Далварзинтепа ёдгорлиги

Далварзинтепа ёдгорлиги

Далварзинтепа (мил. ав. I аср охири – мил. бошлари) — қадимги шаҳар ҳаробаси. Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани маркази — Шўрчи шаҳридан 10 км шимолий-шарқда жойлашган

Далварзинтепа – қадимги шаҳар ҳаробаси. Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани маркази – Шўрчи шаҳридан 10 км шимолий-шарқда жойлашган. Майдон 47 га. Далварзинтепа 2 қисмдан: қудратли мудофаа девори (қалинлиги 10 м.гача) билан ўраб олинган шоҳ сарой қалъаси ва шаҳарнинг ўзидан иборат. Шаҳар ҳам мудофаанинг истеҳкомли тизимига эга бўлиб, бу ерда аслзодалар, ҳунармандлар, кулоллар, савдогарлар ва руҳонийлар истиқомат қилишган. Ўзбекистон санъатшунослик илмий тадқиқот институтининг санъатшунослик экспедицияси Далварзинтепада 1962 йили дастлабки текширув ишларини ва 1967 йилдан буён мунтазам археологик қидирув ишларини олиб боради. Душанбе шаҳрида «Кушонлар даврида Марказий Осиё» мавзуида ўтган халқаро симпозиуми (1968) да экспедиция топилмалари (ҳайкаллар, кулолчилик буюмлари, шаҳар мудофаа иншоотларини ўрганиш натижалари ва ҳ.к.) асосида Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти Далварзинтепа ўрнида бўлган, деган фараз олдинга сурилган эди. Мил. ав. 2-аср охири – 1-асрларда ҳозирги Далварзинтепа ўрнида кичик манзилгоҳ пайдо бўлган. Кушон подшоларидан Канишка даврида Далварзинтепа шаҳар сифатида шаклланган. Мил. авв. 1-аср охири — мил. бошларида Шимолий Бақтрия ҳудудида Далварзинтепадан бошқа бунчалик йирик шаҳар манбаларда қайд этилмаган. Шаҳар ҳудудида уни бир қанча маҳаллаларга ажратган шоҳкўчалар, шунингдек, торкўчалар бўлган. Кенглиги 12 м.га яқин шоҳ кўчалардан бири бадавлат фуқароларнинг уйларидан иккитасига (дала белгиси: ДТ-5 ва ДТ-6) бориб тақалади. 1972 йилги экспедиция шу уйларнинг биридан вазни салкам 36 кг чамаси келадиган олтин безаклардан ва ёмбилардан иборат ноёб хазинани ва фил суягидан ишланган, дунёда энг қадимги бўлган шахмат доналарини топди (қаранг Далварзинтепа хазинаси). Бадавлат фуқароларнинг маҳалласидан ташқари шаҳарда, аркка (қўрғонга) яқин ерда ҳунармандлар ва кулолларнинг уйлари жойлашган. Шу ерда кўп хонали уй, кулолчилик буюмларини қуритиш май-дончаси ва 11 хумдон очилди. Қадимги шаробпазлар яшаб, ишлаган уйлар ва мусалласхоналар шаҳарнинг қарши томонида жойлашган. Далварзинтепанинг шимоли-ғарбий қисмидан Кушон маъбудаларидан бирига бағишланган ибодатхона топилган. Шаҳар девори ташқарисида, эса будда ибодатхонаси ва аслзодалар дафн этилган дахма топилди. Асосий шоҳкўчалардан бири ўтган шаҳар марказида будда мажмуаси – улуғвор ҳайкаллари бўлган ибодатхона қад кўтарган (дала белгиси: ДТ-25). Миль. 3-аср охири – 4-аср бошларида Кушон подшолиги эфталийлар томонидан забт этилгандан кейин Далварзинтепа вайрон қилиниб, ҳаёт фақат унинг бир қисмидагина сақланиб келган. Араблар истилосидан сўнг шаҳар батамом вайрон килиниб, ҳаёт Далварзинтепадан 10 км чамаси шарққа, Будрачтепа ўрнига кўчган. 1989 йил Далварзинтепани ўрганишда янги босқич бўлди – Ўзбекистан санъатшунослик экспедицияси билан Япониянинг Токиодаги Сока университети ва Кашиҳарадаги Археология институтининг проф. Кюдзо Като раҳбарлигидаги экспедицияси қамкорликда иш олиб боришди. Марказий Осиё буддавийлик тарихини ўрганиш, буддавийлик персонажлари иконографияси, шаҳарсозлик жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ва қонуниятлари, давлатчиликнинг шаклланиши, Буюк ипак йўли излари, Кушонлар давридаги диний эътиқодларнинг ўзаро таъсири ва улар Бақтрия-Тоҳаристон санъатида акс эттирилиши япон ва ўзбек олимлари олдидаги энг долзарб илмий муаммолар қаторида туради.