Атоулло Саид Ваққос зиёратгоҳи ( Шеробод тумани)

Атоулло Саид Ваққос зиёратгоҳи ( Шеробод тумани)

Сурхондарё вилоятида Саъд ибн Абу Ваққос номи билан боғлиқ бир нечта жойда зиёратгоҳлар учрайди. Саъд ибн Абу Ваққос ҳижратдан 23 йил аввал милодий 600 йил туғилган.

Сурхондарё вилоятида Пайғамбар (с.а.в) саҳобаларидан бўлган Саъд ибн Абу Ваққос номи билан боғлиқ бир нечта жойда зиёратгоҳлар учрайди. Жумладан, Ангор тумани Ҳайрабод тепа қишлоғи, Олтинсой туманининг Хўжасоат қишлоғи ва Шеробод тумани Сеплон қишлоғида Атоулло Саид Ваққос номи билан аталувчи зиёратгоҳлар мавжуд. Саҳобалар муқаддас ислом динини бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига кўтарган ҳамда бу вазифани тўла-тўкис адо этган зотлардир. Саҳобаларни яхши кўриш, уларни Пайғамбар (с.а.в)дан кейин энг авзал инсонлар бўлган деб билиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Саъд ибн Абу Ваққос ҳижратдан 23 йил аввал милодий 600 йил туғилган. Расулуллоҳнинг оналари мансуб бўлган Қурашийнинг Бану Зуҳра қабиласидан. Олтинчи отада (Ҳакамда), Пайғамбар (а.с.)нинг шажаралари билан боғланади. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) Абу Бакр (р.а.)нинг даъвати туфайли исломга кирган беш кишининг учинчиси, маккалик мусулмонларнинг эса, олтинчиси эди. У тириклигидаёқ, жаннатга кириш хушхабарини олган ўн саҳобийдан биридир. Мусулмон бўлганида 17 ёш бўлишига қарамай, жасур, мард ва моҳир мерган сифатида танилган. У ислом келмасидан олдин, камон ва ўқ-ёй ясаш билан шуғулланган. Муфассирлар Қуръони Каримдаги “Анъом” (52), “Анфол” (1), “Луқмон” (15), “Моида” (9) сураларидаги бир қанча оятлар, айнан Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) ҳақида нозил бўлган деб таъкидлайди. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) Мадинада ҳижрат қилиб, Бадр, Уҳуд жангларида қатнашиб, Худайбия сулҳида гувоҳ сифатида иштирок этган. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.)нинг дуолари мустажоб бўлган. У фариштани кўрган саҳобий эди. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.) даврлардаги фатҳларда ҳам қатнашган. Ул зот маълум муддат Ироқ ва Эрон ноиби бўлган. 638 йил Куфа шаҳрини қуришда бош-қош бўлган. Умар (р.а.)дан кейин халифа бўлишга тавсия қилинган олти номзод ичида Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) ҳам бор эди. У кишидан 271 та ҳадис ривоят қилинган. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) 55/675 йил 78 ёшида Мадина шаҳри ташқарисидаги уйда вафот этган ва Бақиъ қабристонига дафн этилган . Саъд ибн Абу Ваққоснинг ҳикматли сўзлари: “Яхши хулққа, яхши кўнгилга молик бўлмаган зотлар инсонлик даражасига эришмагандирлар”. Бошқа бир ибратли сўзларида: “Ҳар ким агар фақат яхши нарсаларни қилиб, бировнинг хаққига кўз олайтирмаса, доимо қалби роҳатда ва бахтиёр бўлур” ва “Бойлигига қаноат қилмоқ лозимдур. Қаноатсиз киши ҳар қанча мол дунё билан ҳам бой бўла олмас” деганлар. Ангор тумани Ҳайрабод тепа масканида саҳоба Саъид ибн Абу Ваққос номи билан боғлиқ мақбара бўлиб, у квадрат шаклда қурилган. Усти ўқсимон гумбаз билан ёпилган. Ҳозирги мемориал услубда қурилган мақбара Саид ибн Ваққос номи билан аталади ва унинг меъморчилик услуби Оқостона бобо мақбарасига ўхшайди . Олтинсой туманининг Хўжасоат қишлоғи марказида Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи жойлашган. Зиёратгоҳга икки ёғоч эшик орқали кирилади. Ҳовлининг ҳар икки томонидан тахминан бир гектар мўъжазгина боғ барпо этилиб, унда турли мевали дарахтлар экилган . Шеробод тумани Сеплон қишлоғида Атоулла Сайид Ваққос мақбараси (X-XI асрлар) жойлашган. Мақбара араб истилоси даврида машҳур қўмондон бўлган Атоулла эшон Мирҳайдарга атаб қурилган. У унчалик катта бўлмаган бир хонали марказий мақбара бўлиб, кириш йўлаги (эшиги) жануби-шарққа қаратилган. Мақбара квадрат шаклида, устидаги шарсимон гумбаз эса икки қатор ғиштлардан терилган. Бинонинг олд томони ўзига хос меъморий услуб шаклида ишланган равоқсимон тешик билан ажратилиб, унинг ичи ғишт билан терилган. Мақбаранинг пештоқи деворлари текис бир хил қилиб безатилиб, жануби-ғарбий ва шимоли-шарқий томондан унчалик катта бўлмаган деразалар ўрни қолдирилган. Қурилишнинг қизиқ бир жиҳати шундаки, мақбара бурчакларида ўзига хос меъморий услублар мавжуд. Бинонинг учки қисмида ярим қубба шаклидаги бўшлиқ бўлиб, ички тарафида уч қатор ғишт безак сифатида қилиб терилган. Тоқ равоқнинг пастки қисми девордан ташқарига чиққан бўлиб, ердан 1,5 метр баландликдан бошланган. Бинонинг ички қиёфаси ғишт ҳолида қолдирилган, ортиқча безак берилмаган. Хонанинг ички тарафи сомонли лойсувоқнинг эски изларини сақлаб қолган. Гумбаз қуюқ сувоқ қатламлардан иборат, гумбазнинг юқори қисми янгидан қурилган . Мақбара хом ғиштдан 24-26х24-26х4-4,5 см, 10х10х65 см ўлчовида бўлган. Лойиҳанинг ташқи ўлчови 6,80х6,40 м., ички ўлчови 5,25х4,75 метр бўлган . Хонанинг кенглиги 7,70х7,75 метрга тенг . Мақбаранинг марказий қурилишида хом ғиштдан фойдаланилгани, аркнинг учи ярим қубба шаклидаги бўшлиқ бўлиб, ичи ғишт билан арчасимон қилиб терилгани унинг ХI асрга тегишли эканини билдиради. Бу мақбара ХV-ХVII асрларда қурилган архитектуранинг қадимги кўринишини ўзида акс эттирган . 1977 йилда В.А. Аршавская мақбарада дастлабки тадқиқот ишларини олиб борган. Саъд ибн Аби Ваққос мақбараси машҳур саҳоба номи билан боғлиқ. Зиёратгоҳ асосий объекти мақбара бўлиб, унинг атрофида эски катта қабристон жойлашган. Маҳаллий аҳоли минг йиллар давомида зиёратгоҳга ташриф буюрганлар. ХХ асрнинг 70-йилларида мақбара сиёсий жараёнлар туфайли бузиб ташланганлиги боис хароба ҳолга келиб қолган. Саъд ибн Аби Ваққос зиёратгоҳи ҳам эпиграфик ёзувлар кўплиги билан ажралиб туради. Ушбу зиёратгоҳ ғишт ва темир панжаралар билан ўралган, деворларга исломий панд-насиҳатлар, ҳикматли сўзлар битилган. Мазкур қабр оддий, пишиқ ғишт билан тўртбурчак шаклида қурилган. Унинг тепасига беш панжанинг рамзий белгиси қўйилган. Бу белги зиёратгоҳнинг муқаддаслик даражасини ифодалайди. Мустақиллик туфайли мақбарани 1992 йилнинг май ойида ангорлик Нормурод полвон Аллоберди ўғли ўз жамғармаси ҳисобидан хивалик уста Шомурод ёрдамида қайта таъмирлаб, асл холига келтирган . Бу мақбара ҳам Шеробод туманидаги мақбарага ўхшаб квадрат шаклида шарққа қараб қурилган, у бир хона, усти гумбазли, эшиги олд тарафида жойлашган. Мақбара XVI-ХVII аср архитектураси кўринишидаги бинолар мажмуасидан иборат.

Галерея