ТЕРМИЗЛИК ИККИ АЛЛОМА

ТЕРМИЗЛИК ИККИ АЛЛОМА

Ушбу рисола термизлик икки буюк аллома Абу Исо Муҳаммад ва Ҳаким Термизийларнинг ҳаёти, ижодий фаолияти, ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси, илмий-маънавий мероси тадқиқига бағишланади. Алломаларнинг ўз давридаги диний масалалар, инсон руҳияти, ахлоқ-одоб, ҳикмат борасида берган қимматли фикрлари бугунги кунимизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, бугунги кунимизда турли даъволарни илгари сураётган ёт кучларнинг кирдикорларини фош қилишда ҳам ушбу икки алломанинг асарлари беқиёс манба бўлиб хизмат қилади. Зеро, соф ислом таълимоти акс этган ушбу асарларда зўравонлик, хунрезлик, бузуқлик каби иллатлар қораланиб, маънавий баркамоллик ғоялари тараннум этилади.

Термиз қадимдан илмий-маданий марказлардан бири ҳисобланиб, кўплаб буюк алломаларни вояга етказган. Айниқса, Термиз шаҳри IX асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва кўркам шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шаҳарда илм-фан ва маданият юксак даражада тараққий этган. IX-X асрларда Термизда бошқа илмлар қатори ҳадис ва тасаввуф илми равнақ топа борди. Илм-фаннинг турли соҳалари, жумладан, ислом илмлари бўйича Термиз шаҳридан етишиб чиққан кўплаб алломалар “ат-Термизий” нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар. Жаҳон эҳтиромига сазовор бўлган ана шундай термизлик буюк сиймолардан бири – Абу Исо Муҳаммад Термизий бўлса, яна бири Ҳаким Термизийдир. Жаҳон илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб алломаларимиз, айниқса қадим Термиздан етишиб чиққан буюк сиймоларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганишда ҳукумат раҳбариятининг термизий алломалар меросини ўрганишга бераётган эътибори муҳим ўрин тутади. Бинобарин, 2017 йил 14 февраль куни эълон қилинган “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2774 сонли давлатимиз раҳбарининг қарори асосида термизий алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва хотирасини абадийлаштиришга доир ишлар тизимлилик ва мунтазамлик касб этади. Мазкур кўрсатмаларнинг ижроси юзасидан таълиф этилган ушбу рисола термизлик икки машҳур аллома Абу Исо Муҳаммад ва Ҳаким Термизийларнинг ҳаёти, ижодий фаолияти, ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси, илмий-маънавий мероси тадқиқига бағишланади. Алломаларнинг ўз давридаги диний масалалар, инсон руҳияти, ахлоқ-одоб, илму ҳикмат борасида берган қимматли фикрлари бугунги кунимизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, ҳозирги вақтда турли пуч даъволарни илгари сураётган ёт кучларнинг кирдикорларини фош қилишда ҳам ушбу икки алломанинг асарлари беқиёс манба бўлиб хизмат қилади. Зеро, соф ислом таълимоти акс этган ушбу асарларда зўравонлик, хунрезлик, бузуқлик каби иллатлар қораланиб, маънавий баркамоллик ғоялари тараннум этилади. Ўқувчида термизий алломаларнинг ижоди ҳақида тўлиқ тасаввур пайдо бўлиши учун рисолада уларнинг турли асарларидан таржималар ҳам келтирилган. Бугунги кунда аждодларимиз томонидан асрлар мобайнида яратилган ғоят бебаҳо хазинани илмий асосда ўрганиш, дунёқарашимизнинг узвий қисмига айлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ишлар табаррук заминимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижодини холис баҳолаш, улар меросининг инсоният тафаккури, ислом маданияти ва цивилизацияси ривожидаги ўрни, инсонлар маънавиятини маърифат зиёси билан мунаввар этишдаги аҳамиятини илмий асосда тадқиқ этиш имконини беради.