Сополлитепа ёдгорлиги

Сополлитепа ёдгорлиги

Сополлитепа ёдгорлиги Cурхондарё вилояти Музработ туманида, Уланбулоқсой этакларида жойлашган. Бронза даврига (мил. ав. XVII-XV асрлар) оид. Ёдгорликнинг марказий қисмида жойлашган қалъа тўлиқ очиб ўрганилган. У квадрат шаклида бўлиб, томонлари 82х82 м.

Сурхондарё вилояти Музработ туманида, Уланбулоқсой этакларида жойлашган. А.Асқаров томонидан ўрганилган . Бронза даврига (мил. ав. XVII-XV асрлар) оид. Ёдгорликнинг марказий қисмида жойлашган қалъа тўлиқ очиб ўрганилган. У квадрат шаклида бўлиб, томонлари 82х82 мга тенг. Қалъа уч қатор мудофаа девори билан ўралган. Деворлар лабиринт системасида қурилган бўлиб, Т шаклидаги кўринишга эга. Бу мудофаа девори шу қадар геометрик шакл ва аниқликда қурилганки, ташқи душман қалъа дарвозасини топиши ҳам мушкул бўлган. Қальанинг ҳақиқий дарвозаси жануб томонда бўлиб, Т шаклидаги буржлар – деворлар ёрдамида яна худди шундай 7 та сохта дарвоза барпо қилинган. Жанг вақтида ҳақиқий эшикни тополмаган душман сохта эшиклар орқали лабиринт системасида қурилган қальа деворлари орасига тушиб қолган ва қалъа мудофаачилари томонидан осон қўлга туширилган. Сополлитепа қалъа деворлари 2 м баландликкача сақланиб қолган, хом ғиштдан терилган. Қалъа ичида йирик патриархал оилалардан иборат 8 та маҳалла жойлашган. Маҳаллалар бир-биридан йўл ва ҳовлилар билан ажратилган. Умуман, Сополлитепа қалъасида меҳмонхона, омборхона, ошхона, ётоқхонадан иборат 146 та катта ва кичик хоналар мажмуаси очилган. Деворлари 46х24х13 см, 42х22х12 см ўлчамдаги хом ғиштдан терилган. Уйлар деворга ўрнатилган ўчоқлар билан иситилган. Сополлитепада учта қурилиш даври бўлганлиги кузатилган. Ҳар бир қурилиш даврида у ёки бу хоналар ўзгартирилган, янги хоналар қурилган. Лекин 8 та маҳалла барча қурилиш даврида ўзгармай қолаверган. Сополлитепа қабрлари. Сополлитепада жами 138 та қабр очилган, мурдалар хона поллари, деворлари, йўл тагларига кўмилган. 125 та қабрда биттадан скелет топилган, 13 та қабр эса коллектив қабр ҳисобланади. 4 та қабрда ҳайвон суяклари учраган. 6 та қабр кенотаф (майитсиз кўмилган) қабр ҳисобланади. Аёллар чап, эркаклар ўнг биқини билан, ғужанак ҳолда кўмилган. 29 та қабрда бронзадан ясалган идиш ва тақинчоқлар учраган. Шундан 23 таси аёллар, 6 таси эркаклар қабрига тўғри келади. Аёллар қабрида кўпроқ қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган тақинчоқлар, соч тўғнағичлар, ойна, сурмадон ва ўсмадонлар учрайди. Тақинчоқлардан ташқари, аёллар меҳнати билан боғлиқ қуроллар – игна, урчуқлар кўплаб учрайди. Эркаклар қабрида эса кўпроқ пичоқ, теша, болта ва жанг қуроллари – найза, камон, ханжар кабилар учрайди. Сополлитепа қабрларида, шахсий буюмлардан ташқари, кўмиш маросимида олиб келинган буюмлар ҳам топилади. Булар жумласига ҳар хил овқатлар солинган сопол, бронза ва ёғочдан ясалган идишлар, муҳрлар киради. Юқорида эслаб ўтганимиздек, 4 та қабрда ҳайвон – эчки ва қўй скелетига дуч келинган. Бу қабрларда ҳам, худди одам қабрларидек, бой ашёлар учраган.Олтита қабр эса кенотаф (скелетсиз) қабрга оид. Кенотаф қабрларда ҳам сопол ва бронза идишлар учрайди. Сополлитепа қабрлари катакомба (лаҳад), болалар қабрлари эса оддий ўра кўринишида қазилган. Катакомба қабрлар аввал тўғри тўртбурчак шаклида қазилган, сўнг лаҳад қазилган. Top лаҳад ғишт билан ёпилган. Айрим ҳолларда одамларни хумларга солиб кўмиш одати ҳам бўлган. Ўликни уйларнинг поли, девори ёки эшиги тагига кўмиш одати Ўрта Осиёда энеолит давридан маълум. Бу одат Жанубий Туркманистон ҳудудида жойлашган, энеолит даврига оид Қорадепе , Геоксур ўлкасида кўплаб учрайди . Сополлитепа ёдгорлиги билан бир вақтга оид бўлган, Шимолий Афғонистонда жойлашган Даштли ёдгорлигида ҳам ўликни уйларнинг поли ёки деворлари тагига кўмиш одат бўлган . Бу одат нафақат Ўрта Осиё, балки Эрон, Ҳиндистон ҳудудларига ҳам тааллуқлидир. Сополлитепани ўрганиш мобайнида бронза даврига оид минглаб моддий маданият намуналари қўлга киритилди. Бу манбалар асосида қадим тарихимизни мумкин қадар аниқ тиклаш имкониятига эга бўлдик. Сополлитепа меъморчилиги қадимги Шарқ маданиятида қайтарилмас, бебаҳо манба ҳисобланса, ундан топилган нафис кулолчилик ашёлари, бронзадан ясалган, санъат асари даражасида ишланган тақинчоқлар, хўжалик идишлари ўша давр моддий маданиятини тавсифлашга имкон берди. Кулолчилик. Сополлитепада ўрганилган хумдонлар икки ярусли бўлиб, пасти оловхона, усти эса сопол пишириладиган гумбазсимон мажмуадан иборат. Гумбазсимон сополхонага иссиклик тор мўрилар орқали ўтган. Олов тегмай, фақат хилда пишган сополлар сифатли бўлган. Сополлар кулолчилик чархларида тайёрланган. Идишлар ташқи тарафидан оч сариқ, қизил ангоб билан бўялган. Сопол идишлар шаклига қараб кўза, коса, чойнак, қадаҳ, ваза, хум каби турларга бўлинади. Сополлитепа сополлари мажмуаси, шаклига қараб, 14 типга бўлинган. Тошдан ясалган идишлар. Сополлитепадан тошдан ясалган 9 дона идиш топилган. Улар оқ ва гулоби рангли бўлиб, мармар ҳамда юмшоқ жинсли тошлардан ясалган. Улар коса ва кўза шаклида ишланган. Барча тош идишлар қабрлардан топилган, жуда кичик ва бежирим ишланган. Мис ва бронзадан ишланган идишлар. Металлдан ишланган идишларнинг умумий сони 29 та. Улар хўжалик идишлари (коса, жўмракли коса, кўза) ҳамда аёллар ишлатадиган ўсмадон ва сурмадонлардан иборат. Бундан ташқари, Сополлитепадан ёғоч, тери ва ҳайвон шохларидан ясалган идишлар ҳам топилган. Меҳиат ва жанг қуроллари. Қуроллар асосан тошдан ясалган. Сополлитепадан топилган барг шаклида ишланган 57 та пайконнинг 55 таси чақмоқтошдан, иккитаси эса бронза ва суякдан ясалганлиги тоштарошликнинг ривожини кўрсатади. Тегирмон, кели, кели соплари каби қуроллар ҳам тошдан ясалган. 10 дона пичоқ, 3 дона болта, 2 дона теша каби топилмалар бронза даври меҳнат ва жанг қуролларини ўрганишда манба бўлиб хизмат қилади. Тақинчоқлар. Сополлитепани қазиш давомида бронзадан ишланган 12 та ойна топилган, улар доира шаклида, айримлари эса балдоқли. Худди шунча сурмадон ҳам топилган, улар шакл жиҳатидан графинни эслатади, аммо жуда кичик ва нозикишланган. Асосан аёллар қабрида учрайдиган мунчоқлар ложувард (кўк), сердолик (оч-қизил рангли), олачипор ақиқ ва оникс, феруза (яшил) каби қимматбаҳо тошлардан ясалган. Улар айлана, ромб, чўзинчоқ шаклларда бўлиб, ип ўтказилиб шода қилиб, бўйинга ва қўлга тақилган. Бронза даври аёллари мунчоқлар қатори қўлларига бронзадан ясалган балдоқлар ҳам тақишган.Сополлитепадан айлана шаклидаги 34 та балдоқ топилган. Балдоқларнинг айримларига симметрик жойлашган ҳайвон – илон тасвири туширилган. Сополлитепа аёллари кўпроқ айлана шаклидаги сирға тақишни хуш кўришган, бу фикрни Сополлитепадан топилган 22 та айлана шаклдаги сирғалар исботлайди. Улар бронза ва кумушдан ясалган. Сополлитепа аёллари сочларини узун қилиб ўриб, турмаклаб қўйганлар. Сополлитепадан, яъни аёллар қабрларидан топилган 29 та соч тўғнағич бунинг далилидир. Тўғнағичлар узун мих шаклида бўлиб, узунлиги 10 см дан 25 см гача боради. Уларнинг учлари ўткир, бош қисмида ҳар хил ҳайвонларнинг тасвири туширилган (кийик, буғу, илон ва бошқ.). Битта тўғнағич боши инсоннинг букилган мушти шаклида ишланган. Муҳрлар. Сополлитепани ўрганиш давомида топилган 22 та муҳрдан 14 таси бронзадан, 7 таси тошдан ва 1 таси сополдан ясалган. Сополлитепа муҳрларининг айримларига қанотларини ёйиб турган бургут, айримларига гул туширилган. Кўпроқ геометрик шакл туширилган муҳрлар характерлидир. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, Сополлитепа мил. ав. XVII-XV асрларга оид. Сурхондарё вилояти ҳудудида ундан қадимги деҳқончилик маданияти ёдгорликлари ҳозирги кунгача аниқланмаган. Шунинг учун академик А.Асқаров Сополлитепанинг пайдо бўлишини Жанубий Туркманистонда яшаган бир гуруҳ аҳолининг кўчиб келиши билан боғлайди. Ҳақиқатда ҳам, Сополлитепадан топилган ашёвий манбалар Мурғоб воҳаси бронза даври ёдгорликларига жуда ўхшаш . 200 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида Сополлитепа аҳолиси битта жойда турғун ҳаёт кечирган. Сополлитепа жамоалар тараққиётининг қишлоқ жамоаси босқичига тўғри келади. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, уч қатор мудофаа девори билан ўралган бу ёдгорлик ичида саккизта маҳалла – патриархал оилалар жойлашган. Патриархал оилаларнинг биронтаси ҳукмдор оила бўлганлиги тўғрисида археологик манба йўқ. Ёдгорликнинг симметрик плани ҳам оилаларнинг тенг ҳуқуқли бўлганлигини тасдиқлайди. Қабрлар ва улардан топилган ашёлар сонининг статистик таҳлили Сополлитепа аҳолиси тенг ҳуқуқли бўлганлигидан далолат беради. Демак, бу ёдгорлик саккизта патриархал оиладан иборат бўлган қишлоқ жамоасидир. Сополлитепа аҳолиси ишлаб чиқариш кучларини, яъни ҳунармандчиликнинг барча турларини (кулолчилик, нафис санъат), уй қурилиши, ҳарбий қуроллар, деҳқончиликни имкониятлари борича ривожлантиришган. Бизнингча, жамоани янада ривожлантиришнинг учта йўли қолган:қўшни халқларни босиб олиб, талаш;ташқи савдони ривожлантириш; жамоа ҳудудини кенгайтириш.Сополлитепа аҳолиси учинчи йўлни танлаган. А.Асқаров Сополлитепанинг инқирози масаласини аҳолининг янги жойга, айнан Жарқўтон ҳудудига кўчиши билан боғлайди.

Галерея