СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ЗИЁРАТГОҲЛАРИ ТАРИХИ

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ЗИЁРАТГОҲЛАРИ ТАРИХИ

Ушбу монографияда Сурхондарё вилоятида жойлашган зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжо ҳисобланган объектларнинг тарихи ва бугунги ҳолати археология, архитектура, этнография, социология, диншунослик фанлари кесимида тадқиқ этилган. Унда зиёратгоҳ номи билан боғлиқ воҳа олиму-фузалоларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий-маънавий мероси, уларнинг ислом маданиятида тутган ўрни, алломалар бой меросининг ёшлар маънавий тарбиясидаги аҳамиятини кўрсатиб берувчи масалалар ёритилган. Китоб Сурхондарё вилояти зиёратгоҳлари тарихи билан қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ муқаддас зиёратгоҳларга маданий ва маънавий меросимиз ёдгорликлари сифатида алоҳида эътибор берилмоқда. Ислом дини ва маданиятининг жамият маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш, динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, юртимизнинг, ўзига хос тарихи, маданияти ва бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганиш вазифасининг кун тартибига қўйилиши тарих соҳасида янги илмий изланишларни талаб қилади. Ислом илоҳиёти ва тасаввуф фалсафаси, ҳадис илми бўйича буюк аждодларимиздан қолган меросни изчил ўрганиш ва ижодий ўзлаштириш нақадар муҳим бўлса, бундай табаррук зотларнинг ҳаёти ва вафоти билан боғлиқ қадамжолар тарихини ўрганиш ҳам шунчалик муҳимдир. Ислом маданияти ва тарихини акс эттирувчи тарихий обидалар Сурхондарё вилоятида ҳам асрлар мобайнида авайлаб-асраб келинди. Термиз туманидаги Ҳаким Термизий, Кокилдор ота, Қирқ қиз, Султон Содот, Шерободдаги Атоулло Саид Ваққос, Узун туманидаги Абу Ҳурайра, яъни Оқ Остона бобо ва бошқа зиёратгоҳлар шулар жумласидандир. Термиз шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан Сурхон воҳасидаги зиёратгоҳлар қайтадан таъмирланди ва у ерга келувчилар сони тобора ошиб бормоқда. Бу мақбаралар маҳаллий аҳоли доимий равишда зиёрат учун борадиган муқаддас қадамжолар, руҳий покланиш ҳамда маънавий юксалиш масканлари бўлиб ҳисобланади. Шу муносабат билан муқаддас зиёратгоҳлар тарихини билиш, мазкур қадамжоларнинг тарбиявий-маънавий салоҳиятини ошириш давр талаби бўлиб қолди. Сурхондарёдаги қадамжолар тарихини ҳамда бу зиёратгоҳларнинг маънавий ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини илмий тадқиқ этишнинг долзарблиги қуйидагилар билан белгиланади: биринчидан, тарихий обидалар, осори атиқалар, мақбара ва қадамжолар билан алоқадор манбаларни таҳлилий ўрганиш мана шу зиёратгоҳлар билан боғлиқ тарихий воқеликни чуқур англашга, ўтмиш тўғрисидаги илмий қарашларни янада кенгайтиришга асос бўлади. Асрлар давомида авайлаб-асраб келинаётган бундай зиёратгоҳларнинг миллий маънавиятимиз тарихида тутган ўрнини илмий тадқиқ этиш тарих фани соҳасидаги муҳим вазифалардан биридир; иккинчидан, муқаддас қадамжоларнинг келиб чиқиши, зиёрат объектига айланиши (муқаддаслашуви), кейинги ривожида ўша давр тарихий жараёнлари, аҳолининг менталитети, халқнинг руҳияти ва кайфияти акс этишини ҳисобга олган ҳолда тадқиқ этишнинг аҳамияти каттадир. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон жаҳон маданиятининг кўҳна марказларидан бири бўлиб, халқимиз бой моддий маданиятга, меъморчилик ва ҳунармандчилик анъаналарига эгадир. Минтақага ислом дини кириб келгач, маҳаллий анъаналар исломий маданият билан уйғунлашиб, янада юксак даражада маънавий жиҳатдан тараққий этиб борди ҳамда бу жараёнлар муқаддас зиёратгоҳлар тарихида ўз аксини топди. Бинобарин, ушбу жараёнларни тадқиқ этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади; учинчидан, номлари муқаддас қадамжолар билан боғлиқ алломалар, уламолар, авлиёларнинг ибратли ҳаёти, илмий мероси ҳақидаги тарихий маълумотларни бойитиш ва уларнинг маънавиятни юксалтиришдаги аҳамиятини очиб бериш ҳам тарих фани олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Буюк аждодларимизнинг жаҳон тан олган ва ҳозирги пайтда катта қизиқиш билан ўрганаётган мероси ўзбек халқининг қонуний мулки эканини тарихий исботлаш ҳам катта аҳамиятга эга; тўртинчидан, муқаддас зиёратгоҳлар билан боғлиқ қарашлар, урф-одатлар, ирим-сиримлар ҳамда уларнинг инсон руҳиятига таъсири тарих давомида турли кўринишларда намоён бўлишини кўрсатиб бериш ҳам муҳимдир. Маънавият маскани бўлиши лозим бўлган қадамжоларни хурофот ва бидъат маконига айлантиришга бўлган тубан интилишлар, маърифий исломга зид қарашларни таҳлил этиш ҳам ушбу тадқиқот доирасига киради; бешинчидан, муқаддас зиёратгоҳларнинг маънавий ҳаётдаги ролини инкор этувчи бирёқлама мутаассиблик нуқтаи назаридан қарашларга қарши холисона тарихийлик асосидаги фикрларни бериб, уларнинг миллий ўзликни англаш, миллий ғояни шакллантириш ва ривожлантиришдаги ролини кўрсатиб бериш жуда долзарб бўлиб қолди. Шу нуқтаи назардан ҳам бундай тадқиқотлар зарурдир.