари билан исломни қабул қилган. У исломга биринчи бўлиб кирган саккиз мусулмонлардан биридир . Шунингдек, у Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган муҳожирлардан. Бадр, Уҳуд ва бошқа жангларда Муҳаммад пайғамбарнинг ёнида бўлган. Уҳуд жангида 20 жойидан яраланган. Дастлаб фақир бўлган, кейинчалик тижорат билан шуғулланиб, бойиб кетган. Хайр-эҳсонни кўп қиладиган зот бўлган . Манбаларда, Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)дан 65та ҳадис ривоят қилингани келтирилади. Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) 31/652 йили 75 ёшида Мадинада вафот этди ва Бақиъ қабристонида дафн этилган . Сейди Али Раиснинг (XVI аср) “Миръотул мамолик” асарида келтирган маълумотларига кўра, Абдураҳмон ибн Авфнинг мозори Басра шаҳрида ҳам бўлган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Марказий Осиё ҳудудида ҳам Абдураҳмон ибн Авф номи билан боғлиқ бир нечта зиёратгоҳлар мавжуд. Масалан, Тожикистоннинг Ашт туманидаги Бобойи-об зиёратгоҳидан ташқари Шаҳристон ва Ҳисор туманларида ҳам унга атаб қадамжолар барпо этилган. Ривоятларга кўра, Абдураҳмон ибн Авфнинг олтита акаси бўлган . Тарихчи Ҳамза Камоловнинг таъкидлашича, Қурама ва Ҳисор тоғларидаги саҳоба Абдураҳмон ибн Авф номи билан боғлиқ зиёратгоҳларнинг пайдо бўлишининг сабаби унинг мусулмон дунёсида ғоят сахийлиги билан машҳур бўлганлигидир . Ангор тумани Таллимарон жамоа хўжалигида Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобаларидан бўлган Абдураҳмон ибн Авф қадамжоси мавжуд. 1980 йилларда саҳобанинг рамзий қабри оддий, лойдан сувалган бир хонали мақбара ичида бўлиб, 1990 йиллар бошларида эски объект бузиб ташланиб, маҳаллий аҳоли томонидан янги обида қурилган. Мақбара икки хонали, олди айвондан иборат бўлиб, асосий хона усти катта гумбаз билан ёпилган. Мақбара олдидаги айвоннинг иккита кириш эшиги устига иккита кичкинароқ гумбаз ўрнатилган. Мақбаранинг иккинчи хонаси зиёратчилар учун тиловат қилиш ва намоз ўқийдиган жой вазифасини бажаради. Мақбара ичида қабр бўлиб, бу саҳоба шарафига қўйилган рамзий қабрдир. Зиёратгоҳ атрофи катта маҳаллий қабристон бўлиб, зиёратгоҳ фақатгина туман миқёсида маълум. Ҳафтада 100-120 киши зиёратга келади . Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг охиргисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу жонларини фидо қилган мўминлардир.