Дунё цивилизациясида Ўзбекистоннинг муносиб ўрни бўлиб, унинг жанубий ҳудуди бўлган Сурхондарё вилояти нафақат Марказий Осиё, балки Шарқнинг қадимги маданият марказларидан бири ҳисобланган. Қадимги Буюк Ипак йулида жойлашган Сурхон воҳаси зардуштийлик, буддавийлик, християнлик ва монийлик каби турли динларнинг шаклланиши, тараққий этишига асос солган. Мустақиллик йилларида Сополлитепа, Жарқўтон, Айритом, Термиз, Далварзинтепа, Холчаён, Фаёзтепа ва Қоратепа каби қадимий археологик ёдгорликларнинг ўрганилиши уларга бўлган муносабат ва эътибор намунасидир. Дунё мамлакатларида исломломшунослик, ҳадисшунослик, калом илми каби исломий фан йўналишлари ва ислом маданияти ривожига катта ҳисса қўшган алломаларнинг илмий меросини ўрганиш юксак даражага кўтарилди. Шунингдек, Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий, Юсуф Ҳаёт Термизий, Абу Исо Термизий, Абул Музаффар Термизий, Саййид Бурхонуддин Ҳусайн Термизий каби алломалар асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши умуминсоний ғоялар ва маънавий қадриятларни тиклашда кенг кўламли ишларнинг амалга оширилаётганлигини кўрсатади. Сомонийлар (IX аср), Қорахонийлар (X-XIII асрлар), Ғазнавий ва Салжуқийлар (XI-XII асрлар) даврида Буюк ипак йўлида жойлашган Чағониён ва Термизда ўзига хос маданият, маънавият, шаҳарсозлик, меъморчилик, савдо алоқалари,ҳунармандчилик ривожланиб, хом ва пишиқ ғиштдан шарқона меъморий услубда Эски Термизда Қирқ қиз қаъласи (IX аср), Ҳаким Термизий (X-XIVасрлар), Султон Содот (XI-XIX асрлар), Эски Термиз яқинида жойлашган Пайғамбар оролидаги Зул Кифл (X аср), Термиз ҳукидорлари қароргоҳи Термизшоҳлар саройи (IX-XII асрлар), Абу Исо Термизий (X-XI асрлар) мақбаралари қурилган. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудуди бўлган Сурхон воҳасида жаҳонга машҳур бўлган археологик ва архитектура ёдгорликлари, ўлкамиз тарихи билан боғлиқ зиёратгоҳларни туристик зиёрат объекти сифатида тиклаш бўйича килинган ишлар миллий, тарихий ва моддий меросимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни номоён этади.