Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи

Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи

Сурхондарё вилояти Денов тумани Номозгоҳ маҳалласида Хожа Алоуддин Аттор (XIV аср) зиёратгоҳи жойлашган. Хожа Алоуддин Аттор нафақат Сурхон воҳаси, балки Мовароуннаҳр маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган мутасаввуф олимдир.

Сурхондарё вилояти Денов тумани Номозгоҳ маҳалласида Хожа Алоуддин Аттор (XIV аср) зиёратгоҳи жойлашган. Хожа Алоуддин Аттор нафақат Сурхон воҳаси, балки Мовароуннаҳр маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган мутасаввуф олимдир. У ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди ва куёви, икки буюк халифасидан бири бўлиб, асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад Хоразмийдир . Отаси хоразмлик бўлган, атторлик савдоси билан шуғулланган . Бироқ Навоийнинг асарида Бухорий тахаллуси билан келтирилади . Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Хожа Алоуддин Аттор, Хоразмда туғилган. Бухоро мадрасасида таълим олган. Талабалик вақтида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини пир тутиб, сулукига киради. Хожа Нақшбанд у кишига улуғ илтифот кўрсатиб, ўзига куёв қилади. Алоуддин Аттор бир умр Нақшбанд ҳазратлари билан бирга бўлиб, кўп кишиларни тарбия қилди, маънавий камолотга етказди. У зот нақшбандия силсиласининг 17-муршиди комилидир . Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди, нақшбандия тариқатининг давомчиси Яъкуб Чархий билан жуда яқин дўст бўлган. Муҳаммад Дорошукуҳнинг “Сафинатул авлиё” (XVII аср) асарида Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Мавлоно Яъқуб Чархийни муридликка қабул қилгач, уни Хожа Алоуддин Атторга топширгани, Нақшбанд ҳазратлари вафотидан сўнг олим Алоуддин Аттор суҳбатида камол мартабасига еткани қайд этилган. Али Тоҳирхўжа Самарқандийнинг “Самария” асарида ёзилишича, Хожа Аҳрор Мавлоно Яъкуб Чархийнинг муриди бўлиб, у Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг муридидир. Мавлоно Яъқуб тугалликни ҳазрат Хожа Алоуддин Аттордан топган . Хожа Алоуддин Аттор, айни пайтда, Муҳаммад Порсо билан ҳам жуда яқин дўст бўлган. Бу ҳақда аллома таъкидлайдики, “иккаламизнинг ўртамизда йигирма йилдан буён бузилмас дўстлик бор, мен ундан жуда розиман” деган . У кишининг ундови билан Хожа Муҳаммад Порсо “Рисолаи Қудсия”, Салоҳ ибн Муборак эса “Анисут толибин” асарини ёзган. Муҳаммад Порсонинг “Мақомоти шайх Алоуддин Аттор” рисоласида ёзилишича “Алоуддин Аттор Чағониённинг Деҳнов деган жойида яшаганлар, лекин Бухородан бу ерга қачон ва қандай шароитда келиб қолганлари маълум эмас” деб қайд этадилар. Хожа Алоуддин Аттор милодий XIV асрнинг 90-йилларида Бухородан Деновга келгач, нақшбандия тариқати тарғиботини давом эттирди. Нақл қилишларича, Алоуддин Аттор 795/1392 йил шаъбон ойининг бошида вафотидан 7 йил аввал Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиш мақсадида Ҳисор вилоятидан Бухорога бормоқчи бўлади. 18 кун деганда Бухорога етиб, Нақшбанд қабрини зиёрат қилади.Шаввол ойининг бошида яна уйига қайтади. Муҳаммад ибн Тоҳир Хоразмийнинг ривоятига кўра, Алоуддин Аттор 802/1399 йил 2-ражаб ойининг душанба куни дардга чалинади. Касалининг сабаби бош ва бел оғриғи эди. Ўша ойнинг 20-кечаси хуфтон номозидан сўнг вафот этади . Ҳозирги кунда мазкур қабристон “Шайх Аттор Валий” ёки “Остона бува” деб номланади. Бу қабристонга ўғли Ҳасан Аттор ва набираси Хожа Юсуф Аттор ҳам дафн қилинган. Яъқуб Чархий Хожа Алоуддин Атторнинг таклифига кўра Деновга келади ва фаолиятини шу ерда давом эттиради. Вафотидан олдин Хожа Алоуддин Аттор халифаси Яъқуб Чархийга яқиндагиларини суҳбат билан, узоқдагиларни эса китоб воситасида тарбиялаш лозимлигини васият қилган. Хожа Алоуддин Аттор ҳазратлари Ҳасан Аттор, Низомиддин Хомуш, Яъқуб Чархий, Ҳисомиддин Порсо, Мавлоно Абу Саид, Абдуллоҳ Имомий Исфаҳоний, Шайх Умар Мотуридий, Саййид Шариф Журжоний каби етук шайхларни етиштирган . Йирик олим Хожа Аҳрор Валий Ҳиротдан Яъқуб Чархий ҳузурига, Ҳисор водийсига бориб, нақшбандия тариқати асосларини ўрганади. У ердан Самарқандга қайтаётганда Чағониёнда маълум вақт яшайди . Сафар чоғида у Деновда бўлиб, Хожа Алоуддин Атторнинг набираси Хожа Муҳаммад Аттор билан учрашган. Хожа Алоуддин Аттор вафотидан кейин у кишининг авлодлари нақшбандия тариқатини давом эттирганлар. Жумладан, ўғли Хожа Ҳасан Аттор Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф аҳли орасида машҳур бўлган. Фахриддин Али Сафий “Рашаҳоту айнил ҳаёт” асарида у кишини “Отасининг валийлик дарахти самараси” деб таърифлайди . Темурий ҳукмдор Шоҳруҳ Мирзо Хожа Ҳасан Атторни жуда ҳурмат қилган. Манбаларда ёзилишича,бир гал олимни шахсан пешвоз чиқиб кутиб олган ва унга бедов от совға қилган . Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида “Саййид Оталиқ” мадрасаси мавжуд. Ушбу мадраса Алоуддин Атторга атаб қурилгани учун Саййид Оталиқ дея номланган. Мадраса Алоуддин Аттор авлодлари томонидан 26 йил мобайнида қурилиб, унга уста Аҳмад Бухорий бошчилик қилган. Пойдеворининг чуқурлиги 5,5 метр, шимоли-жанубга томон чўзилган тўғри тўртбурчак тарҳли (46×64 м), бурчакларига гулдасталар ишланган. Ҳовли (40×29,5м) атрофида олди чуқур ровоқли, икки қаватли хужралар жойлашган. Пастки қаватдаги хужралар ҳажми 4,75×2,75 метр ва юқорисидаги хужралар ҳажми 2,75×2.25 метр, томи балхи гумбазли бўлган. Пештоғи ва ички хоналарида миёнсарой равоқларида ганчкори безаклар ва ички бўртма қобирғасимон, муқарнас нақшлар сақланган. Хужра деразаларига ганчдан панжаралар ишланган . Мирзо Кенжабекнинг айтишича, Русиядаги октябрь инқилобидан олдин мадрасада 400 га яқин талаба илм олган ва 33 нафар мударрис сабоқ берган. Шўролар тузуми даврида мадраса ёпиб ташланган. Хожа Алоуддин Аттор сағанаси XV асрга оид, бўлиб, аввал зиёратгоҳда фақат Валийнинг қабри ва ўғли, набирасининг қабри бўлган, кейинчалик бу жой катта қабристонга айланган. Алоудлин Аттор қабри совет йилларида очиқ осмон остида тўртбурчак шаклида пишиқ ғиштдан қурилган катта сағана бўлган. Олимларнинг тахмин қилишича, сағананинг ичида Валийнинг турмуш ўртоғи ва бошқа кишининг ҳам қабри бўлиши мумкин. Мустақиллик йилларида азиз-авлиёларнинг илмий мероси, зиёратгоҳларига катта эътибор қаратилганлиги муносабати билан 2000 йил Денов тумани ҳокими ва маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қабр ёнига мақбара қурилган. 2019-2020 йилларда маҳаллий ҳомийлар томонидан эски мақбара бузиб ташланиб, қабр устига пишиқ ғиштдан квадрат шаклда усти гулоҳи гумбаз билан ёпилган ҳашаматли мақбара қурилган. Қабр мақбаранинг ертўла қисмига олиниб, тепасига рамзий қабр қўйилган. Мақбарага ганчкорлик усулида жуда чиройли безаклар берилган . Ҳозирги кунда ҳам Алоуддин Атторнинг авлодлари яшаб келмоқда. Улардан Муҳаммад Содиқ ва Муҳаммад Мунир Ҳиндистонда яшаб, муридлар тарбияси билан шуғулланадилар . Дала тадқиқотлари натижасида шу нарса маълум бўлдики, ҳозирги кунда ҳам Алоуддин Атторнинг авлодлари Денов тумани Номозгоҳ маҳалласида, Тожикистоннинг Ҳисор водийси ва Афғонистонда ҳамда Тошкент вилоятида ҳам истиқомат қилади.