Мавлоно Зоҳид зиёратгоҳи

Мавлоно Зоҳид  зиёратгоҳи

Мавлоно Муҳаммад Зоҳид зиёратгоҳи Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Кичик Вахшувор қишлоғида жойлашган.

Мавлоно Муҳаммад Зоҳид зиёратгоҳи Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Кичик Вахшувор қишлоғида жойлашган. Хожа Муҳаммад Зоҳид XV-XVI асрларда яшаган улуғ аждодларимиздан биридир. Ул зот нақшбандия тариқатининг “Олтин силсила”сида йигирманчи пир сифатида тилга олинади. У озғин вужудли, ранги оқ, соқоли сийрак эди. Тақво, илм ва варъада замонасининг ягонаси бўлган. Муҳаммад Зоҳид Термиз, Балх, Насаф, Кеш, Бадахшон, Қундуз, Хутталан вилоятларида таниқли эди. Унинг ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшувор қишлоғида яшагани тўғрисида манбаларда аниқ маълумотлар бор ва уларда нақшбандий аллома Яъқуб Чархийнинг невараси, яъни қизининг ўғли экани ёзилган (Кейинги даврдаги айрим замонавий китобларда “Синглисининг ўғли” деб кўрсатилмоқда). “Равзат ул-ислом” китоби муаллифи Шайх Шарафиддиннинг ёзишича, Муҳаммад Зоҳид Хожа Яъқуб Чархийнинг Ҳисор вилоятидаги айрим халифаларидан тариқат таълимини олади. Тунларни бедор ўтказиб, зуҳд ва риёзат чекар эди. Шу сабабли ҳам у “Зоҳид” деган исмига мувофиқ бўлган. Ўша даврларда тариқат аҳлининг йирик намояндаси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (1404-1490) Мовароуннаҳрда нақшбандийлар раҳнамоси эди. Уни Ҳисор вилоятида ҳам яхши билишарди. Мавлоно қалбида Хожа Аҳрор суҳбатига иштиёқ пайдо бўлади ва унинг хизматига йўл олади. Мавлоно Муҳаммад Зоҳид ҳаёти давомида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан Самарқанд яқинида фақат бир мартагина кўришади, дейилган. Али Акбар Ҳусайнийнинг айтишича, бир неча кундан сўнг иршодга рухсат олиб, ўз юртига қайтади ва муридлар тарбиялайди. Шу суҳбат асносида нақшбандия силсиласида унинг ҳалқасига туташган янги бир бардавом тармоқ пайдо бўлади. Бу ҳақда Махдуми Аъзам Аҳмад Косоний: “Хожа Aҳpoр Валийнинг иккинчи халифаси Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий эди” деб ёзади. Садриддин Салим Бухорий келтирган маълумотга кўра, Муҳаммад Зоҳид ўз пири муршиди Хожа Аҳрорнинг қуйидаги ўгитларига бир умр амал қилади: “Аллоҳ таолонинг ҳаққини сақлагил, то Ҳақ таоло сени ўз ҳифзу ҳимоятида сақлагай. Ва осонлиқ ва хурсандлик вақтида ўзингни Аллоҳ таолога ошно қил, то қаттиқлик ва душворлик чоғида сенга дастгирлик қилгай ва ҳар вақтки, бир ҳожатинг тушса, Аллоҳ таоло даргоҳида йиғлагил ва ёримандлик (ёрдам)ни Андин ўзгадин тилама ва яқин билгилки, агар ҳамма халқ хоҳласаларки, бирор манфаатда санга тақдир бўлмабдур, санга еткурамен, десалар, еткуролмаслар. Ва агар хоҳласаларким бир зарарга кўра пешонангга битилмабдур, санга ёпуштирсалар, ёпуштира олмаслар. Сўзларнинг яхшироғи зикрдур ва ишларнинг яхшироғи намоздур. Хислатларнинг яхшироғи ҳилм (юмшоқлик, хушфеъллик)”. Солик (тариқат йўлига кирган киши)га тўрт нарса керакдур: 1. Илмдурки, риёзатга солур, то ани тўғри ва мулойим қилур. 2. Зикрдурки, анга мунис ва ҳамдам бўлур, то ёлғизликда қўрқмас. 3. Парҳезкорликдурки, ани тўхтотқувчидур, то ҳар ношойистага қарамагай. 4. Яқиндурки, анга маркаб ва суворадур, то ҳамроҳлардин кейин қолмагай. Дунёнинг роҳати уч нарсадур: Ҳазрат Ҳақ таоло тоати, Қуръон тиловати ва биродарлар зиёрати. Дарвеш улдурки, биродарингнинг нарсасига тама қилмасанг. Вақтеки, санга бирор нарса келтурсалар, йўқ деб ман қилмасанг. Олганингни емай-ичмай жам қилмасанг (яъни бошқа эҳтиёжмандларга берсанг). Донишманд андоғ кишидурки, агар ҳамма аҳли олам анинг хусуматиға турсалар (яъни унга душманчилик қилсалар), анинг ҳеч кимга хусумати (душманчилиги) бўлмағай. Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий кўплаб муридларни тарбиялаган бўлса-да, улардан Дарвеш Муҳаммад номигина маълум ва машҳур. У ҳақида жуда кам маълумот сақланиб қолган. Муҳаммад Зоҳид 936/1529 йил вафот этган . 2018-2019 йилларда Вахшувор қишлоғида Муҳаммад Зоҳид мақбараси қайта тикланди, у ерда ошхона барпо этилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Эндиликда Хожа Муҳаммад Зоҳид мақбараси обод зиёратгоҳга айлантирилган. Кўркам ва файзли гўшадан маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳлар қадами узилмайди.

Галерея