ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЖАНУБИЙ ҲУДУДЛАРИДАГИ ЗИЁРАТГОҲЛАР ТАРИХИ ВА УЛАРНИНГ МАҲАЛЛИЙ АҲОЛИ ҲАЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЖАНУБИЙ ҲУДУДЛАРИДАГИ ЗИЁРАТГОҲЛАР ТАРИХИ ВА УЛАРНИНГ МАҲАЛЛИЙ АҲОЛИ ҲАЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ

Ушбу монографияда Қашқадарё ва Сурхондарё воҳаларидан етишиб чиққан алломалар шахсияти, уларнинг ислом фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссалари, олимлар ижодининг маънавий-тарбиявий аҳамияти, улар яшаган манзилларнинг зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжо объектларига айланиши масаласи тадқиқ этилган. Шунингдек, тадқиқотда Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари зиёратгоҳлари билан боғлиқ архитектура ёдгорликлари ҳолати, уларнинг сони, тарихи, бугунги кунда мазкур зиёратгоҳларнинг туризм соҳасини ривожлантиришдаги ўрни ҳамда ушбу маданий мероснинг ёшлар маънавий тарбиясидаги аҳамиятини кўрсатиб берувчи масалалар ёритилган. Китоб зиёратгоҳлар тарихи билан қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.

Дунё миқёсида диний қадриятлар жамият аъзоларининг тарбиявий-ахлоқий маданиятини шаклланишига ҳамда маданиймаърифий ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Дин билан боғлиқ бўлган зиёратлар, уларнинг тарихини ўрганиш халқнинг моддий ва маънавий бойлигини оширишда ҳамда ушбу масканлар инсоният маданиятининг ажралмас бўлагига айланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Диний урф-одатлар ва уларнинг мазмун моҳиятини тўғри талқин қилиш ахборотлар асрида турли диний оқимларга қарши ҳимоя воситаси вазифасини ҳам бажаради ва алоҳида тадқиқ этиш заруратини юзага келтиради. Дунё мамлакатларида исломшунослик, ҳадисшунослик, калом илми каби фанлар йўналишида ислом дини маданияти, фани ривожига ҳисса қўшган ва бугунги кунда зиёратгоҳ манзилига айланган буюк уламоларнинг фаолияти, илму-ирфонларини ўрганиш етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, Абу Туроб Нахшабий, Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Абул Муъийн Насафий каби уламолар асарларининг турли хорижий тилларга таржима қилиниши умуминсоний ғоялар ва маънавий қадриятлар тиклашга қратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ўлкамиз тарихи билан боғлиқ зиёратгоҳлар, жаҳонга машҳур тарихий-меъморий объектларни қайта тиклаш бўйича қилинган ишлар миллий тарихий меросимизга бўлган ҳурмат ва эътиборнинг намунасидир. Хусусан, “Қашқадарё воҳаси 2700 йилдан зиёд тарихга, қадимий маданият ва цивилизация дурдоналарига эга Нахшаб, Насаф, Кеш каби шаҳарларда фаолият кўрсатган, диний ҳамда дунёвий илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган Абу Туроб Нахшабий, Нажмиддин Насафий, Сайидо Насафий, Абу Муҳаммад Кеший каби алломаларни етиштирган бебаҳо замин ҳисобланиб, Сурхондарё воҳаси Бақтрия, Кушон каби тарихий давлатлар, Олтинсой, Сангардак, Боботоғ каби гўзал табиати жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири эканлиги, бу ҳудудларда қадим замонлардан бошлаб юксак тараққиёт мавжуд бўлган. Шундай келиб чиққан ҳолда Қашқадарё ва Сурхондарё воҳасида туғилиб, ижод қилган олимлар, хусусан, Насафий, Термизий, Нахшабий, Кеший нисбаси билан машҳур бўлган, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф каби ислом илмларининг ривожланишида катта ҳисса қўшган, ҳозирда улар жойлашган манзил зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжо сифатида маҳаллий аҳоли орасида фойдаланилиб келинаётган шахсларнинг илмий меросини тадқиқ қилиш, жану-бий воҳа тарихини ўрганиш билан бир қаторда, олимларнинг ислом илмлари ва маданиятида тутган ўрнини аниқлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февраль ПФ–4947-сон “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”, 2018 йил 16 апрель ПФ-5416-сон “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йил 3 февраль ПФ-5326-сон “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”, 2021 йил 9 февраль ПФ-6165-сон “Ўзбекистон Республикаси ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2021 йил 6 апрелдаги ПФ–6199-сон “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари, 2017 йил 23 июнь ПҚ-3080-сон “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сон “Ички ва зиёрат туризмни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, 2021 йил 3 мартдаги 119-сон “Моддий-маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари, шунингдек, соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ушбу тадқиқот муайян даражада хизмат қилади. Бугунги кунда туризмни ривожлантириш жаҳон давлатларида устувор масалага айланган бир пайтда, туристик соҳада мамлакатимиз салоҳиёти жуда юқори. Ўзбекистоннинг жанубий худудлари ҳисобланган Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида илму ирфон вакиллари ва ислом дунёсида машҳур бўлган алломалар етишиб чиқган. Уларнинг номи билан боғлиқ ислом меъморчилигининг ноёб архитектура ёдгорликларини асраб авайлаш, обод этиш, бу жойларда зиёрат туризмини ривожлантириш, нафақат вилоят, республика, балки хорижлик туристларни ҳам жалб этиш, давлатимиз қадим тарихи, маънавияти, маданияти ва гўзал табиатини хорижга кўрсатиш орқали иқтисодиёт ривожига улкан ҳисса қўшиш имконияти яратилади.