Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи (XVII-XVIII асрлар) Олтинсой тумани Катта Вахшувор қишлоғида жойлашган. Сўфи Оллоёрнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар асарларида тарқоқ ҳолда учрайди.

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи (XVII-XVIII асрлар) Олтинсой тумани Катта Вахшувор қишлоғида жойлашган . Сўфи Оллоёрнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар асарларида тарқоқ ҳолда учрайди . Жумладан, “Рисолаи Азиза” асарида шоир 1634 йилда Миёнкол мавзесига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топиб, хитой-қипчоқ қабиласининг Ўтарчи уруғидан бўлганлиги келтирилади. Шоир Бухоро мадрасаларида таҳсил олган ва Жўйбор шайхлари даргоҳида тарбияланиб, диний ва дунёвий илмларни мукаммал даражада ўрганганини айтиб ўтади. У ўзбек адабиёти тарихида забардаст шоиргина эмас, йирик олим сифатида ҳам танилган . Олимнинг “Маслак ул-муттақийн” (Тақводорлар маслаги) форсийда назм йўли билан битилган, “Мурод ул-орифин” (Орифлар-донолар муроди) тасаввуф масаласига бғишланган, “Махсан ул-мутеъин” (Мутелар хазинаси) асари араб тилида фиеҳга оид асар, “Сабот ул-ожизин” (Ожизлар саботи) туркийда ёзилган, ҳамда “Қиёматнома”, “Муборак ҳаж сафари” каби асар ва панднома руҳидаги шеърлари мерос бўлиб қолган . Сўфи Оллоёр масжидга ўтирганидан сўнг, эътибори шогирдлар тарбиясига қаратилиб, халқни тўғри йўлга бошлаш машаққати елкасига тушади. Бу орада турли хил зиддият, замона қарама-қаршилигига учраб, дастлаб Кат Илёсда (тахминан) 1700 йилга қадар, Каттақўрғонда 1702 йилгача, Чўнқаймиш-Аназират (Она зиёрат)да 1712 йилнинг охирларигача, Қоратиканда бир неча ой истиқомат қилиб, сайри сулукда бардавом бўлади. Сўфи Оллоёр 1713 йилдан кейинги умрини Ҳисор тарафига, Мавлоно Зоҳид Вахшуворий остонасини макон қилиб, мужоҳида ва риёзат билан ўтказади. Файзу анвор ва файзу осор бўлган бу жойда яшаб, хонақоҳ ва чиройли боғ қурдиради . Тадқиқотлардан шу нарса маълум бўладики, шоирнинг икки ўғли, бир қизи бўлган . Мутасаввуф олим ва валий Сўфи Оллоёр 1724 йилда ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Вахшувор қишлоғида вафот этган . Катта Вахшувор қишлоғида Сўфи Оллоёр ҳаётлиги даврида ўзи қурдирган қадимги масжид (XVIII аср) мавжуд. Қадимшунос олим Л.И. Ремпел масжид устунларидан бирининг ёзувини ўқиш орқали 1713 йили уни қуриб битказилганини аниқлади. Масжиднинг шимоли-шарқий қисми икки айвон, қўшимча хона ва ҳовлидан иборат. Иморат тўғри бурчак шаклида икки ёқлама айвон билан туташган. Бинога киришнинг жануби-шарқий ва шимоли-шарқий йўллари мавжуд. Иморат синчли пахсадан қурилиб, икки қават девор билан ўралган. Масжиднинг ташқи тарафида кулбалар бор, меҳроб қисми жуда тор бўлиб,тўртта устун қўйилган. Айвонда еттита, залда эса олтита бақувват устунлар бор. Айвоннинг диаметри 14,0х16,2 м залнинг диамерти эса 11,1х9,7 м ташкил этади . Масжид биноси XIX асрда Файзулла Охунд ва XX аср бошида Қўқон эшони томонидан амалга оширилган . Зиёратгоҳга киришда дарвоза ва унинг атрофида шоирнинг шеърлари битилган ғиштин лавҳлар бор. Тор ва узун йўлак қабристонга қадар чўзилган. Йўлакка бетон ғиштлар намозгоҳга қадар терилган. Сўфи буванинг тепасида тўртта туғ турибди . Алломанинг авлодлари ҳозиргача ҳаёт бўлиб, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Катта Вахшувор қишлоғида ҳамда Шўрчи туманидаги Далварзин маҳалласида истиқомат қилишади . Бундан ташқари, Сўфи Оллоёрнинг ҳозирги авлодларидан бир қисми Самарқанд шаҳрида ва вилоятнинг Чўнқаймиш қишлоғида яшашади, улар ўзларини эшон деб атайдилар ва тасаввуф вакили сифатида олимнинг ишларини давом эттирмоқдалар . Айтиш мумкинки, вилоятда Сўфи Оллоёр номидаги бир қанча қадамжолар ҳам бўлиб, бу олимнинг аҳоли ўртасидаги обру-эътиборининг юксак эканлигидан далолат беради. Масалан: Олтинсой тумани Оқарбулоқ қишлоғидаги “Масжид ота” зиёратгоҳи ҳам шундай зиёрат объектидир. Маҳаллий аҳоли орасида ривоятларга кўра, Сўфи Оллоёр халифалари билан Самарқанддан чиқиб шу ерда тўхтаб ўтгани учун аҳоли бу жойни қадамжо ҳисоблаб, унинг яқинида кичик масжид бунёд этган. Шу вақтдан бошлаб бу жой зиёрат масканига айланган . Мазкур зиёратгоҳ бугунда жуда обод ва файзли маскан сифатида аҳоли ўртасида фойдаланиб келинади.