Кокилдор ота зиёратгоҳи

Кокилдор ота зиёратгоҳи

Сурхондарё вилояти Термиз туманида Кокилдор ота зиёратгоҳи (XII аср) жойлашган бўлиб, унда Ҳаким Термизийнинг куёви, унинг қизи Ҳурайда бинти Муҳаммад ал-Ҳакимнинг умр йўлдоши сифатида Кокилдор ота номи билан қайд этилган.

Сурхондарё вилояти Термиз туманида Кокилдор ота зиёратгоҳи (XII аср) жойлашган бўлиб, унда Ҳаким Термизийнинг куёви, унинг қизи Ҳурайда бинти Муҳаммад ал-Ҳакимнинг умр йўлдоши сифатида Кокилдор ота қайд этилади. Унинг асл исми Сомон Ашур Ҳамзаи Ҳофиз Кокилдор бўлиб, машҳур хаттот, олим ва кўпгина асарлар муаллифи сифатида маълум . Сомон Ашур 942 йилда Термизда Ҳамзаи Ҳофиз (достон айтувчи, куйловчи) оиласида таваллуд топган. Аҳмад ал-Устурлобий ас-Сағоний ат-Термизий нинг 36 нафар шогирдларидан танлаб олинган. Сомон Ашур 21 ёшида сочини ўстириб, “Ҳамзаи Ҳофиз Кокилдор” тахаллуси билан 341/952–53 йилда Қирқ Қиз қалъасига илм ўрганишга ва ўргатишга жўнатилган. Ўз даврининг таниқли кишиси бўлган Кокилдор илми нужум, илми табобат, муфассири Қуръон соҳиби ҳисобланган. Катта жамоа илм соҳиблари ўртасида юксак обрў-эътиборга эга бўлган. Сомон Ашур Қирқ Қиз қалъаси қизларига илми нужум, риёзиёт ва ҳандасадан сабоқ берган. Қалъада уни “Ҳамзаи Ҳофиз Кокилдор” деб аташган. Шу даврда олимнинг “Шажараи Ҳофузия”, “Ривоёт ал-устоз” ва “Шажарот ал-калом” тарихий асарлари ёзилган. 966 йилда Сомон Ашур Ҳаким Термизийнинг қизи Ҳурайдага уйланган. Шу йили уларга “Кўшки Кокилдор” мақбараси қурилишига рухсат берилган. “Ҳамзаи Ҳофиз” мақбарасининг қурилиши тугалланмасдан, 370/980-81 йили оламдан ўтган. Уни ўзига атаб қурилаётган Кўшки Кокилдорга қўйилган. Кейинчалик бу зиёратгоҳ қабристонга айланган. Кокилдор ота мақбараси XII асрда бунёд этилиб, хонақоҳ тўғри тўртбурчак тарҳли (27, 5х17 м) 5 хонадан иборат. Баланд ва чуқур равоқ пештоқ орқали марказий хонага (7,5х7,5 м) кирилади . Марказий хонанинг гумбази 8 қиррали пойгумбаз устига ўрнатилган бўлиб, икки ён томондан хоналар ўзаро ўхшаш, тенг ҳажмда, калон орқали боғланган орқа ва ён эшиклари бўлган. Марказий хона саҳнида бир нечта қабр сақланиб қолган . Археолог санъатшунос олима Г.Пугаченкова XVI асрга оид Кокилдор ота мақбараси ўзида узун кириш жойи, асосий зал ва 2 та томондан хона ва йўлак бирлаштирганини, асосий ташқи томоннинг кўриниши фронтал бўлиб, текис пештоқли унинг тепасидаги зал гумбазлари ва ён томондан қанотлари мавжудлигини, ички томонини турлича ганч билан безатилган безаклар ташкил этишини қайд этади . Мақбара шу ерда яшовчи аҳоли томонидан бир неча марта таъмирланган. 2001 йил август ойида мазкур алломанинг хоки Султон Содот қабристонига кўчирилган . Яна шуни ҳам айтиш мумкинки, мазкур шахснинг мақомоти саййидлик даражасига кўтарилганидан далолат беради.

Галерея